Мўъмин бўлган инсон,мўъмин биродарларига ҳеч қачон, зулм қилмайди.
08 июл 2019 й.
1333 марта ўқилди.

 

Мўъмин бўлган инсон,мўъмин биродарларига

ҳеч қачон, зулм қилмайди.

«Аллоҳ золим кимсаларнинг қилаётган ишларидан ғофил, деб уйламангиз! Дарҳақиқат, Аллоҳ уларга (бериладиган жазони) кўзлари (даҳшатдан) хиралашиб, бақрайиб қоладиган (Қиёмат) кунига қолдирмоқдаки, (ул куни) улар бошларини юқори қилган ҳолларида (чорланган томонга ҳисоб-китоб учун) югурурлар. Кўзлари бир тарафга тикилганча, диллари эрса (ақд, фаҳм ва умид деган нарсалардан бутунлай) бўшаб қолур. (Эй Мухаммад), одамларни огоҳ қилингки, уларга азоб келар кунда золим кимсалар: «Парвардигоро, бизга бир оз муҳлат бергин, (яъни бизни дунёга қайтариб, бир оз яшамоғимизга имкон бергин, биз албатта) Сенинг даъватингни қабул қилурмиз ва юборган элчиларингга эргашурмиз» дерлар...» («Иброҳим» сураси,. 42-48-оятлар). 
Сафвон разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: 
«Мен Ибн Умар разияллоҳу анҳунинг қўлидан ушлаб кетаётганимда рўпарамиздан бир одам келиб:«Аллоҳнинг Қиёматда ўз бандалари билан пинҳона юзма-юз суҳбат қилмоғи ҳақида Жаноб Расулуллоҳдан эшитганмисиз?» — деди. Шунда Ибн Умар: «Мен ул зотнинг бундай деганларини эшитганман», — деди: «Қиёмат куни Аллоҳ таоло мўминни ўзига яқинроқ келтириб, уни парда бирлан ўзгалардан пинҳон қилгач: «Фалон гуноҳинг эсингдами? Фалон гуноҳингни биласанми?» — дейди. Мўмин одам: «Ҳа», — деб жавоб беради. Шунда Аллоҳ таоло унинг ўзи қилган гуноҳларини бўйнига олиб, берилажак азобдан қўрқиб, хавфу ражода қалтираб турганини кўриб: «Сенинг ул дунёдаги гуноҳларингни беркитган эрдим. Бугун эрса уларни кечирдим» — дейдида, унинг номаи аъмолларини ўнг томонидан узатади ва фаришталарга: «Унинг жаннатдаги жойини кўрсатиб қўйинглар!» — деб амр қилади. Аммо, кофир ва мунофиқлар хусусига келсак, барча гувоҳлар (Фаришталар, Пайғамбарлар ва уларнинг умматлари); «Мана шулар Аллоҳ таоло шаънига ёлғон гапларни айтганлар» — дейишади. Эшитинглар, бундай золимларга Аллоҳнинг лаънати бўлур. 
Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: 
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «(Мусулмон) биродарингиз хоҳ золим ва хоҳ мазлум бўлсин, унга ёрдам берингиз!»-дедилар. Одамлар: «Ё Расулуллоҳ, мазлумга ёрдам бериш тушунарли, аммо золимга қандай ёрдам берилур?» — деб сўрашди. Шунда Жаноб Расулуллоҳ: «Золимни сўз билан, кўнмаса, куч бирлан зулмдан қайтариш унга кўрсатилган ёрдамдур»,-дедилар. 
«Кимки бировга ноҳақ (хоҳ маънавий, хоҳ моддий ва хоҳ жисмоний) зулм қилган бўлса, бу гуноҳ, динору дирҳам бўлмайдирган (кун — Қиёмат келмасидан) ва ўзини гуноҳкор хўжайинини олдига келмасидан олдин ўз гуноҳини ювсин! Агар бу зулмкор шу дунёда амали солихлар қилган бўлса, ул амали солихларига тегадирган савобларидан унинг қилган зулмига ярашаси олиб қўйилур. Башарти амали солиҳлари бўлмаса, ўзи зулм қилган кишининг гуноҳларидан олиниб, унинг бўйнига юкланур». 
 Тариф Абу Тамима ривоят қиладилар:
 «Мен Сафвон бирлан Жундубни ва унинг дўстларини кўрдим, Жундуб уларга насиҳат қилаётган эрди. Улар: «Сиз Жаноб Расулуллоҳдан бирор ҳадис эшитганмисиз?» — дейишди. Жундуб: «Мен Жаноб Расулуллоҳнинг: «Кимки бировни шармисор қилса, Аллоҳ таоло ҳам уни қиёмат куни шармисор қилғай, кимки ўзгаларни қийнаса, Аллоҳ таоло ҳам уни қиёмат куни қийнағай» — деб айтганларини эшитганман»,— деди. Улар: «Бизларга ўгит беринг!» — дейишди. Фақат ҳалол топиб енглар, ўзингиз билан жаннат орасига ғов тушмасин десангиз, кафтингизни қон билан булғаманг,— дедилар». 
 Абу Саъид ал-Худрий разияллоҳу янҳу ривоят қиладилар: 
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Мўминлар дўзах (устига солинган кўприк)дан қутилишгач (омон-эсон ўтиб олишгач), жаннат бирлан дўзах (устига солинган ўшал кўприк) оралиғидаги қантарада (баланд жойда) тўхтатилурлар». Шунда улар бу дунёда бир-бирларига қилган зулмлари учун ўзаро ўч олиб, гина-қудуратлардан фориғ бўлиб олурлар, сўнг уларга жаннатга киришга ижозат берилур. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зот номи бирлан қасамёд қиламанки, улар бу дунёдаги уйларидан кўра жаннатдаги жойларини тезроқ топиб олурлар.

Когон шаҳар “Шом” жомеъ масжиди
имом хатиби Д.Болтаев
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:36
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram