Муаммоларни ечишдаги энг яхши услуб
08 март 2016 й.
«орқага
2674 марта ўқилди.
Муаммоларни ечишдаги энг яхши услуб
Бугунги кунимиздаги энг керакли масалалардан бири бу ҳозирги кунда хато қилган кишини урушиб, жеркиш каби хатони муолажа қилишдаги нотоғри танланган услубни кўришимиз мумкин. Унинг жеркиши ва ҳақорат қилиб урушиб беришидан ҳалиги хато қилган одамда бир неча салбий хатолар кузатилади. Мисол учун, хатосида бардавом бўлиш, насиҳатни ёмон кўриш, хатосини айтган одамдан кўнгли қолиши шулар жумласидандир.
Ҳозирги кундаги олимларимизнинг таъкидлашича, бировдаги бир айбни ёки қилиб қўйган камчилигини олдини олиш учун уни ижтимоий келиб чиқишини ўрганмай туриб урушиб жеркилса, ҳалиги хато қилган одам яна ўша хато ва камчилигини қилишда бардавом бўлади. 100 та инсонда бу текширув олиб борилганида, 87 таси салбий натижага эришган, қолган 13 тасида ижобий ҳолат юз берган. Аслида пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг инсонларни муаммо ва камчиликларини тузатишдаги тутган йўлларига қарайдиган бўлсак, у зот бу борада буюк, ҳаммага гўзал намуна бўладиган муаллим эканликларини кўрамиз.
Имом Бухорий ўзларининг “Саҳиҳул Бухорий” китобларида пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида содир бўлган бир воқеани зикр қилганлар, ўша воқеа қуйидагича бўлган.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтадилар: “Биз масжидда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалла билан бирга ўтирган эдик. Саҳролик бўлган бир аъробий киши келиб, масжидда пешоб қила бошлади. Биз ҳой тўхта, тўхта деб уни тўхтатмоқчи бўлдик”. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “ Индаманглар охиригача қилиб олсин”, дедилар. Охиригача ишини битиргач, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Бу масжиддир, бу ерда Аллоҳнинг зикри ва Қурьони карим тиловат қилинади, пешоб қилиш ёки шунга ўхшаган нопок нарсалар масжидда қилинмайди”, дедилар, сўнг бир кишига бир челак сув олиб келиб, ҳалиги жойни ювиб тозалашга буюрдилар.
Бу ерда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тутган йўлларини кўринг, ҳалиги одамни бу хатосини тузатишда унинг ижтимой келиб чиқишини, одоб-ахлоқдан узоқ бўлганлигини, саҳродан келганини ва бунақа ишлар уларда оддий саналишини мулоҳаза қилиб, уни уришмадилар, сўкмадилар, ҳаттоки бояги ишини охиригача қилишига имкон яратиб бердилар, сўнгра бу ишини нотўғри эканлигини мулойимлик билан тушунтирдилар.
Шундан кейин ўша саҳролик саҳобий Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг унга кўрсатган муомалаларидан хурсанд бўлиб, кейинчалик бутун умри давомида шунга ўхшаган хатоларни қилмаган экан. Бу ишлари билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам барча саҳобаларга ва барча умматларига намуна бўлдилар.
Бизлар ҳам камчилик ва хатоларимизни тузатишликда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан намуна олсак, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Зеро, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг энг яхшиларингиз гўзал муомалада бўлганларингиздир”, деганлар.
Аллоҳ барчаларимизга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш ва суннатларидан намуна олишликни насиб қилсин.
Каримов Олимжон
Пешку туман “Бобо Араб” жомеъ масжиди