ИСЛОМДА БИРИНЧИ МУАЗЗИН
07 сентябр 2026 й.
867 марта ўқилди.

ИСЛОМДА БИРИНЧИ МУАЗЗИН – БИЛОЛ ИБН РАБОҲ 
(розияллоҳу анҳу) 
ВА АЗОННИНГ БОШЛАНИШИ 

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин

Саҳобаларни яхши кўриш ва уларни пайғамбарлардан кейин энг афзал инсонлар бўлган, деб эътиқод қилиш ҳар бир мусулмоннинг бурчи ҳисобланади. Чунки улар муқаддас Ислом динини бутун башариятга етказиш йўлидаги барча машаққатларни зиммаларига кўтарган ҳамда бу вазифани тўла-тўкис адо этган зотлардир. Шунинг учун динини улуғлаган ҳар бир мусулмон уларни ҳам улуғлаши лозим бўлади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобаларнинг мартабаларини баён қилиб, шундай марҳамат қилганлар:
"لاَ تَسُبُّوا أَصْحَابِى فَوَالَّذِى نَفْسِى بِيَدِهِ لَوْ أَنَّ أَحَدَكُمْ أَنْفَقَ مِثْلَ أُحُدٍ ذَهَبًا مَا أَدْرَكَ مُدَّ أَحَدِهِمْ وَلاَ نَصِيفَهُ" (رَوَهُ التِّرْمِذِيُّ)
яъни: “Саҳобаларимни таҳқирламанглар, жоним Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, агар сизлардан бирингиз Уҳуд тоғи мислича олтин инфоқ қилса ҳам, улардан бирортасининг бир муд (544 грам)ини ҳам, унинг ярмини ҳам инфоқ қилганига эриша олмайди” (Имом Термизий ривоят қилган).
Ҳазрати Билол розияллоҳу анҳу Эфиопияда таваллуд топганлар. Отаси Рабоҳ, онаси Ҳамима. Ҳазрати Билол жуда баланд бўйли, қора танли, озғин, жингалак сочли бўлганлар. У зот маккалик зодагон Умайя ибн Халафнинг қули эди. Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳу 30 ёшларида Исломни қабул қилган бўлиб, илк Исломни қабул қилган саҳобалардан ҳисобланадилар.
У зот шунингдек, ўзини Исломни қабул қилганини ошкора айтган етти кишининг бири бўлиб, бунинг учун Макка мушриклари томонидан қаттиқ азоб-уқубатларни бошдан кечирганлар. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Исломни ошкора қабул қилганлар етти киши эди: Пайғамбаримиз, Абу Бакр, Аммор ва унинг онаси Сумайя, Суҳайб, Билол ва Миқдод.  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари (Абу Толиб)нинг ёрдами билан мушриклар зулмидан сақланиб қолдилар. Абу Бакрни қариндошлари ҳимоясига олди. Қолганларни мушриклар турли қийноқларга солишди: уларга темир кийим кийдириб қуёшнинг нурида қиздиришар эди. Ва уларнинг барчасидан мушриклар ўзлари эшитишни хоҳлаган гапларини эшитишди, фақатгина Билол розияллоҳу анҳудан ташқари. У азобларни Аллоҳ буюклигини ёнида арзимас деб билди, мушриклар эса унга жуда шафқатсиз муносабатда бўлишди. Болалар унинг бўйнига бўйинбоғ тақиб судрашар, у эса: “Аллоҳу Аҳад! Аллоҳу Аҳад!” дейишдан тўхтамас эди” (Имом Ҳоким, Имом Абу Нуайм ва Имом Ибн Абу Шайба ривоятлари). 
Тушки жазирамада Макка мушрикларидан Умайя ибн Халаф Билол розияллоҳу анҳуни кўчага чиқариб, тупроққа ётқизиб, устиларига катта оғир тошни бостирганча: “Муҳаммаддан юз ўгириб, бутларга сиғинишни бошламасанг, ўлгунингча шундай ётаверасан”, дейди ва Қуёшнинг тиғи остида қолдиради. Билол розияллоҳу анҳу эса: “Аҳад... Аҳад...”ни тилидан қўймас эдилар. 
Бир кун улар олдига Абу Бакр розияллоҳу анҳу бориб: “Наҳотки, “Раббим Аллоҳ”, деган кишини ўлдирсанггиз!”, дейдилар-да, Умайяга қараб:
“Мана пул, нархидан ортиғини олиб, қўйиб юбор буни”, дейдилар.
Бундан Умайя хурсанд бўлиб кетади. Чунки, унинг Ҳазрати Билолни динларидан қайтаришга умиди қолмаган эди. 
Абу Бакр розияллоҳу анҳу Билолни сотиб олган заҳотиёқ озод қилдилар. Шунда Умайя Абу Бакр розияллоҳу анҳуни доғда қолдирмоқчи бўлиб: “Ол, ол, Лот билан Уззога қасамки, савдолашиб-савдолашиб, охири бир тангага оламан, деганингда ҳам сотиб юборардим”, дея минғирлади. Абу Бакр розияллоҳу анҳу бу пичингга жавобан ҳозиргина қулликдан озод бўлган кишининг ҳурмати қай даражада эканини билдириш учун Умайяга қарата:
وَاللهِ لَوْ أَبَيْتَ إلاَّ مِائَةَ أُوقِيَةٍ ذَهَباً لَأعْطَيْتُكَهَا
яъни: “Аллоҳга қасамки, юз тиллога бераман, деганингда ҳам иккиланмай тўлаган бўлар эдим!”, дедилар. 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар Маккаи Мукаррамадан ҳижрат килиб Мадинаи Мунавварага ўрнашганларидан кейин намозни жамоат билан адо қилиш учун Масжиди Набавийни қурдилар. Одамларни жамоат намозига қандай чақириш ҳақида музокара қилдилар. Бир киши: “Байроқ кўтаришни жорий қилишни таклиф қилди, яна бир киши “Бирор баланд жойда ўт ёқишни таклиф қилди”. Бошқа бир киши: “Насороларнинг қўнғироқ чалганлари каби қўнғироқ чалиш керак”, деди. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам булардан бирортасига рози бўлмадилар. Муҳокама мажлисида бирор тўхтамга келмасдан тарқалинди. Бир неча кндан кейин саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Зайд розияллоҳу анҳу туш кўрдилар. Тушларини ҳикоя қилиб у зот шундай дейдилар: Тушимда бир киши (фаришта) қўлида қўнғироқ кўтарган ҳолда келди. Мен унга: “Эй Аллоҳнинг бандаси, қўнғироқни сотасанми?” дедим. У: “Уни нима қиласан?” деди. Мен: “У билан одамларни намозга чақираман”, дедим. У: “Сени ундан кўра яхшироқ нарсани ўргатайми?” деди. Мен: “Албатта (ўргатчи)”, дедим”. “У шундай: ““Аллоҳу Акбар! Аллоҳу Акбар!...” дейсан деб, азон калималарини бирма-бир айтди. 
Тонг отгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бориб, кўрган тушимни хабарини айтдим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
"إِنَّهَا لَرُؤْيَا حَقٌّ إِنْ شَاءَ اللَّهُ، فَقُمْ مَعَ بِلَالٍ فَأَلْقِ عَلَيْهِ مَا رَأَيْتَ، فَلْيُؤَذِّنْ بِهِ، فإنه أَنْدَى صوتا منك"
“Албатта бу рост тушдир, инша Аллоҳ. Билол билан туриб, унга кўрган нарсангни сўзма-сўз айтиб бер. У ўша калималар билан азон айтсин. Чунки унинг овози сеникидан баландроқ”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти). 
Шу кундан кейин Ҳазрати Билол розияллоҳу анҳу Ислом тарихидаги биринчи муаззин бўлдилар ва то Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларигача беш вақт намозга азон айтдилар. Ҳазрати Билол розияллоҳу анҳу жуда камтар, самимий инсон эдилар. У зот ўта камтарликларидан биров у кишини мақтаса: “Мен кеча қул бўлган бир ҳабашман”, дер эдилар. У зот сафарда ҳам, бошқа пайтда ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ажрамас эдилар. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни бирор иш ташвишга солса: 
 "يَا بِلَالُ أَرِحْنَا بِالصَّلَاةِ" (رواه الامام ابو داود) 
“Эй Билол! Бизни намоз билан роҳатлантир”, яъни азон айтгин, намоз ўқиб роҳат олайлик, дер эдилар. Зеро, намоз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўз қувончлари, саодатлари ҳамда шодликлари эди. Ҳазрати Билол розияллоҳу анҳу бўш вақтларини беҳуда ўтказмасдан ибодат билан машғул бўлардилар. Ушбу ибодатларининг самараси ҳақида Пайғамбаримиз алаҳиссаломга ҳам илоҳий мужда берилган эди.  
عن أبي هريرة رضي الله عنه أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال لبلال:  "يا بلالُ حدِّثْني بأرجى عمَلٍ عمِلْتَه في الإسلامِ فإنِّي سمِعْتُ دف نَعليكَ بَيْنَ يدَيَّ في الجنَّةِ" فقال: ما عمَلٌ عمِلْتُه أرجى عندي من أنِّي لَمْ أتطهَّرْ طُهورًا في ساعةٍ مِن ليلٍ أو نهارٍ إلَّا صلَّيْتُ بذلك الطهور ما كتب لي أنْ أُصلِّيَ" (رواهُ البخاري). وفي رواية الحاكم: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : " بهذا "
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Билол розияллоҳу анҳуга: Эй Билол менга исломда қилган амалингни энг умидлироғини айтгин! Жаннатда олдимда ковишингни ҳаракатини эшитдим”, дедилар. Шунда Билол розияллоҳу анҳу: “Исломда қилган амалимни энг умидлиси - кечасими, кундузими қай вақт таҳорат қилсам, ўша таҳоратим билан Аллоҳ қодир қилгунча намоз ўқийман, бундан бошқа амалим йўқдир” дедилар (Имом Бухорий ривояти). Имом Ҳокимнинг ривоятида Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Демак, мана шу сабаб экан”, деганлар. 
Ушбу ҳадисдан Ҳазрати Билол розияллоҳу анҳунинг жаннати саҳобалардан эканларини ҳамда у зотнинг ушбу амаллари қанчалар фазилатли эканини билиб оламиз. Биз ҳам кейинчалик “шукри вузуъ” номи билан аталган ушбу намозни доим ўқиб юришга одатлансак, жаннатга кириш учун бир сабаблардан бирига одатланган бўламиз, иншааллоҳ. 
    
Отабек домла Раҳимов
Ромитан туман бош имом-хатиби



 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:15
Куёш: 06:54
Пешин: 13:10
Аср: 16:35
Шом: 18:20
Хуфтон: 20:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram