МУСУЛМОН КИШИ
24 июн 2020 й.
«орқага
950 марта ўқилди.
МУСУЛМОН КИШИ
Мусулмон киши ўзининг зиммасида мусулмон биродарларига нисбатан вожиб бўлган бир неча ишларни билиши ва уларни ўзига лозим тутиши даркор: Уларга ёмонлик қилиш ва озор етказишдан тийилиши.
Аллоҳ Таоло айтади: «Мўмин ва мўминаларга бирон гуноҳ қилмасликларидан озор берадиган кимсалар ҳам бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз устларига олибдилар». (Аҳзоб сураси, 58-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон кишини қуйидагича сифатлаганлар: «Мусулмон – мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган кишидир». (Бухорий ва Муслим ривояти).
Уларга нисбатан яхши гумонда бўлиш ҳамда ёмон гумонлардан сақланиш.
Аллоҳ Таоло айтади: «Эй мўминлар, кўп гумонлардан четланинглар! Чунки айрим гумонлар гуноҳдир!». (Ҳужурот сураси, 12-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Гумондан сақланинглар, зеро гумон сўзларнинг энг ёлғонидир». (Бухорий ва Муслим ривояти).
Ўзига яхши кўрган нарсани биродарларига ҳам илиниши. Зеро, бу биродарлик тақозоси саналади: «Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инилардир». (Ҳужурот сураси, 10-оят). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни иймоннинг камолидан санаганлар: «Сизларнинг бирингиз ўзи учун яхши кўрган нарсани биродарига ҳам яхши кўрмагунча иймони комил бўлмайди» (Бухорий ва Муслим ривояти).
Уларга моддий-маънавий кўмак ва ёрдам кўрсатиши, дилларига шодлик киритиши, мусулмоннинг мусулмон устида вожиб бўлган ҳақларини адо этиши, зулмланган пайтларида ёнларини олиши, туҳматга дучор бўлганларида ҳимоя қилиши.
Мусулмон киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана бу сўзларини унутмасинки: «Ким бир мусулмоннинг айбини яширса, Аллоҳ Таоло қиёмат куни унинг айбини яширади». (Бухорий ва Муслим ривояти).
«Ким бир авратни кўриб, уни беркитса, худди тирик кўмилган қизни қайта тирилтиргандек бўлади», - дедилар». Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.
Шарҳ: Мусулмон одамнинг айбини беркитиш ана шундоқ улуғ иш. Бир мусулмон иккинчи мусулмоннинг айбини фош қилиб, уни одамлар ичида шарманда қилиши худди уни тириклайин кўмиб юбориш билан баробардир. Бир мусулмоннинг кишилар ичида шарманда бўлишидан ўлгани афзал.
Шунинг учун ҳам ўз биродарининг айбини беркитган одам уни ўлимдан сақлаб қолган билан баробар бўлади.
Саҳиҳ ҳадиси шарифда келган: “Мусулмон мусулмонга дўст- биродар, унга зулм ҳам қилмайди ва уни ўз ҳолига ташлаб ҳам қўймайди”. (Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривояти).
Бир мусулмон киши, ўзи қандай ҳолда турганидан қатъи назар, бошқа бир мўъмин мусулмонга “Шу амалимни Аллоҳ қабул қилса бўлди, менга шунинг ўзи кифоя”, - деган ниятда меҳр кўрсатса, яхшилик қўлини узатса ва бу эзгу ишларига риёга йўл қўйилмаса, Шакур Зот ундан ризо бўлади. Бу амалини камида ўнга кўпайтириб қабул қилади ҳамда ўша бандасини кутмаган вақтда ва кутмаган жойда, муҳтож бўлиб турган ҳолатида бир сабаб пайдо қилиб, илоҳий ёрдамини ёғдириб қўяди. Чунки бунга ҳамиша рост сўзлайдиган, ҳеч нарсани унутмайдиган, ҳеч қачон ваъдасига хилоф қилмайдиган Зотнинг ваъдаси бор: «Ким(бир)ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур). Ким (бир) ёмон (гуноҳ иш) қилса, фақат ўша (гуноҳ) миқдорида (бир гуноҳга яраша) жазоланур. Уларга ноҳақлик қилинмагай». (Анъом сураси, 160-оят).
Когон шахар “Шом"жомеъ масжид
имом-хатиби Дилшод Бобомурод ўғли