Муборак ой шукуҳи
27 июл 2020 й.
854 марта ўқилди.

 

Муборак ой шукуҳи

Айни пайтда барча дунё мусулмонлари учун ардоқли саналган, Ҳаж ибодати адо этиладиган, қурбонлик қилинадиган, Арафа кунлари каби кўплаб фазилатларни  ўз ичига олган муборак Зулҳижжа ойида турибмиз. Аллоҳ таоло Ўзиниг Каломида "Фажр" сураси 2-оятида  Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунлиги билан қасам ичиб: "Ва ўн кунлик билан қасам", - деб марҳамат қилиб бу ойнинг аввалги ўн кунлиги қадр-қийматини кўтаради. Мана шундан бу ойда, айниқса унинг дастлабки ўн кунида қилинган ибодатлар Аллоҳ таоло учун энг севимли амаллардан саналади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ даргоҳида Зулҳижжанинг ўн кунидан афзал кун йўқ”, - деганлар. (Имом ибн Ҳиббон ривояти).
Бу ойда тутилган рўза улуғ ажрларга мушарраф этади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Арафа кунининг рўзаси ўзидан аввалги бир йил ва ўзидан кейинги бир йилнинг гуноҳларига каффорат бўлишини Аллоҳдан умид қиламан”, - деганлар. (Имом Муслим ривояти).
  Зулҳижжа ойини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дастлабки тўққиз кунида рўзадор ҳолатда ўтказар эдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолони янада кўпроқ зикр қилардилар ва: “...Бу кунларда таҳлил (Ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадур Расулуллоҳ), такбир (Аллоҳу акбар) ва таҳмид (Алҳамдулиллаҳ) айтишни кўпайтиринглар!”, - дердилар. (Имом Аҳмад, Имом Байҳақий ривояти).
Ҳозирги таҳликали бир даврда бутун дунёда пандемия хавф солиб турган бир пайтда мўмин-мусулмонларимиз Ўзбекистон мусулмонлари идораси кўрсатмаларига амал қилган ҳолатда карантин қоидаларига риоя қилмоқликлари талаб этилади. Айни пайтда аксар мусулмон юртларининг халқаро ва маҳаллий фатво уюшмалари, шу қаторида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳам мўмин-мусулмонларнинг жонларини омон сақлаш учун масжидларда йиғилмаслик, хавф ўтиб кетгунча ибодатларни уйда адо этиб туриш қарорига келишган. Бунга етарлича асос борлигини ва масала жиддий эканлигини эслатишган. Чунки ҳар биримизнинг соғлигимиз муҳим ҳисобланади.
  Шуни ҳам эслатиб ўтиш жоизки, вазият тақазосидан келиб чиқиб, ҳайит намози адо қилинмаса ҳам, байрам шукуҳини сақлаб қолиш учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир суннатларини тирилтириш мақсадга мувофиқ бўлади. Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади:

كَانَ رَسُولُ اَللَّهِ صلى الله عليه وسلم لَا يُصَلِّي قَبْلَ الْعِيدِ شَيْئًا، فَإِذَا رَجَعَ إِلَى مَنْزِلِهِ صَلَّى رَكْعَتَيْنِ
(رَوَاهُ اِبْنُ مَاجَهْ بِإِسْنَادٍ حَسَنٍ)

яъни: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ийд намозидан аввал нафл намоз ўқимасдилар. Қачон уйларига қайтсалар икки ракат намоз ўқирдилар”. (Имом ибн Можа ривояти). Мўътабар ҳанафий фиқҳий манбаларидан бири “Мажмаъул анҳур” китобида шундай дейилади:
اعْلَمْ أَنَّ صَلَاةَ الْعِيدِ قَائِمَةٌ مَقَامَ الضُّحَى فَإِذَا فَاتَتْ بِعُذْرٍ يُسْتَحَبُّ أَنْ يُصَلِّيَ رَكْعَتَيْنِ أَوْ أَرْبَعًا وَهُوَ أَفْضَلُ
яъни: “Маълум бўлсинки, ҳайит намози Зуҳо намозининг ўрнига қўйилган. Қачонки, ҳайит намози бирор узр сабабли ўқилмай қолса, икки ёки тўрт ракат нафл намоз ўқиш мустаҳаб бўлади. Тўрт ракат ўқиган афзал”.
 Хулоса ўрнида айтамизки, ҳозирги шароитда ҳаммамиз иттифоқ бўлиб, шариатимиз кўрсатмаларига амал қилишимиз, Аллоҳ таолонинг синов-имтиҳонларидан гўзал суръатда ўтишга ҳаракат қилишимиз лозимдир. Ҳайит байрамини аҳли - оиламиз бағрида қурбонликларимизни тонг отгандан сўнг қуёш бир терак миқдорида кўтарилганда сўйиб унинг гўштидан ўзимиз, оиламиз, муҳтож ва фақирларга тарқатиб хайрли дуолар ва фазилатли ибодатлар билан ўткизсак ҳамда бу балоларни тезроқ юртимиздан даф бўлишини сўраб, Аллоҳ таолога дуолар қилсак айни мақсадни қилган бўламиз.

Когон туман бош имом-хатиби Жалолиддин Сабуров
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:35
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram