Мусулмон йўловчининг одоби
29 октябр 2020 й.
892 марта ўқилди.

 
Мусулмон йўловчининг одоби

Ислом динида кўча-кўйда юрадиган йўловчиларга ҳам махсус одоблар белгилаб қўйилган бўлиб, бу одобларга риоя қилиш орқали йўловчиларнинг бир-бирига азият бериб қўйишларининг олди олинади. Шунингдек, йўл ҳаракатлари ҳам одоб-ахлоқ асосида бўлиши йўлга қўйилади. Энг муҳими, мазкур одобларга холис ният билан риоя қилганлар кўплаб савобларга эришадилар. 
Аллоҳ таоло Ўз каломида ушбу неъматдан унумли фойдаланишга, йўл юриб, сайр қилишга тарғиб ҳам қилган: “Ва Аллоҳ сизларга ерни гиламдек тўшаб қўйди, унда сиз кенг йўллардан юришингиз учун”. (Нуҳ сураси, 19-20 оятлар).
“У сизларга ерни бўйсундириб қўйган Зотдир. Бас, унинг турли жойларида юринг ва Унинг ризқидан енг. Тирилиш ҳам Унинг саридир”. (Мулк сураси, 15-оят).
Уламолар йўлнинг бир қанча одобларини келтиришган. Улардан бири ва иймоннинг энг паст даражаси деб номланган «Йўлдан зарар берувчи нарсаларни олиб ташлаш»дир. Бу ҳақида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган муборак ҳадисда шундай марҳамат қиладилар: «Иймон етмиш неча ёки олтмиш неча бўлакдир. Бу бўлакларнинг афзали «Лаа илаҳа иллаллоҳ», дейишдир, энг пасти (паст даражаси) йўлдан зарарли нарсаларни олиб ташлашдир. Ҳаё ҳам иймондан бир бўлакдир» (Имом Муслим ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида йўлнинг ҳам инсонлар зиммасида ҳақи борлигини айтганлар ва: “Йўлга ўз ҳақини беринглар”, дея амр қилганлар. Йўл четида уй қурмоқчи бўлганларга йўл учун керакли бўлган миқдорда оралиқни сақлашни тавсия берганлар. Йўловчиларнинг ҳақини эътиборга олиб, йўл ўртасида намоз ўқишдан қайтарганлар. 
Йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаслик гоҳида кимгадир қайсидир даражада фойда келтириши ҳам мумкин. Аммо, бунда кўпчиликка зарар етиши хавфи борлиги сабабидан уларни бузиш мумкин эмас. Зеро, Ислом фиқҳида “зарарни бартараф этиш фойдани жалб қилишдан олдин қўйилади” ва “жамиятнинг манфаати якка шахсларнинг манфаатидан устувор туради”.
Демак, йўловчилар азият чекадиган нарсани йўлдан олиб ташлаш комил мўминлик белгиси экан. Бу борада кўплаб ҳадислар келган бўлиб, уларда инсонларга зарар келтирувчи нарсаларни йўлдан олганлиги сабабли жаннатга кирганлиги ривоят қилинган. Бу ишларни қилиш улкан савоб бўлганидек, йўловчиларга азият берадиган нарсаларни йўлга ташлаш улкан гуноҳ ва одобсизлик саналади. Баъзан, кўчаларда ҳар хил чиқиндиларни махсус қутиларга эмас, йўл четларига ташлаб инсониятга зарар келтираётган кишиларнинг ҳаракатлари бироз дилларни хира қилади. Қолаверса, ҳамма жойда ҳам ахлат ташлаш учун қутиларнинг қўйилмагани яна бир муаммодир...
Гўзал бинолар, катта-кичик кўркам уйлар қураётган юртимиз фуқаролари, кўча одоби бўйича ҳам бошқаларга ибрат бўлишлари керак. Шундай эмасми?

Ромитан туман “Шайх Умар ибн Аҳмад Нажмиддин ал- Қоқиштувоний”
жомеъ масжид имом-хатиби Тилавов Фаррух
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:35
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram