МАСЖИД ОДОБЛАРИ
26 июн 2020 й.
1301 марта ўқилди.
МАСЖИД ОДОБЛАРИ
Масжидлар ер парчасининг энг яхши жойи, жаннат остонасидир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Аллоҳ таолога маконларнинг яхшиси масжидлар, ёмонроғи бозорлардир”, дедилар (Имом Муслим ривоят қилган).
.Масжид – Аллоҳнинг уйи. Унинг деворлари ва устунлари, Аллоҳ номи билан қурилган. Унда ибодат қилинади, Аллоҳ улуғланади, мақталади. Шунинг учун ҳам шариатимизда масжидни “Байтуллоҳ” яъни, Аллоҳнинг уйи деб айтилади. Шу нуқтаи назардан масжидларнинг бошқа иншоотларга нисбатан ўзига хос ҳурмати бор. Қуйидаги амаллар масжид ҳурмати учун қилинадиган одоблар саналади:
Зийнатланмоқ - Масжидга боришни қасд қилган киши, намоз учун имкони борича безаниши лозим яъни, тоза кийим кийиши, хушбўйланиши ва мисвок тутиши мақсадга мувофиқдир. Аллоҳ таоло: “Эй, Одам авлоди! Ҳар бир масжид (намоз) олдидан зийнатларингиз (пок кийимларингиз)ни (кийиб) олингиз!”. (Аъроф сураси, 31-оят).
Масжидга тоза, хушбўй ифор билан кирган киши иззат-икромда бўлади. Шундай экан, намозхон кийим-кечагида ва емак-ичмагида ёқимсиз ҳидлардан узоқ бўлиши, бадани ёки кийимидан келадиган ҳар қандай ёмон ҳидлар билан намозхонларга озор бермаслиги зарур. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким пиёз, саримсоқ ва (кўк пиёз каби) ўсимликлардан истеъмол қилган бўлса, бас, масжидимизга яқинлашмасин! Чунки фаришталар одам фарзанди озор чекадиган нарсалардан озорланади”, - дедилар. (Имом Муслим ривояти).
Оҳиста юрмоқ - Намозга келаётган мусулмон шошмасдан сокинлик ва виқор билан юриши керак, ҳатто намозга иқомат такбири айтилса ҳам шошмаслиги даркор, балки қадамини қисқа қилиб майдалаштириши лозим. Чунки китобларда, масжид сари кўп қадам босган киши учун буюк ажр-савоблар борлиги зикр қилинади. Масжидга кирган киши имомни ўтирган ёки сажда ҳолатда топса, намозга қўшилмасдан имомни тик туришини кутиб турмасдан, балки имом қайси ҳолатда бўлса ҳам, яъни қиёмдами, рукудами, саждадами ёки жалсадами, фарқи йўқ, қулоқ қоқиб намозга қўшилиб имомга эргашмоғи лозим. Абдуллоҳ ибн Мағфал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Имомни сажда қилган ҳолатида топсангиз, сажда қилинг, ёки рукуъ қилган ҳолатда топсангиз, рукуъ қилинг, ёки қоим (тик турган) ҳолатда топсангиз, қоим бўлинг! Агар рукуъга улгурмасангиз саждани (бир ракъат) ҳисобламанг!” - деганлар. (Имом Термизий ривояти).
Масжидга ўнг қадам билан кириб, чап қадам билан чиқмоқлик - Масжидга кираётган киши ўнг оёғи билан кириб:
“Аъузу биллаҳил азийми ва биважҳиҳил карийми ва султониҳил қодийми минаш шайтонир рожийм” (маъноси: Буюк Аллоҳдан карим юзи ва қадим салтанати ила тошбўрон қилиб қувилган шайтондан паноҳ сўрайман), дейди ва Набий алайҳиссаломга саловот айтади ҳамда: “Аллоҳуммафтаҳ лий абвааба роҳматик” (Аллоҳим! Менга раҳматинг эшикларини оч!), - дейди.
Масжиддан чиқаётганда чап оёғи билан чиқади ва Набий алайҳиссаломга саловот айтади ҳамда: “Аллоҳумма иъсимний минаш шайтон”(Аллоҳим! Мени шайтондан асра!) ёки “Аллоҳумма ажирни минаш шайтонир рожим. Аллоҳуммафтаҳ лий абвааба фазлик!” (Аллоҳим! Мени тошбўрон қилиб қувилган шайтондан йироқ қил. Аллоҳим! Менга фазлинг эшикларини оч!), - дейди.
Йўлакларни тўсиб қўймаслик - Имкон даражасида намозхон масжид эшиклари ва кириш йўлларида намоз ўқимаслиги керак, чунки намозхонларни киришига халақит бериб, киришга тўсқинлик қилиши мумкин, (намоздан сўнг чиқишда ҳам шундай), балки олдинги сафга интилиш керак. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“(Аввал) олдинги сафни тўлдиринг сўнг кейингисини, агар қисилиб (сиғмай) қолса, орқа сафга ўтсин!”. (Абу Довуд ва Насаий ривояти).
Намозхонларга озор бермаслик - Масжидни қасд қилган киши одамларнинг зич бўлиб турган сафларини оралаб ўтиб, уларга озор бермаслиги лозимдир. Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жума куни хутба қилиб турганларида бир киши одамлар сафларини оралаб ўтиб келабошлади, шунда Набий алайҳиссалом унга: “Ўтир! Бас, озор бердингку!”, - дедилар. (Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).
“Ким масжидда ўтирса, бас, албатта, Раббиси билан ўтирибди. Унинг яхши гапдан ўзгасини айтмоққа ҳаққи йўқдир”, - деган эканлар.
Сафни тўлдирмоқ - Олдинги саф тўлмай туриб, янги саф тортилмайди, балки, аввалги сафни тўлдириш суннатдир. Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Фаришталар Раббилари ҳузурида саф тортганларидек саф тортмайсизларми?!” Биз: Ё Расулуллоҳ! Фаришталар Рабби ҳузурида қандай саф тортишади? – дедик, Расулуллоҳ: “Аввалги сафларни тўлдирадилар ва сафда жипслашадилар”, - дедилар. “Сафни тўғри олинг, елкаларни баробар қилинг, бўш жойларни тўлдиринг ва шайтонга бўшлиқ қолдирманг!”. (Имом Муслим ривояти).
Масжидда жимлик сақламоқ - Масжидда шивирлашиш, тартибсизлик (шу жумладан шовқин қилиш ҳам) қилишдан қайтарилган. Ҳозирги кунда, айрим намозхонлар масжидга киришдан олдин, телефонларини товушсиз ёки умуман ўчириб қўймасликлари натижасида, намозхонларнинг ибодатларига халақит беришмоқда. Намозхонларга озор берадиган ўткир оҳанглар ва мусиқий товушлар намоздаги хушуъ ва хузуни бузмоқда. Шуни унутмаслик лозимки, мусулмонга ибодат қилаётган пайтда озор бериш янада оғирроқ гуноҳ ҳисобланади. Раббисидан қўрқадиган ва масжидларни улуғлайдиган ҳар бир мусулмон масжидга киришдан олдин, телефонини ўчириб қўймоғи лозимдир.
Масжид одобларига қатъий риоя қилиш, ҳар бир намозхоннинг вазифасидир. Зеро, масжидда намоз ўқиш, зикр ва ибодат қилишга ташна бўлиш ҳам масжидни обод қилиш эканини, унутмаслик лозим.
Бухоро шаҳар “Волидаи Абдулазизхон” жомеъ
масжид имом - хатиби Қудратов Зариф
«орқага














