Мазҳаб аҳамияти
08 июл 2020 й.
1136 марта ўқилди.
Мазҳаб аҳамияти
“Мазҳаб” сўзи арабча сўз бўлиб “йўл”, “йўналиш” деган маъноларни билдиради. Шаръий истилоҳда эса “бирор диний масала, муаммо бўйича муайян мужтаҳид олимнинг фатво чиқариш йўлидир”. Саодат асрида бирор масалага ечим топиш зарур бўлса, саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилишган. Набий алайҳиссаломдан сўнг мусулмонлар, катта саҳобаларга юзланганлар. Улардан сўнг тобеъин ва табаъ-тобеъинлар даврида мужтаҳид даражасига етган олимларнинг, Қуръон ва суннат асосидаги мазҳаб (фатво йўли)лари вужудга келди. Булар орасидан фақатгина тўрт мазҳаб - Ҳанафий, Шофеъий, Моликий, Ҳанбалий олдинги юзага келган мазҳабларнинг таълимотларини ўз ичига қамраб олиб, аҳли сунна вал жамоада ўз шуҳратини топди. Бу тўрт мазҳабнинг тўғрилиги ва ҳақ эканлигига барча мусулмон уммати иттифоқ қилишган. Бизнинг диёрларимизда асрлар давомида ҳанафий мазҳабига амал қилиб келинмоқда, шу сабабли барча шаръий илмларни мукаммал ўзлаштира олмаганимиз сабаб, бир мазҳабга таяниб унга эргашмоқлик вожиб бўлади.
Афсуски, баъзи ҳозирги ёшлар орасида шаръий илмларни мукаммал билмаслик оқибатида, бошқаларга тақлид қилиб ёки кимларнингдир гап-сўзларига учиб, ҳанафий мазҳабида келган далилларга гумон билан қараб, инкор қилишгача боришди. Айни мана шундай масалалардан, қўлларни киндик остига боғлашдаги келган далилларни рад қилиб, жамият орасида турли хил ихтилофларни келтириб чиқармоқдалар. Гўёки бу масалада ҳанафий мазҳабда келган ҳужжатларни шубҳа ва гумон остига олиб, бошқаларнинг ҳам кўнгилларига ғулғула солдилар. Аслида ҳам шундайми? Ҳанафий мазҳаби олимлари бу борада ўз асарларида ,“Ал-ҳидоя”, “Канзу-дақоиқ”, “Табйинул-ҳақоиқ”, “Ал-баҳрур-роиқ”, “Фатҳул-қадр”, “Мабсут” китобларида ишончли далиллар келтирганлар. Ҳаттоки, кўзга кўринган тобеъинлардан Суфён Саврий, ибн Роҳавайҳ, шофеъийлардан Абу Исҳоқ Марвазий каби олимлар буни қувватлашган.
Жумладан, ҳанафий мазҳаби олимларидан Покистонлик Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Ал-Баҳлавийнинг “Адиллатул Ҳанафия” (ҳанафийларнинг далиллари) асарида бу борадаги бир неча саҳиҳ (ишончли) ҳадисларни келтирадилар:
Биринчи ҳадис:
Алқама ибн Воил Ибн Ҳажар ўз отасидан ривоят қилинган ҳадисда: “Набий алайҳиссаломни намозда қўлларини ўнгини чапи устига қўйиб, киндик остига боғлаганларини кўрдим”,- дейдилар. Ибн Абу Шайба ривоят қилган. Санади саҳиҳ ҳадис. Ҳофиз Қосим ибн Қутлубуға “Фи тахрижи аҳадисил ихтиёр шарҳил мухтор” асарида, бу ҳадиснинг санади жуда яхши дейдилар. Аллома Муҳаммад Абу Тоййиб Ал-Маданий Сунани Термизийнинг шарҳида: “Санад жиҳатидан бу кучли ҳадис”, деб марҳамат қиладилар. Шайх Обид Ас-сандий эса “Таволиъул-анвор”да ровийларнинг ишончли эканлигини айтишади.
Иккинчи ҳадис:
Ҳажжож ибн Ҳассон раҳматуллоҳи алайҳ, тобеъинлардан Абу Мужлиз раҳимаҳуллоҳдан сўрадим, “Намозда қўлимни қандай қўяман?”. Айтдилар: “Ўнг кафтингни ичкари қисмини чап кафтингнинг устки томонига қилиб, киндигингни остига боғлайсан”,- дедилар. Санади саҳиҳ ҳадис. Абу Бакр ибн Абу Шайба “Мусаннаф” номли китобларида ривоят қилган.
Учинчи ҳадис:
Иброҳим Нахаъий тобеъинлардан айтадилар: “Намозда қўлини ўнгини чапини устига қўйиб, киндик остига боғлайди”. Санади ҳасан. (Абу Шайба ривояти.) Абу Ҳанифанинг сўзларига кўра: “Катта тобеъиннинг фатвоси саҳобалар замонида зоҳир бўлган бўлса, унинг сўзи ишончли ҳужжатдир”, - дейдилар.
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Ўнг кафтни чап кафт устига қўйиб, киндик остига боғлашлик суннат амалдир”, - дедилар. Бу ҳадисни Имом Аҳмад, Абу Довуд, Ибн Абу Шайба, Дорулқутний, Байҳақийлар ривоят қилганлар. Бу ҳадисни баъзилар заиф деган бўлсаларда, усул қоидасига кўра, амалда фазилат саналган ишларда заиф ҳадиснинг ўзи ҳам кифоя қилади.
Мўътабар саҳиҳ китобларда, ўнг қўлни чап қўл устига боғлашдаги далиллар келтирилган, аммо қайси ўринда боғлашликка қатъий далил келмаганлиги боис, уламолар ихтилоф қилганлар. Шу сабаб ҳар бир мазҳаб соҳиблари бу ўринда ўз далилларини келтириб, Шофеъий мазҳаби юрак устида, Ҳанбалий мазҳабида кўкрак устида, Моликий мазҳабида қўллар икки ёнга туширилган бўлса, Ҳанафий мазҳабига кўра, қўллар киндик остида тутилади ҳамда кичик (жимжималоқ) ва бош бармоғи билан бўғимни боғлаб, қолган учта бармоғини билагининг устига қўяди.
Ҳанафий уламоларнинг намозда қўлини боғлаб, киндик остига қўйиш ҳақидаги келган ривоятларни қабул қилганликларини қуйидагича тушунтирадилар: “Катта кишиларинг олдида шу одоб билан турилади, намозда эса, Аллоҳнинг ҳузурида турамиз. Бу ерда тавозуъ (камтарлик)нинг кўриниши бор. Модомики, банданинг олдида шундоқ турилгандан кейин, Аллоҳнинг ҳузурида одоб билан туриш янада матлуброқдир”, - дейдилар.
Мазҳаблар - гўёки бир дарёдан оқиб келаётган тўрт анҳорга ўхшайди. Уларнинг ҳар бирлари, ўз ижтиҳодлари билан Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган шариъатдан ҳукмлар олишган. Уларнинг бир масалада қарашлари турличалиги, уларнинг келиша олмасликларидан эмас. Ваҳоланки, бу билан шариатнинг барча жабҳасини қамраб олган. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ Мадинада туриб, ўз мазҳабларини шакллантиришда намозда қўлларини икки ёнга тушириб ўқишлик далилини қувватлаган. Бу Имом Моликнинг бундан бошқа далиллари бўлмаган, дегани эмас. Бир йигит Аллома Кавсарийнинг олдига келиб: “Бўлди, мен Моликиядан чиқдим, кўлларни икки ёнга тушириб ўқимайман. Мана ишончли ҳадислар бор экан” деганда. Аллома Кавсарий ҳалиги йигитга қараб: “Эй йигит, сен ўқиб билган ҳадисни Имом Молик ўқиб билмаганми?!”,- деган эканлар.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек: “Умматимнинг бир масалада ўзаро ихтилофи раҳмат”, - деб таъкидлайдилар. Ана энди тўрт мазҳабнинг намозда тўрт ҳолатни қабул қилганлари, дунё бўйича Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча суннатларига амал қилиниб келинаётганлигига далолат қилади. Худди шундай бошқа масалаларда ҳам тўрт мазҳаб Набий алайҳиссаломнинг барча суннатларини қамраб олган. Агар ҳозир бир суннатни қабул қилиб, бошқасини рад қиладиган бўлса, тарки суннат бўлиб, банда гуноҳкор бўлади. Бир мазҳабнинг, ўз вақтида ушбу суннатни бажаришлари бошқаларини бўйнидан соқит қилади. Бундан мазҳабнинг нечоғлик аҳамиятли эканлиги кўринади.
Когон туман “Саййид Амир Кулол” жомеъ-масжид
имом-хатиби Жалолиддан Сабуров
«орқага