Муҳаббатнинг ёлғон даъволари
07 август 2019 й.
1323 марта ўқилди.

 
Муҳаббатнинг ёлғон даъволари

Бир ҳикоя ёдимга тушди. Бир қишлоқи шахсни бир киши  ниҳоятда паришон, ранги рўйи бир аҳволда, йиғлаб ўтирганини кўрди. Яқинида эса бир халта тўла нон турибди. 
Йўловчи: Нимага йиғлаяпсиз?
У киши:  Итим ўляпти.
Йўловчи: Ҳалтадаги нима?
У киши: Нонлар.
Йўловчи: Шундай экан нима учун нондан итизга ҳам бермаяпсиз?
У киши: Мени итга нон берадиган даражада муҳаббатим йўқ. Бу нонларни олиш учун қанча пул сарфлаганман. Лекин фақат кўз ёш тўкиб беришга етарли муҳаббатим бор, чунки бу текинда!  
Баъзи кишларнинг муҳаббатининг даъвоси ҳам шунга ўхшайди. Қачон ундан харажат бўладиган бўлса, у ерда у ҳеч вақосиз, нол. Ваҳоланки, қурбонлик қилиш аслида харажат ҳам эмас. Чунки, садақот ва яхшиликлар учун сарф бўлган маблағлар шунчаки зоеъ бўлмайди, қанча сарфласа, ўзи учун бўлади, балки қурбонлик шундай нарсаки, заррачаси ҳам кишининг қўлидан чиқиб кетмайди. Ундан ташқари қурбонликнинг гўштларини савоб ҳосил қилиш учун тарқатиб юбориш ҳам зарурий нарса эмас. Балки ихтиёр бор, хоҳласа тақсим қилсин, хоҳласа ўзи фойдалансин, фақат сотиш мумкин эмас. Гарчи ҳаммасини ўз хузурида олиб қолиб фойдаланса ҳам савоб етаверади. 
Жаноби Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбонликни Иброҳим алайҳиссаломнинг суннатлари  дедилар. Аммо Иброҳим алайҳиссалом қилган амаллари билан жонивор сўйиш ўртасида фарқ бор. Иброҳим алайҳиссалом ўз фарзандларини забҳ қилишга буюрилган бўлсалар, бизнинг шариатимизда эса жонивор сўйишга буюрилганмиз.
У ҳолда биз қилаётган қурбонлик амали қандай қилиб Иброҳим алайҳиссаломнинг суннатлари  бўлиши мумкин?
Иброҳим алайҳиссалом ўғилларини забҳ қилишдаги эга бўлган савоблари  ҳеч камаймаган ҳолда бизга ҳам етади. Мана шу савоб жиҳатидан уларнинг йўлларига эргашган ҳисобланамиз. Икки амалнинг мақсади бир эканлиги сабабли, гарчи бошқа бошқа нарса бўлсалар ҳам, уларнинг ҳукми ҳам, савоби ҳам бир ҳил қилинди.
Гўёки: Эй уммати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам! Сизларнинг жонивор забҳ қилишларингизга Иброҳим алайҳиссалом фарзандини қурбон қилганининг савоби берилади дейилаётгандек.  
Юқоридан маълум бўлган эътиборга молик нарса шуки, агар бир подшоҳ ўз сарой аҳлларига ҳадя улашмоқчи бўлса, ўзига яқинлиги ва лавозими юқорилигига қараб, уларнинг мартабасига мувофиқ инъом беради. Сўнг улардан қай бирининг даражаси пастроқ бўлса, шу мавқеъига муносиб мукофотланади. Масалан: вазирлар ва давлат арконларига улкан инъомлар берилади, хизматчи ва ходимларга эса, камроқ берилади.
Қурбонликнинг фазилати ва савоби  шундай улуғдирки, агар кишининг зиммасида  вожиб бўлмаса ҳам, савоб ҳосил қилиш мақсадида уни адо қилса, савоб топаверади. Ахир ҳеч қандай заруратсиз дунё  хурсандчиликлари  учун қанча сарф харажат қилаётганлар Аллоҳнинг розилиги учун озгина қийналсалар нима бўпти? Агар заруратгагина эътибор қаратиб: “Ўртоқ! Нима нарса зиммамизда фарз ёки вожиб бўлса, ўшаларнигина адо этамиз”, десангиз, у ҳолда дунё ишларида нега шу гапингизга амал қилмаяпсиз?Аслида заруратнинг миқдори шуки, жон сақлаб юришлик учун арпа унидан бўлган нон ҳам кифоя қиларди, лекин сиз бу билан кифояланмай,  паловхонтўра  ва кабобларни нима учун еяпсиз?  Иссиқ ва совуқликнинг ҳалокатидан сақланиш учун дағал, қўпол матолар ҳам ярайди, аммо юпқа ва нафис матолардан бўлган кийимларни нимага кийяпсиз? 
Агар Аллоҳ бирор амалдан жуда хурсанд бўлиши сизга маълум бўлса ҳеч ўйланмасдан иҳоятда кучли рағбат билан шу ишни қилиш лозим.
Баъзи кимсалар ўта ночор, ёки, уларнинг зиммасида заҳирадан ташқари бандаларнинг ҳақлари ҳам бор. Энг аввал уларни адо этиш шарт. Лекин улар барча ҳақлардан кўз юмиб, яъни уни кейинга ташлаб, фақат фахрланиш ёки қадим одатни бино қилиш учун (яъни олдиндан биз ҳамиша қурбонлик қилганмиз, деб) қурбонликка қаттиқ туришади. Ҳеч паст келишмайди. Агар ўзларида маблағ бўлмаса, қарз олиб бўлса ҳам бажаришади.
Албатта, бирор кишининг ҳаққи зоеъ бўлмаса ва риё аломати бўлмаса,  нафл қурбонлик қилиш мустаҳаб ва муҳаббатнинг белгисидир. Шунингдек омма мусулмонлар   томонидан, дин катталари томонидан, хусусан,  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  томонларидан қурбонлик қилиш мандуб амалларнинг энг суюклиги, яъни мустаҳаб ишларнинг  энг афзалидир, ҳамда уларнинг ҳуқуқлари тақозосидир. Лекин бу нарса бирорта ҳам ўринда бошқаларга зарар, нуқсон  етмагандагина жоиз бўлади. Нафл қурбонлик қилиш манфаат, лекин бировларнинг ҳақларини, қарзларини адо этмаслик зарар. Зарар етмагандагина нафл қурбонлик қилиш жоиз бўлади 
Азизхўжа Иноятов.
 “Чаҳор Бакр” жомеъ масжиди имом хатиби.    
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:30
Куёш: 05:15
Пешин: 13:10
Аср: 18:35
Шом: 20:20
Хуфтон: 21:50
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram