Муомала маданияти.
Муқаддас динимиз манбаларида инсонлар бир бирларига доимо ширинсуханлик ва самимийлик билан муомала қилишлари лозимлигини таъкидланади. Инсонлар гўзал сурат ва шаклда яратилган. Бу ҳикмат уларнинг муомаласи ҳам гўзал бўлишини тақозо қилади. Инсон сурат ва сийратини, ички дунёсини чиройли қилгани сайин комиллик даражасига яқинлашаверади. Инсон улғайиб, атрофидагилар билан ўзаро муомалага киришар экан, жамият орасида инсонни ҳурматга сазовор қиладиган умумий одоблар борки, буларсиз соғлом жамиятни тасаввур қилиб бўлмайди. Овқатланиш, саломлашиш, рухсат сўраш, мажлис, сўзлашиш, ҳазил-мутойиба, касал кўриш, таъзия билдириш, акса уриш ва эснаш, меҳмондорчилик ва шу каби ижтимоий одобларни ҳар бир мусулмон билиши ва уларга риоя этиши лозим. Бу борада Пайғамбаримиз(с.а.в.) ҳар бир нарсанинг одобини кўрсатиб берганлар. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад (солаллоҳу алайҳи васаллам)даги мулойимлик фазилатлари ва унинг чиройли оқибатларини инсонларга намуна қилиш мақсадида ояти карима туширган: “Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй Муҳаммад,) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар)атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар. Бас уларни афв этинг, (гуноҳлари учун) кечирим сўранг ва улар билан кенгашиб иш қилинг! (Бирор ишга) азму қарор қилсангиз, Аллоҳга таваккул қилинг, зеро, Аллоҳ таваккул қилувчиларни севар” (Оли Имрон, 159).
Шунинг учун мўъминлар муомалада мулойимлик ва кечиримлиликни шиор қилиб олишлари лозим.
Одатда киши обрў-эътиборини тил орқали топади. Доно халқимиз бу тўғрида “Буғдой нонинг бўлмасин, буғдой сўзинг бўлсин”, “Беморга ширин сўз керак, ақлсизга кўз”, “Яхши гап билан илон инидан чиқар, ёмон гап билан пичоқ қинидан” каби ҳикматлари бежизга айтан эмас. Зеро, инсоннинг маънавий даражасини кўрсатадиган ҳаёт тарзини енгиллаштирадиган, иш юритишда фойдага асос бўладиган, соғлик-саломатлигини барқарорлаштирадиган асосий омилдир.
Аллоҳ азза ва жалла ўзининг муқаддас каломида куйидагича марҳамат қилади
قَوۡلٞ مَّعۡرُوفٞ وَمَغۡفِرَةٌ خَيۡرٞ مِّن صَدَقَةٖ يَتۡبَعُهَآ أَذٗىۗ وَٱللَّهُ غَنِيٌّ حَلِيمٞ
“Яхши сўз ва кечириш, ортидан озор келадиган садақадан кўра яхшироқдир. Ва Аллоҳ ғаний ва ҳалим зотдир”. (Бақара, 263)
Ояти каримага кўра “ортидан озор келадиган садақа”нинг кераги йўқ. Ундан кўра бир оғиз ширин сўз ва кечиримли бўлиш яхшироқдир. Бир оғиз бўлса ҳам, ширин сўз қалбнинг жароҳатига малҳам бўлади, кишининг кўнглини кўтаради. Кечириш эса, ҳасад ва ёмонликни ювиб ташлаб, ўрнига муҳаббат ва дўстликни солади.)
Тилга эътиборли бўлиш, мулоҳаза ва мушоҳада билан фикр юритиш, бунинг устига самимий муомалада бўлиш инсон учун фақат яхшилик келтиради. Инсон тарбияни асосан оиласидан олади ва ҳар бир ишда ота-онага тақлид қилади. Фарзандларининг муомала маданиятини яхши бўлишини истаган ота-оналарнинг ўзлари бу жиҳатда фарзандларга ибрат бўлишлари керак. Айниқса, фарзандлар олдида бир-бирини танқид қилиш, камситиш юракда кетмас доғ бўлиб қолиши мумкин. Аксинча, фарзандлари олдида турмуш ўртоғига болаларнинг меҳрини келтирувчи вазиятга мувофиқ сўзлар билан мулоқот ва муомала қилиш ота-онанинг иззат-ҳурмат топишнинг муҳим омилларидандир.
Ҳаётда турли хил вазиятлар бўлади. Айрим ота-оналар фарзандларини ўкситмаслик, намунали қилиш мақсадида кийинишда, овқатланишда, таълим олиш ва ишлашда улар учун барча шароитларни яратиб берадилар. Фарзанд эса бу имкониятларни нотўғри тушуниб, кибрли, манман бўлиб ўсади ва бу кайфияти унинг ахлоқига салбий таъсир кўрсатади. Оқибатда тўқликка шўхлик қилиб муомала ва мулоқотда қўпол, мулоҳазаси саёзлиги эвазига бир оғиз сўз билан ота-оналарнинг дилларини оғритади, ранжитади. Натижада ўртадаги муомала маданияти издан чиқади, бошқаларнинг ундан кўнгли қолади. Тузатиш қийин бўлган муаммо ва қийинчиликлар пайдо бўлади. Зеро, инсон қанча гўзал ва бой бўлмасин, агар муомалани билмаса, ҳеч қачон эл ҳурматига сазовор бўлолмайди.
Аксарият ҳолларда муомала маданиятининг гўзаллиги билан муаммолар ечилади, қалбларга йўл топилади, орзулар рўёбга чиқади, ота-онанинг розилигига эришишга имкон яратилади. Ҳатто, чиройли муомала моддий маблағ билан қилинган яхшиликларни ҳам босиб ўтиши мумкин. Бу маънони таъкидлаб Абу Ҳурайра (розийаллоҳу анҳу) Пайғамбаримиздан (солаллоҳу алайҳи васаллам) келтирган ҳадиси шарифда: “Табассум билан айтилган чиройли сўз - садақадир”, дейилади.
Жамиятда гўзал тарзда яшашга интилган одобли мусулмон дўстга ҳам, душманга ҳам ўзини хор тутмасдан, уларнинг ҳайбатидан қўрқмасдан, кибрдан йироқ бўлган ҳолда, эҳтиром ва тавозеъ ила муомала қилади. Барча ишларида мўътадил бўлишга ҳаракат қилади.
Қуйида муомала одобларини келтириб ўтамиз:
· Одамлар орасида ўтирганда типирчиламайди, бармоқларини бир-бирининг ичига киритмайди, соқолини ва узугини ўйнамайди, тишларини ковламайди, бармоқларини бурнига тиқмайди туфламайди, ҳадеб томоқ қиравермайди.
· Мажлисда сокинлик билан ўтиради, шошилмасдан, тартибли ва аниқ гапиради. Сўзловчининг гапига диққат билан қулоқ осади, унинг гапидан ўта ажабланиб кетганини изҳор қилмайди, гапини такрорлашини сўрамайди.
· Бемаъни гапларни гапирмайди. Ўзининг боласи, ходими, шеъри каби шахсий нарсаларини мақтамайди.
· Кийиниш борасида ясанишга ўч бўлмайди. Шунингдек, ўта паст даражада кийинмайди. Хушбўйлик ишлатишда ҳаддидан ошмайди.
· Ҳожатини чиқаришда ўзини пастга урадиган даражада ўта ялинчоқ бўлмайди. Ҳеч кимни зулмга чорламайди.
· Молининг миқдорини бировга билдирмайди. Чунки бошқалар молнинг озлигини билсалар, паст санашлари, агар кўплигини билсалар, таъма қилишлари мумкин.
· Кишилар ҳузуридаги виқори қўполлик, мулойимлиги заифлик даражасига етишига йўл қўймайди. Ўзидан паст даражадагилар билан ҳазиллашмайди. Чунки бу нарса унинг виқорини туширади.
· Бирор киши билан тортишиб қолганда виқор билан туради. Жаҳлни четга суради, шошилмайди. Ҳужжатини яхшилаб ўйлаб олиб, кейин гапиради. Қўлини кўп силтамайди. Аччиғидан тушгандан кейин оҳиста гапиради.
· Мансабдор шахс уни ўзига яқин олса, у билан худди найзанинг учида тургандек, эҳтиёткорлик ила муомалада бўлади. У мойил бўлганда иш зиддига айланиб қолиши ҳам мумкинлигини унутмайди. Унга худди ёш болага мулойимлик кўрсатгандек муомалада бўлади. Маъсият аралаштирмасдан, унга ёқадиган гапларни гапиради. Фақат хурсандчиликларда дўст бўладиганлардан эҳтиёт бўлади. Чунки ундай кишилар душманларнинг душмани бўлади. Мусулмон киши молини обрўсидан устун қўймайди.
· Мажлисга кирганда аввал салом беради ва ўтирганларнинг орасини ёриб ўтмайди. Қаерда бўш жой бўлса, ўша ерга ўтиради. Тавозеъ кўрсатади. Ўтираётиб, ўзига яқин жойдагилар билан алоҳида сўрашади.
· Йўл устида ўтирмайди. Агар ўтиришга муҳтож бўлиб қолса, кўзни тийиш, мазлумга, заифга ва фалокатга учраганга ёрдам бериш, адашганга йўл кўрсатиш, саломга алик олиш, тиланчига ато бериш, лозим бўлганда амри маъруф, наҳйи мункар қилиш каби йўл одобини жойига қўяди.
· Улуғ ва шарафли кишиларнинг суҳбатида ўтирганда ғийбат ва ёлғондан мутлақо четда бўлади. Сирларни сақлайди. Ҳожатини кўп гапирмайди. Сўзларни танлаб, эҳтиёт бўлиб гапиради. Доимо ҳушёр бўлиб ўтиради.
· Оддий одамлар билан ўтирганда уларнинг гапига шўнғиб кетмайди. Уларнинг миш-миш ва уйдирмаларига унчалик эътибор бермайди. Беодоблик билан айтган лафзларига нисбатан ўзини билмаганга солади.
· Мазаҳдан эҳтиёт бўлади. Ақлли одамни мазаҳ қилса, ҳиқдига сабаб бўлади. Эсипастни мазаҳ қилса, у билан тенг бўлади. Мазаҳ ҳайбатни кетказади ва юзни шувут қилади. Шунингдек, у ҳиқдга ва дўстлик ҳаловатининг кетишига сабаб бўлади.
Сўзимиз охирида шайх Саъдийнинг ушбу мисраларини келтирмоқчиман:
Ширин сўзли шилгай душман пўстини,
Дағал сўзли душман қилгай дўстини.
Шоир огоҳлантирганидек, ширин ва гўзал муомаламиз ила душманимизни дўстга айлантириш барчамизга насиб этсин.
А. Иноятов
Жуйбори калон ўрта махсус
ислом билим юрти мудири.
«орқага