Меҳр-мурувватли бўлиш ҳақида
19 май 2020 й.
1115 марта ўқилди.

 
Меҳр-мурувватли бўлиш ҳақида

Аллоҳ таоло Тавба сурасининг 128-оятида Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида: «Барча мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган бир пайғамбар», - деди.
Фатҳ сураси 29-оятида мўминлар ҳақида: «Ўзаро бир-бирларига раҳм-шафқатлидирлар», - деди.
Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Одамларга раҳм қилмайдиган кишига Аллоҳ раҳм қилмайди». (Имом Бухорий ривояти).
Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир қизлари ўғли жон таслим қилаётганини айтиб, етиб келишларини сўраб у зот ҳузурларига одам юборди. У зот салом йўлладилар ва «Албатта, олгани ҳам, бергани ҳам Аллоҳнинг Ўзиники. Ҳар бир жон Унинг ҳузурида маълум муҳлат билан (белгиланган)дир. Сабр қилгин, Унинг ҳузуридаги ажру савобни умид этгин» - деб айтиб юбордилар. Қизлари қасам билан: «Албатта келсинлар» - деб айтиб юборди. Шундан сўнг у зот қўзғалдилар, Саъд ибн Убода, Муоз ибн Жабал, Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит ва бошқа кишилар ҳамроҳ бўлишди. Болани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўлларига берилди, у жон таслим қилиш ҳолатида эди. Шунда у зотнинг кўзларидан ёш қуйилди. Саъд: «Ё Расулуллоҳ, бу нимаси?» - деган эди, «Бу Аллоҳ таоло бандаларининг қалбига ўрнатган раҳм-шафқатдир. Аллоҳ бандалари ичидан фақат раҳмдил кишиларгагина раҳм қилади», - дедилар. (Муттафақун алайҳ).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Абулқосим соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитганман: «Раҳм-шафқат фақат бадбахт одамдан олиб қўйилади». (Имом Термизий ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир киши йўлда бораркан, қаттиқ ташна бўлди. Бир қудуқ топиб, унга тушди ва сувидан ичиб чиқди. Қараса, бир ит ташналикдан тилини осилтириб, тупроқ ялаб турибди. У: «Бу итга ҳам худди менга етгандек ташналик етибди» - деди-да, қудуққа тушиб, маҳсисини тўлдириб сув олиб, уни тишлаганича тепага кўтарилди ва итни суғорди. Аллоҳ унинг бу ишидан мамнун бўлиб, гуноҳларини мағфират қилди», - дедилар. Саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, бизга ҳайвонларга қилган яхшилигимизда ҳам ажр бўладими?» - деб сўрадилар. «Ҳар бир қуримаган жигарда (яъни тирик жонда) ажр бор», - дедилар. (Муттафақун алайҳ).
Мусулмонларнинг динлари раҳм-шафқат устига қурилган. Парвардигорлари уларга меҳрибондир, пайғамбарлари уларга меҳрибондир, Аллоҳ таоло уларни ўзаро бир-бирларига раҳм-шафқатли деб сифатлаган. Раҳмдиллилик Аллоҳ таоло яхши кўрадиган мақтовли хулқлардан бўлиб, У зот Ўзининг Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васаллам тиллари орқали бандалари ичидан фақат раҳмли кишиларга раҳм қилишини хабар берган.


ЎМИ Бухоро вилоят вакиллиги 

Матбуот хизмати 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:40
Куёш: 05:25
Пешин: 13:10
Аср: 18:15
Шом: 19:55
Хуфтон: 21:30
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram