Мусибатлар беҳикмат эмас
07 август 2020 й.
980 марта ўқилди.

 

Мусибатлар беҳикмат эмас 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Азиз опа-сингиллар! Мўмина ва муслималар! Инсон бу дунёда яшар экан вақти-вақти билан мусибатларга дучор бўлиши муқаррардир. Касаллик ёки баданга бирор-бир азият етиши, ота-онаси ва фарзандларидан жудо бўлиши, киши молининг касодга учраши, буларнинг ҳаммаси имтиҳондир. Бироқ ушбу мусибатларни мустаҳкам иймон соҳибу соҳибалари Аллоҳдан келган имтиҳон ва охирини гўзал интиҳо тариқасида қабул қиладилар. Барчамиз ҳозирда имтихонли кунларни бошимиздан кечирмоқдамиз. Ҳатто уйдан чиқишлигимиз ҳаётимиз учун хавфли бўлиб қолди. Олдин бемалол, бехавотир ишимиз ёки бошқа жойларга чиқиб келишимиз, яқинларимиз билан қўл бериб, фарзандларимизни бағримизга босиб кўришишимиз улуғ неъмат эканлигини билдик. Ислом шариати нуқтайи назаридан бошимизга келган бу мусибатларнинг сабабларидан бири бу - инсониятнинг гуноҳидир.
Аллоҳ таоло инсонларнинг бошларига келаётган мусибатлар ўзлари қилган гуноҳлар сабабидан эканлигини Шуъаро сурасининг 30-оятида: “(Эй инсонлар) сизларга не мусибат етса (бошингизга келган ҳар бир мусибат), бас ўз қўлларингиз қилган нарса - гуноҳ (хато) сабабли (етур)”,-  деб марҳамат қилади.
Бугун хох эркак, хох аёлмиз қилган камчилик, гуноҳ, итоатсизлик, хиёнат ва беҳаёлик каби жиноятларимизга тавба қилиб, гуноҳларимизни кечирилишлигини Аллоҳ таолодан астойдил сўрамас эканмиз имтиҳонли, мусибатли кунларимиз ҳали бошимиздан кўтарилмайди. Шундоқ вабо, касаллик кўпайиб, тарқалиб бораётган маҳалда ҳам ўз нафсларига қул бўлиб фаҳш, зино, ичкиликбозлик, хиёнат, алдов ва фирибгарлик каби жамиятнинг таназзулига, миллатнинг емирилишига, келажак авлодни ҳам маънан, ҳам жисмонан бузилишига олиб борадиган жиноят ва гуноҳларни яширинча қилиб юрган, аёллик иффати, номусини оёқости қилаётганларнинг борлиги ачинарли бир ҳолдир.
Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида: «…ва улар фаҳш иш ёки ўзларига зулм қилган чоғларида Аллоҳни эслаб, гуноҳларини ‎мағфират қилишни сўрарлар – гуноҳларни Аллоҳдан ўзга ким ҳам мағфират қиларди? ‌‎– ва улар била туриб қилган ишларида бардавом бўлмаслар‎»,- деган (135-оят). Инсон нима бўлганда ҳам, инсондир. Ҳаёти давомида турли қийинчиликларга, иғво ва чалғитишларга учрайди. Баъзи вақтларда заифлиги тутиб, ҳавойи нафсининг сўзига кириб қўяди. Бундай пайтда дарҳол ўзига келиб, ояти каримада зикр этилаётгандек, «Аллоҳни эслаб, гуноҳларини ‎мағфират қилишни ‎сўрарлар». Ислом тавба эшигини кенг очиб қўйган. Бандалиги, ожизлиги тутиб, баъзи гуноҳларни қилган бўлса ҳам, тақводорлар сафига қўшилиш имкони бор. Фақат бир шарти бор, у ҳам бўлса: «Аллоҳни эслаб, гуноҳларини ‎мағфират қилишни ‎сўрарлар» ва «...ва улар била туриб қилган ишларида бардавом ‎бўлмаслар».
Аллоҳ таоло яна «Бақара» сурасида айтади: «Ва Аллоҳдан мағфират сўранглар. Албатта, Аллоҳ Ғафурдир, Роҳиймдир». (199-оят).
Аллоҳ барчамизни ҳидоят йўлидан оздирмасин, тавба-ю истиғфорларимизни қабул айлаб бу мусибатларни тезроқ бошимиздан аритсин!

Бухоро вилоят  Ғиждувон туман
отинойиси  Зарипова Махлиё
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:35
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram