Мусулмонларнинг ўзаро ҳақларига риоя қиляпмизми?
18 май 2021 й.
700 марта ўқилди.

 

Мусулмонларнинг ўзаро ҳақларига риоя қиляпмизми?

Динимиз мўмин-мусулмонларни бир-бирлари билан ака-укалардек яхши муносабатда бўлишга буюради. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Албатта, мўминлар динда ўзаро биродардирлар. Бас, сизлар икки биродарингиз ўртасини тузатиб қўйингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, шояд, раҳм қилинсангиз” (Ҳужурот сураси, 10-оят).
Икки мусулмонни ўртасини ислоҳ қилиш – аслида уларга ёрдам қилишдир. Чунки баъзан оддий тушунмовчиликлар ортидан ҳам ўзаро адоватлар келиб чиқади. Бу борада Аллоҳ таоло мусулмонларни бир-бирларига ёрдам беришга чақириб, бундай марҳамат қилади: “... Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси, 2-оят).
Демак, динимиз ўзаро бирдамликка ва эзгу ишларда бир-биримизга кўмакчи бўлишга буюрар экан, аввало, ўз ҳаққимиз ҳамда зиммамиздаги бошқа мусулмонларнинг ҳақларини ҳам яхши билмоғимиз даркор. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Мусулмонни (бошқа) мусулмоннинг зиммасидаги ҳақлари олтитадир”, – дедилар. Шунда: “Улар нималар, ё Расулаллоҳ?” – дейилди. Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон учратсангиз, унга салом беринг; сизни (уйига меҳмонга) чақирса, унга ижобат қилинг (яъни чақирилган жойга боринг); насиҳат сўраса, насиҳат қилинг; акса урса ва “Алҳамдулиллаҳ” деса, унга жавоб қайтаринг; бемор бўлса, уни зиёрат қилинг; агар вафот этса, жанозасида иштирок этинг”, – дедилар (Имом Муслим ривояти). Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадиси шарифларида умматларига бир-бирларидаги ҳақларини ўргатмоқдалар:
1. 1. Қачон учратсангиз, унга салом беринг;
Икки мусулмон учрашганда уларнинг бирларида иккинчисига нисбатан салом бериш ҳақи бор. Улардан қай бири аввал салом берса, савобнинг кўпини олади ва нариги биродарига алик олишни фарз қилади.
2. 2. Агар сизни (уйига меҳмонга) чақирса, унга ижобат қилинг;
Бир мусулмон тўй ёки маросим қилиб, бирор танишини таклиф қилса, ўша таклифга жавобан мазкур маросимга бориш – таклиф қилинганнинг мусулмонлик бурчидир.
3. 3. Агар насиҳат сўраса, насиҳат қилинг;
Қийин вазиятга тушган инсон маслаҳат сўраганда, унга тўғри маслаҳат бериш ҳам мусулмонлик бурчи ҳисобланади.
4. Агар акса урса ва “Алҳамдулиллаҳ” деса, унга яхшилик тиланг;
Ҳар бир мусулмон акса урганида “Алҳамдулиллаҳ” дейиши лозим. Унинг акса уриб, ҳамд айтганини эшитган кишига эса, унга “Ярҳамукаллоҳу” (Аллоҳ сизга раҳм қилсин) деб, яхшилик тиламоғи – мусулмонлик бурчидир.
5. 5. Агар бемор бўлса, уни зиёрат қилинг;
Бемор бўлган мусулмонни зиёрат қилиб, кўнгил сўраб, унинг дуосини олиш –аввало мусулмонлик ҳаққи, қолаверса – инсонийлик бурчидир.
6. 6. Агар вафот этса, жанозасида иштирок этинг;
Вафот этган мусулмонни шариат аҳкомларига мувофиқ дафн қилиш –мусулмонлар зиммасидаги фарзи кифоядир. Шунинг учун бирор мусулмоннинг вафоти ҳақидаги хабарни эшитган ҳар бир мусулмон иложи борича жанозага қатнашмоғи лозимдир.
Аллоҳ таолога беҳад ҳамду санолар бўлсинки, ота-боболаримиз минг йиллардан буён мана шундай мўмин-мусулмончилик ҳақларига риоя қилиб келганлар. Маҳалладаги боқувчисини йўқотган оилалар ҳолидан хабар олиш, ёши улуғларни хизматларида бўлиш каби эзгу ишлар халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган.
Мусулмон инсон бошқа мусулмоннинг бирор гуноҳ иш қилаётганидан хабардор бўлса, уни бу ишидан қайтариши ҳам – бир мўминлик бурчидир. Чунки бу – ҳақиқий дўст-биродарлик рамзидир. Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Сизлардан бирортангиз ўзи учун яхши кўрган нарсани бошқа мусулмон учун ҳам раво кўрмагунича (комил) мўмин бўла олмайди”, – дедилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Сўфи Оллоёр бобомиз ҳам бу ҳақда бундай деганлар: 
Худонинг буйруғидин тойса ногоҳ,
Биродарлик ўшалдур – қилсанг огоҳ.
Мусулмон инсоннинг зиммасидаги бошқа мусулмонларнинг ҳақларидан бири – унинг тилидан ва қўлидан бошқалар озор чекмаслигидир. Аллома ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Жомеъул улум вал ҳикам” асарларида: “Мусулмонга ҳар қандай кўринишда,  хоҳ сўз билан, хоҳ феъл билан бўлсин, ноҳақ азият бериш – ҳалол эмаслиги шарий далилларда ўз ифодасини топган”, – деганлар.
Мусулмон инсоннинг бошқалардан уч кундан ортиқ аразламаслиги ҳам мусулмонлик ҳақларидан ҳисобланади. Афсуски, бугунги кунда арзимаган сабабларга кўра бир-бирлари билан аразлашиб юрган  мўмин-мусулмонлар кўзга ташланиб турибди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси муборакларида: “Мусулмон кишига ўз биродаридан уч кундан ортиқ аразлаш – ҳалол эмас. Ким уч кундан ортиқ аразласа ва шу ҳолида вафот этса, дўзахга киради”, –  дедилар (Имом Абу Довуд ва Имом Аҳмад ривоятлари).
Мусулмонларнинг бир-бирларидаги ҳақлари бир қанча бўлиб, қуйида улардан баъзиларини санаб ўтамиз:
Бирор мусулмоннинг ҳузурига унинг изнисиз кирмаслик;
Катта ёшлиларни улуғлаш, уламоларни ҳурмат қилиш ва болаларга раҳмли бўлиш;
Қарзини вақтида бериш;
Омонатга хиёнат қилмаслик;
Берган ваъдасига вафо қилиш;
Қўшничилик ҳақларига риоя этиш;
Мусулмон биродарининг жони, моли ва обрўсига етадиган зулмни даф қилиш ва унга бу ишда ёрдам бериш;
Барча мусулмонларнинг айбини беркитиш;
Ҳар бир мусулмонга нисбатан тавозели бўлиш, улардан бирортасига мутакаббирлик қилмаслик;
Бошқа мусулмонларга ноҳақ туҳмат қилишдан ва ўзи ҳақида ҳам бошқаларни ёмон гумонга боришидан сақлаш.

Аллоҳ таоло барчамизга ўзаро ҳамжиҳат бўлиб яшашни муяссар қилсин!

Манба: Muslim.uz
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:45
Куёш: 06:32
Пешин: 13:10
Аср: 17:30
Шом: 19:10
Хуфтон: 20:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram