МИНОРАИ КАЛОН
28 январ 2020 й.
«орқага
2711 марта ўқилди.
МИНОРАИ КАЛОН
(КАТТА МИНОРА)
Бухоро миноралари орасида Минораи Калон ўзининг маҳобати, нақшларининг мураккаблиги ва бежиримлиги билан ажралиб туради. Қадимдан миноралар масжид ва мадрасалар ёнида уларга туташ қурилган бўлиб, бундан кўзланган жуда кўп мақсадлар бўлган.
Минораи Калон Қорахонийларнинг сўнгги ҳукмдори бўлмиш Амир Арслонхон томонидан (XII аср), аниқроғи, 1124-1127 йилларда қурдирилган. Арслонхон Муҳаммад ибн Сулаймон (тўлиқ исми Муҳаммад ибн Сулаймон ибн Довуд Кучтегин ибн Тамғачхон Иброҳим (1102-1130).
Минорнинг баландлиги, 47,5 метр бўлиб айланмаси 36 метр ва эни 9 метр. Миноранинг энг устки ҳалқалардан бирида нақшинкор ғиштин ёзувлар билан “Амали Усто Бақо, минораи Арслонхон” деган сўзлар битилган. Ривоят килишларича, миноранинг асл пойдеворини тугатган уста, Бухорони тарк этадилар. Орадан икки йил ўтиб, Бухорога қайтиб келадилар. Бухорони тарк этганларининг асосий сабаби пойдеворнинг мустаҳкам ўрнашишини кўзлаганликларини билдиргач, минорани қуришни давом этадилар. Минораи Калонни қурган уста Бақо «агар мен оламдан кўз юмсам, минора узунлигича қабримни ўлчаб, мени дафн этинглар. Агар у қуласа, менинг қабрим устига қулайди», деганлар.
Минорнинг тепа гумбаз қафаси 16 равоқли дарчалар орқали атрофни кузатиш мумкин. Тепага “Масжиди Калон”нинг томи орқали минора ичидаги 104 айланма зинапоя билан чиқилади. Минораи Калон пишиқ ғишт ганчхок лойида терилган бўлиб, ҳандасий шаклдаги бежирим безакли ҳалқалари ғиштин данданалар билан ҳошияланган. Қарийб 900 йилдан буён барчанинг ҳайратига сабаб бўлиб келаётган “Минораи Калон”ни янада жозибали ҳамда нафис қилиб безаш мақсадида унинг белбоғида ғиштларга шакл бериш йўли билан 20 дан ортиқ нақшинкор ҳалқалар ҳосил қилинган. Безаклар бир-бирини асло такрорламайди. Миноранинг белбоғида кўфий ёзувлар билан “Юнус сураси”нинг 107-109 оятлари битилган.
Тарихий манбаларда зикр этилишича 1220 йил мўғул қўшинлари Бухорои шарифга кирганида, жуда кўп жойларни вайрон қилган бўлсада, Бухоро минорасининг баландлиги ва махобатидан ажабланиб таьзим этган экан.
Меъморий обидага халқаро ташкилотлар томонидан берилаётган эътибор жуда катта бўлиб, ЮНEСКО ташкилотининг Бутун Жаҳон ёдгорликлари рўйхатига киритилди.
Бугунги кунда ноёб ёдгорлик намунаси бўлмиш “Минораи Калон” Ўзбекистон жавохирларидан бири сифатида кўз қорачиғидай асраб авайланмокда. У ҳамиша саёҳатчиларнинг диққат марказида бўлиб келмокда.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Бухоро вилоят вакили Жобир Элов