Миссионерликдан сақланайлик
08 ноябр 2015 й.
3131 марта ўқилди.

 Миссионерликдан сақланайлик

 
 Тинчлик хотиржамлик тенгсиз неъматдир. Миссионерлик диний жиҳатдан ботил, қонунан мумкин эмасдир. Аллоҳ таоло ўз Қуръони каримида шундай марҳамат қилади: "Биз китоб берганлар (яҳудийлар билан насронийлар) уни (яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни) ўз ўғилларини танигандек танийдилар. Уларнинг бир фирқаси, шубҳасизки, ҳақиқатни билиб туриб яширадилар. (Бақара:146). 
 Шу сабаб, "Миссионер"лар жамиятда ўқувсиз, содда, илму-маърифатдан узоқроқ кишиларнинг олдига боришиб даъват этишади. афсуски бу шайтон малайлари гапига алданиб қолган юртдошларимиз борлиги инсон сифатида биз юртдошларни ўйлантириб қўяди. Миссионерларнинг асл мақсадини ҳамма ҳам дарҳол илғаб олавермайди. Миссионерлик ҳақида гап кетар экан, аввало ушбу тушунчанинг луғавий ва истилоҳий маъноларини тушуниб олиш муҳим аҳамиятга эгалигини алоҳида қайд этиш лозим. Ушбу сўз лотин тилидаги   “миссион”   феълидан олинган бўлиб, юбориш, вазифа топшириш, “миссионер” эса вазифани бажарувчи деган маъноларни англатади. Миссионерлик эса белгиланган вазифаларни ҳал қилишга қаратилган назарий ва амалий фаолият мажмуини билдиради. 
 Ўзбекистон Республикасининг "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги Қонунида (5-модда) " “Давлат диний конфессиялар ўртасидаги тинчлик ва тотувликни қўллаб қувватлайди. Бир диний конфессиядаги диндорларни бошқасига киритишга қаратилган хатти-ҳаракатлар (прозелитизм), шунингдек, бошқа ҳар қандай миссионерлик фаолияти ман этилади” деб белгилаб қўйилган. Миссионерлик фаолиятининг энг чўққиси бу прозелитизм. Прозелитизм – бу тўғридан-тўғри бирон бир динга ишонган фуқарони мажбуран ўз динидан воз кечтириш ва ўзга динни қабул қилишга мажбур қилишдан иборат. 
 Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, миссионерлик фаолияти турли динларга мансуб гуруҳ ва жамоалар фаолиятида кузатилганлигини кўриш мумкин. Масалан, буддизмда миссионерлик кўплаб ҳолларда сайёр монахлар томонидан амалга оширилиб, милоддан аввалги III асрдан бошлаб тарқалган. Христиан миссионерлиги милодий IV асрда пайдо бўлиб, XIII-XIV асрларда у Ҳиндистон, Хитой ва Япониягача кириб келган. 
 Мусулмонларга қарши йўналтирилган илк миссионерлик ҳаракатларига милодий VIII асрдаёқ дуч келиш мумкин. Турли ғарб манбаларида Андалусия подшоҳи Абдулазиз (713-716)ни насроний қилишга хотини Эгинола урингани айтилади. Бу аёл ғарблик илк миссионер ҳисобланади. «Франция роҳиби» номини олган челонялик Аббат Хуг эса 1074 ва 1078 йиллари Андалусияда Сарагоссанинг мусулмон раҳбарига икки мактуб ёзиб, уни насронийликка даъват қилади. Яна бу асрда Папа VII Грегорий ҳам Шимолий Африка мусулмонларига қарши яширинча миссионерлик ҳаракатлари уюштирган. 
 
АҚШда миссионерлик ташкилотлари XIX аср бошида пайдо бўлган. Империалистик давлатлар жаҳонни бўлиб олиш учун кураш олиб борган даврни ўз ичига олган XIX асрнинг охирги учдан бирида миссионерлик фаоллашган. 
Милодий 400- йилларга келиб христиан дини Рим империясини давлат динига айланди. Миссионерлар Рим қўшинлари қайси мамлакатга юриш қилсалар, қўшин билан бирга ўша мамлакатга кириб борганлар. Сўнгра босиб олинган ҳудудлар халқлари орасида миссионерлик ҳаракатини олиб боришган. Бу ҳодисалар миссионерликдан сиёсий мақсадларда фойдаланишни илк қадамлари бўлди. 
 Энди мозийдан бугунги кунимизга қайтсак, бугун миссионерлар кириб бормаган жабҳа ва улар фаолият юритмаётган мамлакат дунёда топилиши қийин. Афсуслар бўлсинки бугунги кунимизда миссионерлар бизнинг мамлакатимизда ҳам фаол ҳаракатлар олиб бормоқдалар. Христианликни қабул қилганларга маълум миқдорда маош тўлайдилар ва уларни черковларига боришни таклиф этадилар. Ёш болаларни ёзда дам олиш оромгоҳларига бепул қабул қилиб, шу воситалар билан ислом динига эътиқод қилувчиларни христиан динини қабул қилишга чорлайдилар.
 
“Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, сиёсий шарҳловчи Иброҳим НОРМАТОВ дейди: 
 2014 йил 25 июнь куни соат 14 дан 20 минут ўтганда «Мир» телеканалида Россияда ишлаётган ўзбек йигитларига Библияни ўқитишга бағишланган бир кўрсатув берилди. Уни диққат билан кўрдим. Кўрсатувга рус-православ черковининг вакили, маданият ходими, олим, мусулмонларнинг дин арбоби, кавказлик бир имом домла ҳам таклиф этилибди. 
 – Биз жуда муҳим ва ўта нозик масалани ўртага ташлаяпмиз, – деди бошловчи ва маданият ходимига сўз берди. 
 – Россияга ишлаш учун келаётган ўзбек йигитлари ўта маданиятсиз, улар тилимизни, урф-одатларимизни яхши билишмайди, тарихимиздан, турмуш тарзимиздан, энг асосийси, миллий маданиятимиздан бехабарлар, шунинг учун уларни тарбияламасак бўлмайди, – деди «маданиятли» хонимча. 
 Шу пайт кавказлик домла-имом луқма ташлади: 
 – Нима, уларга метрода ўпишишни ўргатасизларми?! 
 – Тарбиялашнинг энг яхши йўли шуки – гапни илиб кетди черков вакили, – уларнинг ҳар бирига Библияни ўргатишимиз зарур. Негадир Москвадаги черковларда ўзбек йигитларини кўрмаяпмиз?! 
 – Черковларга рус йигитлари бормаяпти-ю, у ерда ўзбек йигитлари нима қилади? – деди кавказлик домла-имом ва сўзида давом этди: 
– Черковларда ўз кампир-чолларингиздан бошқа ҳеч ким йўқ-ку, нима қиласизлар, ўзбек йигитларини йўлдан оздириб, ўз динларидан адаштириб?! 
 Вазиятни кузатиб турган, зиммасига мунофиқона ҳакамлик вазифаси юкланган «олим» тилга кириб деди: 
 – Черковга боришнинг нимаси ёмон, мана Самарқанд яқинидаги ҳазрат 
 Дониёр зиёратгоҳига мусулмонлар билан бирга христианлар ҳам боряпти-ку. Менинг уйимда Қуръон бор, ҳар бир ўзбекнинг уйида ҳам Библия бўлгани яхши эмасми?.. 
 – Менинг уйимда ҳам Қуръоннинг таржимаси бор, шунинг учун Россияда ишлаётган ҳар бир ўзбек йигитига Библияни ўқитишимиз шарт, – деди черков вакили. 
 Кавказлик домла-имом қатъий қилиб шундай деди: 
 – Бу миссионерликдан бошқа нарса эмас. Сизлар кўзлаган мақсадни тушундим, Россияда ишлаётган ўзбек йигитларини йўлдан оздириб, уларни Ўзбекистондаги ўз диндошларига ва миллатдошларига қарши қўймоқчисизлар, бу яхши эмас. 
 – Йўқ, биз мусулмонлар, христианлар ва яҳудийлар битта кемада сузишларини хоҳлаймиз, – деди бошловчи кўрсатувга мунофиқона сирли якун ясаб.” 
 
 Азиз Ватандош! Бугунлик кунда тинчлигимизга таҳдид солиб турган миссионерлик ҳаракатига қарши курашмоқ Ўзбекистон дея аталмиш мўътабар заминда яшаётган ҳар-бир фуқаронинг бурчидир. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун миссионерликнинг моҳиятини тўғри ва чуқурроқ англаш, уни бартараф этиш йўлида мақсадли, тизимли ва тадрижий фаолият олиб бориш зарур бўлади. Айниқса, ака-ука, опа-сингилларимизни турли ташқи таҳдидлардан асрашимиз, уларни милий-маънавий қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялашимиз лозим бўлади. 
 
 Бизнинг миллатимиз бошидан кечирган қатағон йилларда, қаҳатчиликларда, очарчиликларда ҳам динини сотмаган. Наҳотки бугунги кундек тўкин-сочинлик, серобчилик ва фаровон ҳаётда динидан қайтса?! 
 
 Имом Муслим Абу Саъид Ал-Худрий (р.а)дан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: эй мусулмонлар! Сизлардан қайси бирингиз нотўғри ишни кўрса, бас қўли билан ўзгартирсин. Агар қодир бўлмаса, тили билан ўзгартирсин. Агар бунга ҳам қодир бўлмаса, қалби билан ўша ишдан нафратлансин. Ана шу иймоннинг энг заиф даражаси деганлар. Демак ҳадиси шарифнинг маъносига кўра, тинчлигимизга, бирлигимизга ва эътиқодимизга таҳдид солиб турган миссионерлик ҳаркатига ва бошқа динни ниқоб қилиб олган бузғунчи тоифаларга қарши ҳар бир мусулмон ўз имкониятидан келиб чиқиб курашмоғи лозимдир. 
 Қўл билан қаршилик кўрсатиш—мавжуд ҳукуматлар бурчи, тил билан қаршилик кўрсатиш—уламолар бурчи, ҳеч бўлмаганда қалби билан нафратланиш—бу ҳамма фуқаролар бурчидир. 
 Жалолиддин Румий огоҳлиги йўқ кимсани руҳсиз жасадга тенглаб: “Ғофилу мурда, иккови бир-да”, дейдилар. 
 Ким Исломдан бошка динни хоҳласа, бас, ундан бу харгиз кабул килинмайди ва у охиратда зиён кўргувчилардан бўлади. (Оли Имрон 85).
 
 Азизлар! Огоҳ бўлайликки, фарзандларимизнинг тақдири шайтон малайларининг қўлида қолмасин.
 
  Шофиркон тумани 
“Шайхи Дарвеш” масжиди имом-хатиби
Азизжон Алижонович Жамолов
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:36
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram