Мустақиллик неъмати
29 август 2022 й.
531 марта ўқилди.

 Мустақиллик неъмати

Озодлик, эркимиз, мустақиллик, ҳурриятимиз деймиз. Нега байрам қиламиз, нега бир бировимизни қутлаймиз? 
 
Озодлик, мустақиллик бу – она тилимиз, озодлик, мустақиллик бу- иқтисодий, сиёсий жабҳаларда ўз йўналишимиз, озодлик, мустақиллик бу - ўз мақсадларимиз сари эркин ҳаракат, озодлик, мустақиллик бу - тарихимиз, қадриятлармиз, озодлик, мустақиллик бу - динимиз, эътиқод эркинлигини англатади.
 
Бу нарсалардан маҳрумлик эса қуллик ҳисобланади. Қул ўз сўзидан, ўз эркидан, ўз мақсадларидан воз кечиб хўжайинининг хохиш истакларига бўйсунади, шунга мослашади.
 
Бунинг ёрқин мисолини биз Чингиз Айтматовнинг Асрга татигулик кун асаридаги “манқуртга айлантирилган қул” мисолида кўришимиз мумкин. Ўзлигидан маҳрум қилинган, ўз қадриятларидан, мақсадларидан маҳрум қилинган Жўломон - манқурт охир оқибатда ўз онасига қарата ўқ отди...
 
Аллоҳ Таоло бандасига жузъий ихтиёр, ҳурликдан насиба бериб Ўзининг каломида шундай марҳамат қилди:
 
فَأَلْهَمَهَا فُجُورَهَا وَتَقْوَاهَا {الشمس/8} قَدْ أَفْلَحَ مَن زَكَّاهَا {الشمس/9} وَقَدْ خَابَ مَن دَسَّاهَا
 
Бас, унга фужурини ва тақвосини билдирди. Батаҳқиқ, ким у(нафс)ни покласа, ютуққа эришди. Ва батаҳқиқ ким у(нафс)ни кирласа, ноумид бўлди.
 
Ушбу оятда банда яхшилик ва ёмонлик ўртасида ихтиёрли эканлиги, ким ўз нафсини покласа нажот топиши, ким уни гуноҳ, маъсиятлар билан кирласа дунёю охиратда ноумид бўлишини хабарини берди. 
 
Қазою қадарни белгилашда ҳам Аллоҳ таоло ҳукм қилиб эмас, балки Ўзининг азалий илми билан бандаси нимани ихтиёр қилишини билиб, тақдирини ҳам шунга мувофиқ белгилади.
 
Демак озод бўлиш, ихтиёрли бўлиш, эркин бўлиш бу-Аллоҳ таолонинг бандаларига берган неъмати.
 
Ҳазрати Билол ўз озодликларини Аллоҳ таолонинг розилигига нисбат бердилар. У киши Расулуллоҳ с.а.в. рихлат қилганларидан кейин азон айтмай қўйдилар. Ҳар гал азондаги Ашҳаду анна Мухаммадан росулуллоҳ лафзини айтганларида Расулуллоҳ с.а.в.ни эслаб фироқ азобидан томоғларига бир нарса тиқилар ва азон айта олмай қолар эдилар. Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ р.а. у кишидан азон айтишни илтимос қилганларида: Агар ўзингиз учун мени қулликдан озод қилган бўлсангиз азон айтаман, агар Аллоҳ учун озод қилган бўлсангиз азон айтмайман-деб айнан  ибодат саналган, ажрли, савобли амал бўлган азон айтишни хоҳламадилар. 
 
Салмон Форсий қул эдилар. Хўжайинларига неча минг дона хурмо экиб бериш эвазига озодликни қўлга киритдилар. Араб саҳросида минг эмас бир дона хурмони кўкартириш қанчалик машаққат. Саҳобалар баҳамжиҳат бўлиб, бир кишининг озодлиги учун ҳаракат қилишди. Натижада Салмон форсий озод, ҳур бўлдилар.
 
Ҳазрати Билол, Салмон Форсийларнинг озодлиги бу бир кишининг озодлиги эди. Энди бутун бир миллат, элатнинг, юртнинг озодлиги қанчалик аҳамиятли, қанчалик қийматли. Шунинг учун ота боболаримиз, юрт, ватан озодлиги йўлида ҳатто жонларини ҳам аяшмаган.
 
Ватан озодлиги, юрт ҳуррияти йўлида жонларини фидо қилган аждодларимиз ҳам ҳар биримиз учун ибрат. Жалолиддин Мангуберди Она тупроғига бостириб кирган ғанимга қарши бетимсол жасорат кўрсатгани туфайли “Ҳар бир ота орзу қилса арзигулик ўғлон” деб таъриф берган Чингизхон ҳам Жалолиддин Мангубердининг жасорати олдида енгилиб бўлган эди. 
 
Қариган чоғида ҳам ватан ҳимояси, озодлиги йўлида душманга қарши қўлига қилич олиб шаҳид бўлган Нажмиддин Кубро бобомизнинг жонсиз танасидан байроқни олиш учун душман томон унинг бармоқларини кесишга мажбур бўлгани ҳам бизларга  Ватан тупроғининг не чоғли муқаддас ва дахлсиз эканлигини англатади. 
Ҳикматда “Ватанни севмоқ иймондандир” дейилади. Аллоҳ таоло юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо айласин. Халқимиз ҳаётини бунданда фаровон қилсин. Яқинлашиб келаётган Мустақиллик байрами ҳам ҳаммамизга қутлуғу муборак бўлсин.  
 
Ориф Амонов,
“Абдухолиқ Ғиждувоний” масжиди имом-хатиби 
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:55
Куёш: 06:32
Пешин: 13:10
Аср: 17:10
Шом: 18:55
Хуфтон: 20:25
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram