Мустақиллик фидойилари
02 сентябр 2020 й.
912 марта ўқилди.
Мустақиллик фидойилари
Мустақиллик неъмати ва халқ фаровонлиги ҳуқуқига эришиш учун ўтмишда ўтган ватандошларимиз керак бўлса жонларини фидо қилишган. Тинчлик йўлида курашган зотлардан чоризм мустамлакаси даврида маърифат ғоясини баланд кўтариб чиққан жадид боболаримизнинг фаолияти бунга яна бир ёрқин мисол бўла олади. Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори, Абдулла Авлоний, Исҳоқхон Ибрат, Абдурауф Фитрат, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Усмон Носир каби юзлаб маърифатпарвар, фидойи инсонларнинг ўз шахсий манфаати, ҳузур-ҳаловатидан кечиб, эл-улус манфаати, юртимизни тараққий топтириш мақсадида амалга оширган эзгу ишлари авлодлар хотирасидан асло ўчмайди.Ана шундай улуғ аждодларимизнинг илмий-ижодий мероси ва ибратли фаолияти кейинчалик диёримизда Қори Ниёзий ва Тошмуҳаммад Саримсоқов, Ҳабиб Абдуллаев ва Саъди Сирожиддинов, Обид Содиқов ва Собир Юнусов, Яҳё Ғуломов ва Бўрибой Аҳмедов, Ойбек ва Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор ва Зулфия, Саид Аҳмад ва Озод Шарафиддинов, Лутфихоним Саримсоқова ва Ҳалима Носирова, Олим Хўжаев, Раззоқ Ҳамроев ва бошқа кўплаб номлари дунёга танилган машҳур илм-фан, адабиёт ва маданият арбобларининг етишиб чиқишига мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилди. Зеро Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадиси шарифларида марҳамат қилиб айтдилар: ”Сизлардан вафот топиб кетганларни тирикликда қилган яхши амалларини ёдга олиб туринглар”.
Юқорида зикр этилган мисолларни умумлаштирган ҳолда, муҳим бир фикрни хулоса тариқасида таъкидлашни зарур, деб биламан. Гап шундаки, тарихимизда бундай беназир сиймоларнинг мавжудлиги такроран айтишга тўғри келади — ўзига хос бир феномен, яъни ўта ноёб ҳодисадир. Бу эса нафақат бугунги, айни пайтда эртанги авлодларимизнинг ҳам маънавий бойлигига айланиб, халқимизга ҳеч нарса билан ўлчаб, қиёслаб бўлмайдиган руҳий куч-қувват ва мадад бериши муқаррар. Лекин айни пайтда, биз бир ҳақиқатни ҳам яхши англаймизки, фақат ўтмишга, аждодлар меросига маҳлиё бўлиб юришнинг ўзи билан узоққа бориб бўлмайди. Бу зотлар бугунлик кунда биз эришган мустақиллик неъмати ва унга етишиш учун ўз ҳаётларини бағишлаганлар. Шундай экан ҳар биримиз бу улуғ неъмат, яъни мустақилликнинг қадрига етмоғимиз лозим.
Муҳтарам Юртбошимиз таъбирлари билан айтганда буюк аждодларимиз билан фахрланиб қолмасдан, уларга муносиб авлод бӯлмоғимиз ва ёшларимизни ҳақиқий ватанпарвар қилиб вояга етказмоғимиз кераклигини унутмаслигимиз лозим. Аллоҳ юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо қилиб, мустақиллигимизни мустақиму пойдор айласин. Бутун дунёдан, жумладан халқимиз бошидан бу касалликларни кӯтарсин, ҳаётимизни бунданда фаровон қилиб, самовий ва арозий бало-офатлардан Аллоҳ асрасин. Мустақиллик барчамизга муборак бўлсин.
Вобкент туман “Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий” жомеь масжид
имом-хатиби Ғ.Очилов
«орқага