Мусулмонларни адаштирманг
12 январ 2022 й.
«орқага
743 марта ўқилди.
Мусулмонларни адаштирманг!
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим
Бугунги кунда баъзи бир инсонлар ўзича оят ва ҳадислардан ҳукм чиқариб, нотўғри фатволар бериб, ўзини ҳам ва ўзгаларни ҳам адаштирмоқдалар. Аслида, муборак китобимиз Қуръони карим ва Пайғамбаримиз ҳадиси шарифларидан ҳукм олиш ёки бир масала чиқариш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келмайди. Бу дақиқ ва масъулиятли ишни ижтиҳод (оят ва ҳадислардан ҳукм чиқариш) даражасига етган мужтаҳид зотлар, улуғ олимларгина амалга оширишлари мумкин.
Мӯътабар китобларимиздан бири "Нурул-Анвор" китобида Қуръон ва ҳадисдан ҳукм чиқариш учун қуйидаги шартлар топилиши айтиб ӯтилган. Яъни: Ижтиҳод қилишнинг шарти - Қуръони каримни луғавий ва шаръий маъноларини пухта билиш, ҳадис ва унинг етиб келиш йўлларини ҳамда қиёснинг турларини чуқур англаб етишдир. Минг афсуслар бўлсинки, бугунги кунда баъзи бир инсонлар, турли оқим намоёндалари оят- ҳадисларни ўзлари ҳоҳлагандек талқин қилишлари уларнинг илмсиз эканликларига яққол мисол бўла олади. Сохта салафийлар ва бошқа оқим тарафдорлари мужтаҳид олимларимизни хусусан мазҳаббошиларимизни ҳақорат қилиши ва уларни менсимаслиги эса, уларнинг илмсиз ва жоҳиллигининг яна бир кўринишидир.
Ҳозирги кунда мужтаҳидлик даражасига етмай туриб ҳадисларни бу заиф бу саҳиҳ дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мужтаҳидлар каби сифатларга эга бўлмасдан туриб ҳозирги кунда Қуръондан ёки ҳадисдан ўзим ҳукм оламан деган кишилар Қуръон ва ҳадиснинг зоҳирий маъноларидан ҳукм олиб, ўзлари ҳам адашадилар, ва ўзгаларни ҳам адаштирадилар. Бугун биз мусулмонлар ӯзимиздан олдин ӯтган мужтаҳид олимларимиз, мазҳаб эгаларининг илмларига таяниб иш тутсак энг тӯғри йӯл мана шу ҳисобланади. Аллоҳ барчамизни тўғри йўлидан адаштирмасин!
Бухоро шаҳар “Сайфиддин Бохарзий” масжид
имом-хатиби Равшан Камолов
имом-хатиби Равшан Камолов