МУСТАҚИЛЛИК – УЛУҒ НЕЪМАТ
29 август 2016 й.
«орқага
3576 марта ўқилди.
МУСТАҚИЛЛИК – УЛУҒ НЕЪМАТ
Юртимизга истиқлол неъматини ато этиб, динига ривож берган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!
Динимизнинг арконларини ўргатиб, бизга Роббимизнинг каломини етказган Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду саловотлар бўлсин!
Аллоҳ таолога шукрлар бўлсинки, юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо қилиб, сизу бизни хавфу хатарлардан, офат-балолардан омонда сақлаб келмоқда.
Аллоҳ таоло Ўзининг муборак каломида биз бандаларга шундай марҳамат қилади:
«Роббингизнинг (сизга ато этган барча) неъмати хақида эса (одамларга) сўзланг!» (Зуҳо сураси, 11-оят).
Аллоҳ таоло ушбу оятда Ўзининг суюкли Пайғамбарига берган неъматларини эслатиб, уларни одамларга айтиб, сўзлаб бериш билан бир қаторда бу неъматларнинг Эгасига ҳамду сано, шукрона айтишни ўргатмоқда. Шундай экан, берилаётган неъматларга шукр қилмасак, қадрига етмасак, Аллоҳ асрасин, ношукрлардан бўлиб қоламиз. Бугунги кунда бизга берилган кўплаб неъматларнинг сабабчиси, уларнинг негизи, уларнинг энг улуғларидан бири истиқлол неъматидир.
Нима учун истиқлол неъмати бошқа кўп неъматларга сабаб ўлароқ эътироф қилинмоқда? Бунинг сабаби шуки, юртимизда рўй бераётган барча ижобий ўзгаришлар, жаҳолатдан маърифат сари юзланган эврилишларнинг бошланғич нуқтаси айнан мана шу мустақиллик, ҳуррият неъмати ато этилган кундир.
Ҳар бир инсон ота-бобоси, аждодлари эришган улкан ютуқлар билан фахрланади, уларнинг хоки ётган она тупроғини кўзига тўтиё қилади. Ҳар бир халқ уни дунёга танитган машҳур ўғлонлари билан фахрланади, ҳар бир давлат унга асос солган буюк сиймолар хотирасини ёдда сақлайди. Шундай экан, ўзбек халқи ҳам, Ўзбекистон давлати ҳам бутун дунёга донғи кетган буюк ватандошларимизни, салаф солиҳларимизни, халқимизнинг мард ўғлонларини қадрлайди, уларнинг порлоқ хотирасини сақлашни ёш авлодга васият қилиб қолдиради. Ўзбек халқининг буюк фарзандларини, тарихда ўчмас из қолдирган, бугунги инсоният тамаддунига, илм-фанга, дину диёнатга улкан ҳисса қўшган улуғ зотларни санаймиз десак, қувваи ҳофизамиз ожизлик қилади. Аллоҳ таоло бу борада халқимизни ниҳоятда сийлаб, кўкларга кўтарган. Бизнинг диёр – Имом Бухорий, имом Термизий, Имом Мотуридий, Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбанд, Хоразмий, Фарғоний, Беруний, Форобий, Ибн Сино, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Улуғбек Мирзо, Юсуф Хос Ҳожиб, Алишер Навоий, Бобур, Аҳмад Яссавий, Сўфи Оллоёр, Авлоний, Беҳбудий, Фитрат каби минглаб буюк зотларни етиштирган муборак заминдир.
Қўйингки, инсон ҳаётининг қайси бир жабҳасини олиб қарамайлик, ўша соҳада халқимизнинг вакиллари муносиб ўрин тутган, исми инсоният тарихининг зарварақларига зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қўйилган бўлади.
Истиқлол неъматининг улуғлиги шундаки, унинг шарофати билан мазкур буюк аждодларимиз яна қадр топди, уларнинг номлари тикланди, тарихлари, асарлари ўрганила бошланди. Ўтмишда яшаб, ўз фаолияти билан Ислом динининг ривожига бебаҳо ҳисса қўшган уламоларимизнинг ижодлари ва меросларига муносиб равишда ёндашилди. 1998 йил Самарқанд вилоятида улуғ муҳаддис олим имом Бухорий хазратларининг ёдгорлик мажмуаси барпо этилиб, бу зотнинг 1225 йиллиги, шунингдек, Бурҳониддин Марғилонийнинг 910 йиллиги ҳамда Абу Мансур Мотуридийнинг 1130 йиллиги халқаро миқёсда кенг нишонланди.
Асрий қадриятларимиз шу тариқа тикланиб, ривожланиб бормоқда. Маданиятимиз, динимиз ўзининг табиий- тарихий, миллий, диний ва фалсафий асосларига қайтмоқда. Айниқса, аждодларимизнинг улкан маънавий меросини ўрганиш, асарларини оммалаштириш, она тилимиз ва динимизнинг ривожи учун барча шарт-шароитлар яратилгани ўзбек халқи учун, барча мўмин-мусулмонлар учун, миллатнинг келажак тараққиёти учун қудратли омил бўлди.
1992 йил 8 декабр куни Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинди. Мазкур хужжат қабул қилиниши мустақил юртимизнинг давлатчилик тарихида катта воқеа бўлди. Унга биноан, 1998 йил 1 майда қабул қилинган «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонунга асосан диний ташкилотларга хуқуқий мақом берилди. Мазкур қонуннинг 5-моддаси эътиқод софлигига, диний бағрикенгликка асослангандир. Амалдаги қонунлар асосида турли динларга эътиқод қилувчи фуқаролар, турли эътиқодларга мансуб диний ташкилотлар ўртасида ўзаро муроса ва ҳурмат ўрнатилиши таъминланган, мутаассиблик, экстремизмга, муносабатларни қарама-қарши қўйиш ва кескинлаштиришга, турли дин тоифалари ўртасида адоватни авж олдиришга қаратилган ҳатти-ҳаракатларга йўл қўйилмайди.
Юртбошимиз муборак Ислом динининг буюк маънавиятимизнинг асоси эканини эътироф этиб, шундай деганлар: «Биз ўз миллатимизни мана шу муқаддас диндан айри холда асло тасаввур қила олмаймиз. Диний қадриятлар, исломий тушунчалар хаётимизга шу қадар сингиб кетганки, уларсиз биз ўзимизни йўқотамиз».
Шундай экан, биз бу улуғ неъматнинг шукрини адо қилишимиз, уни авайлаб-асрашимиз, биз учун ёт бўлган ҳар қандай ҳаракат, ғоя ва фикрларга бефарқ бўлмаслигимиз, мустақил она диёримиз халқига, унинг тинч турмуши ва фаровонлигига бўлаётган таҳдидлардан огоҳ бўлишимиз, бу йўлда ўзимизнинг холис хиссамизни қўшишимиз лозим. Шундагина барчаларимиз Аллоҳ ато этган истиқлол неъматига чинакам шукр қилгувчи шокир бандалардан бўламиз, Роббимизнинг розилигини топиб, динига мадад бериб, унга амал қилгувчилардан бўламиз.
Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ
Юнусобод тумани бош имоми,
Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,
«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби