МЎМИНЛИК ҲАҚИҚАТИНИНГ МУАЛЛИМИ
20 январ 2024 й.
«орқага
223 марта ўқилди.
МЎМИНЛИК ҲАҚИҚАТИНИНГ МУАЛЛИМИ
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам
Неъматларини батамом қилиб берган Аллоҳ азза ва жаллага чексиз ҳамдларимиз бўлсин.
Жаннат билан умматларига хушхабар берган ва дўзахнинг оташидан огохлантирган суюкли ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга мукаммал саловоту саломларимизни айтамиз.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ таолонинг зикри ила қалблари ором топган иймон эгалари ғолиблик ва нусрат ила яшаб келмоқдалар. Иймон ҳамиша ғолиб ва мустахкам қўрғондир. Шунинг учун Аллоҳнинг сўзи биргина инсоннинг саодати учун кетма кет нозил бўлаверди. Бандаларга шунча оятлар аслида уни тарбия қилиш, Аллоҳнинг йўлини танитиш, башариятни ер юзида ҳазрати инсон бўлиб, охиратда жаннатнинг меросхўри бўлиб қолиш учун ҳадя этилган. Дунё ва ундаги барча неъматларни тортиқ қилган Аллоҳ таоло инсоният ичидан уларга яқинроқ қилиб илм ва иймон билан қувватлантириб пайғамбарларни чиқардики, улар Аллоҳнинг йўлини инсониятга эслатиб туриш, муборак динимиз байроғини кўтариб туриш ва мўжизалар ила умматни сергак қилиб, Роббиларига бўлган иймонни мустахкам қилиш учун эди. Юз минглаб иймон ва ислом хизматида ўтган набийларнинг охири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан тугади. Бутун инсониятни бу мўжиза мукаммал динга, қиёмат куни башарият саййиди бўлувчи зотнинг атрофида бирлаштиришдан иборат бўлди.
Аллоҳ таоло Ўзининг азиз китобида эслатади:
إِنَّا أَرْسَلْنَاكَ شَاهِدًا وَمُبَشِّرًا وَنَذِيرًا {الفتح/8} لِتُؤْمِنُوا بِاللَّهِ وَرَسُولِهِ وَتُعَزِّرُوهُ وَتُوَقِّرُوهُ وَتُسَبِّحُوهُ بُكْرَةً وَأَصِيلًا {الفتح/9}
Албатта, Биз сени гувохлик берувчи, хушхабар элтувчи ва огохлантирувчи қилиб юбордик.
Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтиришингиз, Уни (динни) қўллаб қувватлашингиз, улуғлашингиз ҳамда Унга эртаю кеч тасбеҳ айтишингиз учундир.(Фатҳ сураси, 8-9-оятлар)
Аллоҳ юборган пайғамбарларининг вазифаси улкан ва масъулиятлидир. Биз умматни дунё ҳаётини кўрмасдан олдин токи қабр ва охират ҳаётигача барча манзил ва амалларни белгилаб берган ҳақиқий муаллим бўладилар. Аллоҳ таоло эй Муҳаммад дея, хитоб қилиб бандаларни жаннатга чақириш ва дўзахдан огохлантириш учун пайғамбар қилдик демоқда. Инсон хамиша яхшилик, гўзал макон ва хайрли сўзга мухтождир. Қоим ва шарафли бўлган Ислом дини айнан инсонларни қалбига ёқувчи, бандаликни англатувчи ва нафсини устидан ғолиб қилувчи чароғон йўл ҳисобланади. Мана шу Аллоҳнинг иймон йўлини кўрсатган зот Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар.
Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида билган инсон ўз Роббисига иймон келтириб, расулини севади. Динининг хизматида бўлиб, бу неъматларни ато қилган Аллоҳ таолога эртаю кеч ҳамду сано айтади. Бандалар энг афзал киши ва нарсаларга эришиш учун шошилиб яшамоқдалар. Энг афзал зот батахқиқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлсалар, энг афзал неъмат бу – у зот олиб келган муборак диндир. Лекин одамларнинг кўплари буни билмайдилар.
Жамийки, яхшилик ва ёмонликларни санаб берган, инсонларнинг барчасига меҳрибон бўлиб, Абу Жаҳлни куфр йўлидан қайтариш учун ҳар куни унинг уйига бориб даъват қилган севикли ҳабибимиз барчамиз учун рахматдир.
У зотнинг бажарган амаллари гарчи, инсонларнинг сони кўпайиб кетсада, ҳар бир сониямиздан зиёда бўлади. Дунё ва охират зийнати, бирон бир набий қолмасдан у зотнинг байроқлари остда йиғиладиган сажда қилувчиларнинг саййиди бизнинг пайғамбаримиздир.
Аллоҳ таоло бизларга набийнинг тили билан таълим бермоқда:
فَقَالَ رَبِّ إِنِّي لِمَا أَنزَلْتَ إِلَيَّ مِنْ خَيْرٍ فَقِيرٌ {القصص/24
Эй Роббим, мен учун нима яхшилик (ризқ) туширсанг, ўшанга мухтождирман. (Қосос сураси, 24-оят)
Ҳа, албатта барча томонларимиз ила Ундан келган яхшиликка мухтождирмиз.
Бугун дунё ўзининг пайғамбарини асло унутмасин, Дунё ва нафси уни руҳият ва ҳаётини енгмасин. Мусулмонлар ўз исломлари ва рисолатни қилич ва ғазаб ила эмас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таълим, мулойимликлари ва Аллоҳни эслатувчи қилиб етказсинлар. Ҳабибимиз асло бу умматни ташлаб қўймадилар. Ким қайси инсонни қаттиқ севса, ўша билан машғул бўлиб қолади. Бизларни барчаларимизнинг ҳаётимиз Аллоҳ ва Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатлари билан тўлиб тошган бўлиши керак. Бу муҳаббат ва амалларнинг охири самарали ва мукофотларга тўла бўлади.
Аллоҳ таолонинг йўли ҳақ, шайтоннинг ишлари кесик ва ботилдир. Ҳабибимиз иккисини орасини ажратиб бердилар. У киши шундайин мушфиқ пайғамбар эдиларки, ҳатто тоғни ҳам севар эдилар.
У зот: Уҳуд шундай бир тоғки, биз уни яхши кўрамиз, у ҳам бизни яхши кўрур,- дедилар.
Бугунги замоннинг мусулмонлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини ҳар бир лаҳзасида ўрната олса, у бахтли инсондир.
Аллоҳни, фарзлару суннатларни, инсонларни ва махлуқотларга муҳаббатли бўлиш ила инсон азизу мукаррам бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга томон эшиклар очиқдирки. Кимки ўша эшик томон юрса, у зот ҳақларида ўйласа ва истаса у зот билан учрашади. Чунки у зот ҳаёт эдилар, инсу жинс, аҳли аёллари ҳам у зот томон талпинишган. Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак жисмларини бутун вужудлари найзанинг ўқлари билан тўлиб кетгунча ҳимоя қилдилар. Бу саҳоба нафақат расулуллоҳни балки, имону динни ҳимоясида шаҳидликка эришдилар. Бизлар бугун иймонни куфрдан, суннатни бидъатдан, ҳақни ноҳақдан, мазлумни золимдан, ҳалолни ҳаромдан ҳимоя қила оладиган мўмин мусулмон бўлайлик. Бу қуёш ва коинот имон ва суннатнинг хизмати учун берилган неъматлардир. Шундай экан рахмат ила ўралган бу дунё ҳаётида ҳабибимизни чинакам севиб яшамоғимизни Роббим барчаларимизга насиб қилсин.
Сўзимнинг охири Оламларнинг Роббиси Аллоҳ таолога ҳамду саноларимиз бўлсин.
Жасур домла Панжиев,
Бухоро шахар “Имом Ғаззолий”
жомеъ масжиди имом-хатиби
жомеъ масжиди имом-хатиби