Мустақиллик берган неъматлар
29 август 2020 й.
971 марта ўқилди.

 

Мустақиллик берган неъматлар

Мустақиллик халқнинг маънавий уйғониши учун тўла имконият яратди. Юрт тарихи, қадимий маданият тиклана бошлади. Халқнинг азалий урф одатлари, маънавий қадриятлари унга қайтариб берилди. Динга муносабат мутлақо ижобий томонга ӯзгарди. Шундай қилиб, қӯлга киритилган Мустақиллик ўзбек халқи тарихида тамоман янги даврни бошлаб берди, миллий дунёқарашда янгича тафаккур шакллана борди. Халқ келажакка ишонч билан қарай бошлади. Ӯз юртининг тӯла хўжайини эканлигини, ўз тақдирини ўзи белгилаш имкониятини қӯлга киритганлигини ҳис қила бошлади.
Бирор-бир жамият маънавий имкониятларини, одамлар онгида маънавий ва аҳлоқий қадриятларни ривожлантирмай, ҳамда мустаҳкамламай туриб ўз истиқболини тасаввур эта олмайди.
Халқимизнинг маънавий қадриятлари, маънавий мероси минг йиллар мобайнида, Шарқ халқлари учун қудратли маънавият манбаи бўлиб хизмат қилган. Узоқ вақт давом этган қаттиқ мафкуравий тазйиққа қарамай, Ӯзбекистон халқи авлоддан авлодга ўтиб келган ўз тарихий ва маданий қадриятларини ва ўзига хос анъаналарини сақлаб қолишга муваффақ бўлди.
Мустақиллигимизнинг дастлабки кунлариданоқ аждодларимиз томонидан кўп асрлар мобайнида яратиб келинган ғоят улкан, бебаҳо маънавий ва маданий меросни тиклаш давлат сиёсий даражасига кўтарилган ниҳоятда муҳим вазифа бўлиб қолди.
Биз маънавий қадриятларимизни тиклашни миллий ўзликни англашнинг ўсишидан, халқнинг маънавий сарчашмаларига, унинг илдизларига қайтишдан иборат узвий, табиий жараён деб ҳисоблаймиз.
Марказий Осиё тарихида сиёсий ақл-идрок билан маънавий жасоратни, диний дунёқараш билан қомусий билимдонликни ўзида мужассам этган буюк арбоблар кўп бўлган.
Имом Бухорий, Имом Термизий, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳмад Яссавий, Ал-Хоразмий, Ал-Беруний, Ибн Сино, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдурауф Фитрат, Мунавварқори, Чўлпон, Абдулла Қодирий ва бошқа кўплаб буюк аждодларимиз миллий маданиятимизни ривожлантиришга улкан ҳисса қўшдилар, халқимизнинг миллий ифтихори бўлиб қолдилар. Уларнинг номлари, жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган буюк ҳиссалари ҳозирги кунда бутун дунёга маълум.
Тарихий тажриба, анъаналарнинг мерос бўлиб ўтиши - буларнинг барчаси янгидан-янги авлодларни тарбиялайдиган қадриятларга айланиб қолмоғи лозим. Бизнинг маданиятимиз бутун инсониятни ўзига ром этиб келаётган марказ бўлиб қолганлиги тасодифий эмас. Самарқанд, Бухоро, Хива фақат олимлари ва санъат ихлосмандлари учунгина эмас, балки тарих ва тарихий қадриятлар билан қизиқувчи барча кишилар учун зиёратгоҳга айланди.
Мустақиллик мамлакатимиз аҳолисининг билим доирасини кенгайтирди. Тарих ва ҳозирги замон воқеликларига мурожаат қилиш, бизнинг ижтимоий тафаккуримиздан ҳаётни идрок этишнинг мавҳум ва ақидапарастлик қолипларини енгиб ўтишини, мустақил фикр юритиш ва рўй бераётган ҳодисаларни баҳолай олиш қобилиятини талаб этади.
Халқимизнинг келажаги, энг аввало, унинг ўзига, маънавий қудратига ва миллий онгининг ижодий кучига боғлиқдир. Моддий фаровонликка табиий интилиш миллатнинг маънавий ва ақлий ўсиш эҳтиёжига ғов бўлмаслиги лозим. Маънавийлик ва маърифийлик халқимизнинг кўп асрлик тарихи давомида доимо унинг энг кучли ўзига хос хусусияти бўлиб келди.
Бизнинг анъанавий қадриятларимизнинг ҳозирги демократик жамиятнинг қадриятлари билан уйғунлаштириш, келажакда янада равнақ топишимизнинг, жамиятимиз жаҳон ҳамжамиятига қўшилиши гаровидир. Аллоҳ жонажон юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо қилиб, бу буюк неьмат бӯлмиш мустақилликни мустақиму-пойдор айласин.

Вобкент туман “Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий” жомеъ масжид
имом-хатиби Ғ. Очилов.
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:29
Пешин: 13:10
Аср: 18:10
Шом: 19:55
Хуфтон: 21:35
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram