Мустақиллик-олий неъмат.
30 август 2019 й.
1515 марта ўқилди.
Мустақиллик-олий неъмат.
Аллох таоло сизу бизга ато этган буюк неъматлардан бири Истиқлолдир. Истиқлол туфайли жаннатмакон мамлакатимизда ислом дини равнақи йўлида кенг имкониятлар очилиб, эътиқод эркинлиги қонуний равишда кафолатлаб қўйилди. Миллий ва диний қадирятлар тикланди, масжид ва мадрасаларнинг бинолари, нодир тарихий манбалар осори атиқалар мусулмонларга қайтариб берилди. Уларнинг эмин-эркин ибодат қилишлари, диний таълим олишлари, диний адабиётларни нашр этишлари учун хамма шароитлар яратилди. Рўза ва Қурбон хайитлари дам олиш куни деб белгиланиб, байрамга айлантирилди.
Хар қандай неъматнинг қадри унинг заволга учраган пайти билан таққослаганда яққол кўринади. Миллий ва диний қадирятларимиз унут бўлаёзган, ибодат ва маросимлар тақиқланган, масжидлар омборхоналарга айлантирилган, муқаддас китоблар йўқ қилинган,кечаги тарихни эсласак, бугунги дориломон замонамизга шукуроналар айтишимиз фарз ва қарздир.
Масжид-мадрасаларни давлат рўйхатидан ўтказишда бир қатор имтиёз ва енгилликлар берилди. Барча вилоят, шахар ва қишлоқларда хамма қулайликларга эга юзлаб янги масжидлар қурилди, қадимийлари таъмирланди. Ислом ўқув юртларида азиз ўғил ва қизларимиз ислом таълимотларини чуқур эгалламоқдалар. Бундай бунёдкорлик, савобли ишлар мунтазам амалга ошириб келинмоқда. Буларнинг хаммаси мустақиллик берган имкониятлар ва эркинликлардир. Мўъмин-мусулмонлармиз Аллох таоло ато этган мустақиллик неъматига, ибодатларни эмин-эркин адо этиш неъматига доимий шукуроналар айтишлари лозим.
Ҳаж қилувчилар сони 7200 дан ошди, умра сафарига чекланмаган миқдорда зиёратчилар бориши мумкин бўлди. "Қуръони карим ва тажвид" ҳамда "Араб тили" курслари ташкил этилди. 2018 йил Юртимизда Қуръон мусобақалари бўлиб ўтди.
Пайғамбаримиз(с.а.в) ҳадисларининг бирида:
"Аллоҳ таоло бандага каттами, кичикми бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун "Аллоҳга ҳамд бўлсин"деса шунда у ўша неъматдан ҳам афзалроқ нарсага эришган бўлади", (Имом Ҳоким ва Имом ибн Можа ривояти)-деганлар.
Аллоҳ таолонинг бизларга берган улуғ неъматларидан яна бири юртимизнинг тинчлиги ва осойишталигидир.Ҳозирги кунда барчамиз Ер юзининг турли жойларида бўлиб турган турли офат ва балолар,қон тўкилишлари ҳақида эшитиб,кўриб турибмиз. Юртимизни самовий ва арозий балолардан сақлаб тургани учун Аллоҳ таолога беадад ҳамдлар ва шукроналар айтишимиз керак.Тинчлик ва ҳотиржамлик улуғ неъмат эканини ҳаммамиз яхши биламиз,аммо унинг қадрига етиш лозимлигини айримларимиз унутиб қўямиз.
Аллох таоло барчамизни улуғ, азиз мустақиллик неъматига шукрлар айтиб, уни янада мустахкам ва бардавом бўлиши йўлида савобли амаллар қилишимизга насибу рўзи айласин.
Когон шаҳар “Шом” жомеъ масжиди имом хатиби Д.Болтаев
«орқага