Меҳр-оқибат мўминга хос фазилат
19 сентябр 2018 й.
2077 марта ўқилди.
Меҳр-оқибат мўминга хос фазилат
Аллоҳ таолога шукурлар бўлсинки ҳаётимиз кун сайин, соат сайин ўзгариб бораётганлигига барчамиз гувоҳмиз. Ҳақ таолога шукурларким бу каби ижобий ўзгаришликларни кўриб инсоннинг қалби сурурга ва қувончга тўлади.
Албатта, бу каби юксак ўзгаришларнинг негизида доно халқимизнинг неъмат бергувчи зотга нисбатан шукронасининг вақту соатида адо қилинаётганлигидир.
لَئِن شَكَرْتُمْ لأَزِيدَنَّكُمْ وَلَئِن كَفَرْتُمْ إِنَّ عَذَابِي لَشَدِيدٌ
“Агар Аллоҳ томонидан сизларга ато қилинган неъматларга шукр қилсангиз, Аллоҳ бу неъматларни сизларга зиёдаси билан қайтаради. Ва лекин берилган неъматларга куфронаи неъмат, ношукурчилик қилсангиз, албатта ношукурлар учун Аллоҳнинг азоби қаттиқдир”,- деб Аллоҳ каломида марҳамат қилади.
Лекин шу ўринда бу ўзгаришликлар ичида “гуруч курмаксиз бўлмайди” деганларидек, баъзи бир салбий ўзгаришликларга ҳам гувоҳ бўламиз. Баъзида бу каби салбийликни кўриб инсон ҳайратдан ёқа ушлайди. Ушбу кунимизда бу каби ҳолатлар куфрои неъмат турига кириб бораётганлиги айни ҳақиқатдир.
Мана шундай ҳолатларнинг бири бу Аллоҳ томонидан боғланган, расули акрам с.а.в. томонларидан таъкидланган баъзи бир ришталарнинг узулишлигидир. Бу ҳам бўлса, ота-она ва фарзанд, ака-ука, опа-сингил, эр-хотин ва қайнона-келин орасидаги меҳр-оқибат ришталаридир. Яъни, умумийлаштириб айтилганда инсоният орасидан меҳр-оқибат, меҳр-муҳаббат каби Аллоҳ томонидан боғланган ришларнинг кўтарилиб, улар орасида узулишлар содир бўлаётганлигининг гувоҳи бўлиб турибмиз.
Бугун инсоният орасида “меҳр” бор, лекин, бу меҳрни , ота-она ва, ака-ука, опа-сингил, эр-хотин ва қайнона-келин ёки фарзандга нисбат берилмайди.
Бугун инсоният меҳр бериб ардоғида, бағрида қўниб топган нарса унинг молу-дунёси бўлди. Дарҳақиқат,бугун бу иллат илоҳий боғланган ришталарнинг узулишига, илдизига болта урилишлигига сабаб бўлиб, инсон кўзини кўр қилиб, қариндошлар орасидаги меҳр булоғининг ёпилишлигига сабаб бўлди.
Тоҳир Малик айтганларидек агар уйимиздаги ҳайвонларимизга бир азият, кассалик етса ўзининг махсус шифокорини тезда чақирадики у молига зиён етмасин деб. Лекин, бугун меҳрига, муҳаббатига, мурувватига ва тарбиясига муҳтож бўлган фарзанди учун ўзи шифокор бўлган ота меҳрини, тарбияни фарзандидан дариғ тутди. Натижа отага нисбатан меҳри сўнган ҳолда вояга етади. Меҳр берилмаган фарзанддан қандай қилиб меҳр кутиш мумкин?
Агар бугунимиз билан ўтмишимизни тарозу палласига қўйиб таққослайдиган бўлсак, бугун ўтмиш хаёлига келмаган, тасаввурига сиғдира олмайдиган баъзи бир бинолар ва уйларнинг қурилганига гувоҳ бўламиз. Бу ҳам бўлса “Қариялар ва меҳрибонлик” уйларининг дунё юзини кўрганлигини кўрамиз.
Шу ўринда савол туғилади бу каби авваллари бўлмаган ва ҳозирда пайдо бўлган масканларда кимлар яшайди ва ундан кимлар фойдаланади? Минг афсуслар бўлсинким, бу каби масканларда вақтида фарзандига меҳр бера олмаган, меҳр-мурувват ва оқибатни фарзандининг қалбига тўғри етказа олмаган ота-оналар яшайди. Улардан фойдаланадиганлар эса охират ҳаётини, жаннатини дўзахга айлантирган фарзандлардир. Шу билан бирга бу каби масканларга ота-она меҳрига муҳтож, муҳаббату-оқибатга муҳтож жажжигина мурғак қалб соҳиблари мана шундай мерибонлик, етимхоналарда қўним топмоқда.
Узоқ тарихга эга бўлган ўтмишимизда бу каби уйлар йўқ эди. Чунки, ота-онаси, ака-укаси, фарзанди ҳар қанча оғир дардман бўлмасин, ногирон бўлмасин қалбдан чиқадиган меҳр нури ва кўздан чиқадиган муҳаббат зиёси уларни ораларини бирлаштирган Аллоҳ томонидан боғланган бу каби ришталарнинг узулмаслигига сабаб бўлган.
Бугун мана шу каби ришталарнинг йўқлиги, ота-она ўз фарзандини ва фарзандлар ўз ота-оналарини шу каби уйларда паноҳ, қўним топишига сабаб бўлмоқда.
Бугун ота-она вафотидан сўнг бойлик талашиб ака-ука, опа-сингиллик ришталарини, меҳр-оқибат ришталарини узганлар сони қанча? Ёинки фарзандини, ўғлини бахти ўйлаб уни уйлантириб зебу-сарполар деб ўз жигарбандиги бебахт қилган қайноналар қанча? Бугун фарзандининг дийдорига, чеҳрасига муҳтож бўлиб уни кўролмай кафанга ўраган мўътабар оталару, муштипар оналарнинг сони қанча?
Юқоридаги мисолларининг барчасининг негизида, илдизида меҳр-оқибат, меҳр-муҳаббат турибди. Шу сабаб Аллодан сўрайлик унинг ўзи боғлаган ришталар абадул-абад узилмасин, бутун инсоният бир-бирига меҳру-оқибатли бўлсин.
Бухоро шаҳар “Масжиди Баланд” жомеъ
масжиди имом-хатиби М.Саидов
«орқага