Миллий ва диний урф-одатлар.
03 октябр 2019 й.
9228 марта ўқилди.

 

 Миллий ва диний урф-одатлар.

Тарихдан таркиб топган миллий анъана, урф-одат, расм-русум, таомил, маросимларнинг вужудга келиши ва ривожланишига бир қатор омиллар бевосита ва билвосита таъсир кўрсатади. Шундай омиллардан бири турмуш тарзидир. У ёки бу халқнинг азалий анъанасига айланиб қолган ҳар бир маросим миллийлик қобиғидан чиқиб, умуминсоний қадриятга айланади; тили, дини, турмуш тарзи бир-бирига яқин бўлган қўшни халқларни бирлаштиради. Қардош миллатлар орасида бир-бирини боғловчи кўприкларни вужудга келтиради.
Кузатишлар шуни кўрсатадики, барча халқ урф-одатлари, анъана ва маросимлари муайян тарихий даврнинг маҳсули бўлиб, у моддий турмуш шароитининг таъсири натижасида пайдо бўлган; вақт ўтган сари улар тобора мустаҳкамланиб, аждодлардан авлодларга мерос бўлиб ўтиб келган.  Халқнинг "тўй" атамаси билан юритиладиган барча анъаналари, урф-одат ва удумлари шаҳар ва қишлоқ аҳолисининг кундалик турмушига сингиб кетган бўлиб, халқнинг эзгу истаклари ҳамда интилишларини ўзида акс эттиради.
Ўзбекларнинг анъана ва маросимлари жумласига кирган барча маънавиятимиз шаҳобчаларига қараганда бироз консерватив кўринишга эга бўлиб, унинг барча турдаги йўсинлари муқаддас саналган, шу боис уларнинг кишилар томонидан ўзгартирилиши мумкин эмас, деб тушунтирилган . Бу маросимлар асрлар оша аждодлардан авлодларга асосан ўзгармасдан ўтиб келган. Шу жиҳатдан ҳам алоҳида таъкидламоқ жоизки, урф-одат, анъана, маросим ва удумлар узоқ вақт давом этган тарихий тараққиётнинг маҳсулдир. Шунинг учун ҳам ҳар бир халқнинг турмушида унинг ўзига хос белги ва хусусиятлари мавжуд. Лекин бу нарсалар узоқ давр мобайнида вужудга келади, давр ўтган сари уларнинг айримлари турмуш амалиётидан тушиб қолади, уларнинг ўрнига янгилари пайдо бўлиб камол топиб боради. Кишиларнинг моддий ва маънавий эҳтиёжларининг қондирилиши билан уларнинг сафи ва сифати ўсиб ўзгариб боради. 
Шу нарсани алоҳида таъкидламоқ жоизки, жуда кўп вақтлардан буён халқимиз орасида яшаб келаётган урф-одатлар, маросимлар, удумлар ва таомиллар бор. Бу халқимизнинг тўй-тантаналарга ўта учлигидан, қувноқ ҳазил-мутойибаларга ташналигидан ва бундай йиғинлар ўтказишда тадбиркорлигидан далолат беради. Халқимизнинг турмушида "тўй" номи билан юритиладиган анжуманлар ўнлаб-юзлаб топилади. Бу анжуманларнинг барчаси қариндош-уруғлар, таниш-билишлар, яқин қариндошлар, ёру-дўстлар, қўни-қўшнилар, кенг жамоатчилик ҳамкорлигида ўтказилиб келинган ва шундай давом эттирилмоқда. Зеро, халқимиз "Маслаҳатли тўй тарқамас" деб бежиз айтмаган.
Ўзбеклар орасида айрим хушчақчақ, ширин кайфият берадиган ҳодиса воқеаларни ҳам, эл бошига келган оғир мусибатли, рутубатли онларни ҳам "элга келган тўй" деб номлайдилар.Тўй тушунчаси билан одамлар бошига тушган воқеаларни ҳам "тўй" деб атаганлар. Шунингдек, узоқ умр кўриб, улуғ ёшга кирган, эл-юрт орасида катта обрў-эътиборга сазовор бўлган кексалар қазо қилсалар ҳам, бу кишининг "тўй"лари, деб қўйишади. Шулардан ҳам кўриниб турибдики, халқ жуда кўплаб йиғин ва анжуманларларни биргина "тўй" атамаси билан атаб, унинг кенг  жамоатчиликка мансублигини, унда барчанинг қатнашуви зарурлигини билдирганлар .
Ўзбек халқи тарихида жуда кўплаб тўйлар борки, ҳамон уларнинг қандай келиб чиққани, қачон бизнинг удумларимиз орасига киргани, уларнинг нима сабабдан турлича ўтказилиши ҳақида ўйлаб кўрилган эмас. Ана шундай тўйлар қаторига: "Туғиш тўйи", "Бешик тўйи", "Тиш тўйи", "Оёқ тўйи", "Суннат тўйи", "Мўйлов тўйи", "Никоҳ тўйи", "Кумуш тўйи", "Олтин тўйи", "Ҳовли тўйи", "Уй тўйи" сингари тўйларни киритиш мумкин. 
Жумҳуриятимизнинг барча вилоят, туман, шаҳар ва қишлоқларида олиб борилган кўп йиллик илмий тадқиқотлар натижасида тўпланган талай материаллар ҳамда юртимизнинг турли жойларида бўлиб, халқнинг турмуши, урф-одатлари билан қизғиққан олимлар, сайёҳлар, кузатувчилар ва бошқа кишилар ёзиб қолдирган дастхатлари, ёдномалари бизни қизиқтирган маълумотлар у ёки бу фикрни аниқлашимизда ёрдам берди.
"Қариси бор уйни париси бор" деб бежиз айтишмаган. Қаерда қариялар бўлса, уша ерда халқ маънавиятининг билимдонлари, азалий удумлар, таомил, анъана ва маросимларнинг маълум даражада сақланиши билан бирга, уларнинг амалиётда ҳам қўлланиб келинаётганлиги кишини қувонтиради. Бундай маросимларни мириқиб томоша қиласан, кўнгил завқ-шавққа тўлиб  кетади.
Ҳозирги вақтда турмушимизга тобора кўплаб кириб келаётган ёки киритилаётган барча яхши урф-одатлар, расм-русмлар, маросимлар, анъаналар, удум ва таомиллар, тўй-тантаналар жамият ва турмуш тақозоси билан, шу куннинг зарур маънавий-маданий эҳтиёжи сифатида ҳаётга сингиб бормоқда.
Айни маҳалда тўй-тантаналаримизда ҳукм суриб келган айрим "хотамтойлик", "дабдабабозлик", "ким ўзарга тўй қилиш" каби иллатлар барҳам топиб бориши керак. Кўпчилик кишилар тўйларда ва диний маросимларда исрофгарчилик қилинмаса, барча расм-русмлар оила имконидан ташқари чиқмаса деган фикрни қўллаб-қувватлайдилар. 
Мустақилликдан кейин ижтимоий ва маънавий муҳитни соғломлаштириш, миллий урф-одат ва аънаналаримизни турли беҳуда ва зарарли кўринишлардан тозалаш, диёримиз халқини инсоний камолот чўққилари сари юксалтириш каби хайрли ишларга ҳукуматимиз томонидан катта эътибор берилмоқда.
Кўпчилик миллий урф-одатлар билан диний маросимлар ўртасидаги фарқни яхши идрок этмайдилар. Буни фарқлашнинг ўзи ҳам жуда қийинлашиб кетган. Зеро, ислом дини қабул этилганидан бошлаб диёримиз халқларининг ҳаёти тубдан ўзгаришлар рўй бера бошлаган. Жумладан, маҳаллий миллий урф-одатларни ҳам ислом дини кўрсатмаларига мослаштириш жараёни бошланган, яъни шариатга зид бўлмаган урф-одатлар қолдирилган ва улар билан бир қаторда диний маросимлар ҳам ижро этила бошлаган. Шу билан бирга эски замондан қолган кўплаб бидъат сифатида юзага келган маросимларни ҳам  динийлаштириш бошланган. Чунончи, дафн маросими 7, 20, 40, йил, ҳайит, каби марҳумларга атаб ўтказиладиган тадбирларда қуръон ўқиш, дуо қилиш орқали уларга диний тус берила бошлаган. Шундан кейин уларни диний маросим сифатида қабул қилиб, гўё фарз ёки суннат амаллари каби бажарадиган бўлиб кетишган. Кейинчалик бундай маросимларни  тўйлардагидек катта зиёфатлар билан ўтказиш урфга айланиб қолди. "Тарки одат амри маҳол" деганларидек, бундай бидъат маросимларни динимиз буюрмаган, қилиш шарт эмас, деб минг айтилгани, фатволар чиқарилгани билан ҳаётдан четлатиш жуда қийин кечмоқда.

Манбалар асосида
Бухоро шаҳар “Хўжа Таббанд” жомеъ масжиди
имом хатиби  Азизбек Ашуров
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:36
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram