Мусулмон бир тану жондир, лоқайдлик мўминга ётдир
05 август 2020 й.
926 марта ўқилди.

 

Мусулмон бир тану жондир, лоқайдлик мўминга ётдир

Инсон ҳаёти давомида бир-неча бор нохуш ҳолатларнинг гувоҳи бўлиб қолади. Бундай вазиятларда кимлардир кўмакка, нохушликни олдини олишга шошилса, бошқа бировлар эса эътиборсизлик, лоқайдлик билан индамай ўтиб кетаверадилар. Бундан ҳам ачинарлиси, гўё хазина топиб олгандек, қизиққонлик билан ёрдам бериш ўрнига уяли телефонларини чиқариб суратга оладиганлар ҳам бор. Уруш-тўполон, жанжал, зўравонлик, қотилликнинг интернет тармоқларида минглаб лавҳаларни топиш мумкин. Автоҳалокатдами, ёнғиндами, сув тўфонию ва бошқа ҳолатларда инсон ҳаётини сақлаб қолиш нақд бўлиб турганда индамай томошабин бўлиб турганлар ҳақида нима дейиш мумкин. Бировнинг мусибатидан завқланадиганлар, бошқалар дардини ҳис қила олмайдиган қалби қораларнинг инсонийлик, одамийлик, ҳамдардлик тушунчаларидан умуман хабарлари йўқдек гўё.
Бу мудроқлик, эътиборсизлик, лоқайдлик ҳолатларини ҳар ким ўзича таҳлил қилади. Кимдир одамлар “ёрдам кўрсатаман” деб ўз бошларига муаммо ортиришни хохлашмайди деса, бошқа бировлар “гувоҳ сифатида маҳкамама-маҳкама юришни истамайди” дейди. Баъзиларга “зўравонлик, уруш-жанжалли вазиятларда қўрқоқлик ҳисси ғолиб келади ва шунинг учун аралашишмайди” деган сабабларни важҳ қилишади. Айримлар эса, “мендан бошқа бирор бир киши ёрдам кўрсатсин, нега энди айнан мен” деб, ўзларидан масъулиятни холи қилишади. Лекин юқорида санаб ўтилган сабабларнинг бирортаси одамлардаги бу лоқайдлик-апатия ҳолатини оқлашга етарли асос бўла олмайди. Ушбу мавзуни ёритган ғарб газеталарнинг бирида шундай жумлалар бор эди: “Лоқайд, бефарқ одамлар бизу сиздан ҳеч қандай фарқи бўлмаган кишилар. Улар аралашишни хохлашмайди холос. Жамиятимиз борган сари худбин,  ҳиссиз бўлиб бормоқда. Ҳаёт машаққатлари, турмуш қийинчиликлари уларни қотириб қўйган. Улар “муз жамиятига”, бир-бировларига бефарқ инсонларга айланиб бормоқда. Айниқса, йирик шаҳарлардаги одамлар атроф муҳитнинг уларга бўлган босимидан имкон қадар ўзларини олиб қочишнинг ҳаракатида бўлиб, ҳаттоки ён қўшниларига ҳам аҳамият бермай қўядилар”...
Яхшиямки биз мусулмонмиз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дуоларида “Эй Роббим, кўз очиб юмгунча ҳам, мени ўз нафсимга ташлаб қўймагин” (Абу Бакрдан Абу Довуд ривояти) деганларида не чоғли ҳақ эдилар. Чунки киши ўз фикри, ўз нафсига мувофиқ яшайдиган бўлса, албатта адашади. Шунинг учун беш вақт намозларимизнинг ҳар бир ракатида “Бизларни тўғри йўлга бошлагин” (Фотиҳа сураси, 6-оят) деб илтижо қиламиз. Келинг юқоридаги воқеани имкон қадар динимиз нуқтаи назаридан таҳлил қилиб кўрамиз.
Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 213-оятида “Одамлар бир миллат эдилар...”, Аъроф сурасининг 173-оятида эса “Роббинг Бани Одамнинг умуртқа пағонасидан, қиёмат куни, бундан ғофил эдик, демасликларингиз учун, зурриётларини олиб, ўзларига ўзларини гувоҳ қилиб: “Роббингиз эмасманми?” деганида: “Худди шундай! Гувоҳ бўлдик!” деганларини эсла” деб марҳамат қилган. Демак, юқоридаги ояти карималардан маълум бўладики жамики инсониятнинг яратгувчиси Ягона Роббимиз Аллоҳ ва бизлар бир отанинг зурриётларимиз. Роббимиз ягона, отамиз бир бўлганидан кейин биз ўзаро бегонамизми? 
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирортангиз ўзи учун яхши кўрган нарсани биродари учун ҳам раво кўрмагунча мўмин бўла олмайди», дедилар». Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган. Қўшниси оч бўла туриб, ўзи тўқ бўлган мўминнинг иймонида шубҳа бор. («Одоблар хазинаси» китобидан). Мусулмонлар бир тану жонга ўхшайди, агар унинг бир ери оғриса бутун бадан ундан азият чекади.
Мусулмон золимга ҳам, мазлумга ҳам ёрдам қилиши лозим. Мазлумга зулмдан сақланиш, зарар кўрмаслик учун ёрдам берилади. Золимга эса зулмидан тўхташи ва бу одатни тарк этишига ёрдам қилинади. Аллоҳ таолонинг каломи, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўгитларига мувофиқ яшайман деган мўмин ўзини бошқаларга нисбатан бефарқ тута оладими?!. Узоқ водийдаги чўпоннинг қўйини бўри еб кетса Аллоҳ Умардан сўрайди деган ҳазрати Умарнинг ҳолатлари ҳақида бир тафаккур қилиб кўринг. Бунга ўхшаш мисолларни яна юзлаб келтириш мумкин. Чунки динимиз бизларга шундай бўлиш кераклиги таълимини беради. Бир кишидан “Бахтлимисиз?” деб сўрашганида “Қабрдамиманки ўзимни бахтли ҳисоблай оламан?” деган экан. Яъни, киши қабрда инсонлардан, жамиятдан алоҳида ҳолатда бўлади. На у биров билан, на биров у билан муносабат қилади.. На ёрдам, на тажовуз имкони бор. Солиҳ бўлса ютуқда, осий бўлса Аллоҳ сақласин... Лекин киши ҳаёт бўлса-ю, бировга ёрдам бериш, мусибатини енгил қилиш, ҳожатини чиқариш имкони бўла туриб, атрофда мусибат эгалари бўласа, қандай ўзини бахтиёр ҳисоблаши мумкин. Бундай ҳолатда биров билан иши бўлмаган, худбин кишигина ўзини бахтли ҳисоблай олади. Зеро, ҲазратАлишер Навоидан келтирилган ушбу байт бежизга битилмаганига амин бўлдик!
Одами эрсанг демагил одами,
Оники йўқ халқ ғамидин ғами- деганлар.
Аллоҳ Таоло барчамизга Ўзи рози бўладиган тарзда ҳаёт гузаронлик қилишимизни насиб айласин.  

Ғиждувон туман бош имом-хатиби 
О.Амонов
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:15
Куёш: 06:03
Пешин: 13:10
Аср: 17:50
Шом: 19:30
Хуфтон: 21:05
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram