МУҲАРРАМ ОЙИ
10 август 2021 й.
854 марта ўқилди.

 
МУҲАРРАМ ОЙИ

Муҳаррам ойи – мусулмонлар тақвимининг биринчи ойидир. Бу ой Аллоҳ таоло уруш, қон тўкишни ҳаром қилган (Зулҳижжа, Зулқаъда, Муҳаррам, Ражаб) тўрт ойнинг биридир.
Ҳижрий-қамарий йил ҳисобининг биринчи ойи Муҳаррам ойи ҳурматли ойдир. Аллоҳ таоло уруш-бузғунчиликларни ҳаром қилган тўрт ойнинг биридир. Ҳадисларда ушбу ойни “Аллоҳни ойи” эканлиги ҳақида хабарлар бор. Ойлар орасида Рамазон ойидан кейинги энг барокатли ва фазилатли ой муборак муҳаррам ойидир.
Муҳаррам ойининг Ашуро, яъни ўнинчи кунида барча самовий динлар тарихида жуда муҳим воқеа ва ҳодисалар бўлиб ўтган. Масалан Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломни Ашуро куни Фиръавннинг исканжасидан қутқарган.
“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида яҳудийлар Ашуро (Муҳаррам ойининг 10-куни)да рўза тутганларини кўрдилар. Улар: “Бу- Аллоҳ таоло Мусо алайҳисалом билан Бани Исроилни душманлардан кутқарган муборак кун, шунинг учун Мусо алайҳисалом бу кунда рўза тутганлар”, дейишди. Шунда Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен Мусога сизлардан кўра ҳақлироқман”, дедилар ва шу куни рўза тутдилар, бошқаларни ҳам рўза тутишга буюрдилар.
Муҳаррамнинг 1-сидан 10-сигача 10 кун рўза тутиш жуда фазилатлидир. Бунга қурби етмаганлар Муҳаррамнинг 9-10-ва 11-ёки 9-10-ё бўлмаса 10-11-кунлари рўза тутишлари суннати муаккададир.
Бу ойда иложи борича кўпроқ тавба истиғфор айтиш керак. Кимки ҳаром ойларда (Ражаб, Зулқаъда, Зулҳижжа, Муҳаррам) 3 кун, яъни пайшанба, жума, шанба кунлари рўза тутса, Аллоҳ уни икки йиллик тутилган рўза ўрнига қабул қилади. Агар чоршанба кунидан бошлаб тутса ва жума куни бир садақа берса Аллоҳ унинг бутун гуноҳларини кечиради.
Уламо-и киром бу ойнинг 9, 10, 11-кунлари ёки пайшанба, жума ва шанба кунлари кетма-кет рўза тутган кишига 900 йиллик нафл рўза савоби берилишини ривоят қилганлар.
Бу кун рўза тутиш ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ашуро кунининг рўзаси – Аллоҳдан умид қиламанки – бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Бу кун яқинларга кенгчилик қилиш, бир йиллик кенгчиликка сабаб бўлади. Абу Саъд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Набий алайҳиссалом: “Ким Ашуро куни аҳли аёлига ҳадя улашса, Аллоҳ йилнинг барчасида унга ҳам ҳадя улашади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти). Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ: “Бу ҳадисни олтмиш йил тажриба қилдим ва фақатгина яхшилик кўрдим”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кунни ўтказиб юбормаслик учун қаттиқ ҳаракат қилардилар, унинг савобига эришиш учун бу куннинг келишини интиқлик билан кутардилар. Бу ҳақда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Ашуро куни рўзасини бошқасидан афзал кўриб, соғиниб, Рамазон ойи рўзасини кутиб соғингандек, бошқа кун ва ой рўзасини кутганларини кўрмадим” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Муҳаррам ойининг ёлғиз ўнинчи кунида эмас, балки бу кунга қўшиб, бир кун олдинги ёки бир кун кейинги кунда ҳам рўза тутиш лозим.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини тутиб, одамларни ҳам бу куннинг рўзасини тутишга буюрганларида, саҳобалар: “Ё, Расулуллоҳ! Бу кун яҳудий ва насронийлар улуғлайдиган кун-ку!” дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам) “Аллоҳ хоҳласа келаси йил тўққизинчи куни ҳам тутамиз”, дедилар. Аммо, келаси йил келмасидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар (Имом Муслим ривояти).
2021 йилнинг 10 август куни – янги 1443 ҳижрий йил – Муҳаррам ойи бошланишининг 1 кунидир. Ашуро куни 2021 йилнинг 19 август, пайшанба кунига тўғри келади.
Аллоҳ барчаларимизга муборак айлаб барчамиз учун хайр-барака йили бўлишини насиб этсин. Барчамизни ўйлаган-кўзлаган эзгу истакларимиз ўтган йили бажара олмаган амалларимизни  ушбу йилда амалга ошмоғини насиб айласин!
 

Шофиркон туман "Шайх Дарвеш" жомеъ масжиди

имом хатиби Азизжон Жамолов   

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:34
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram