МУСУЛМОН КИШИ ЗИММАСИДАГИ ЙЎЛНИНГ ҲАҚЛАРИ
18 феврал 2017 й.
2556 марта ўқилди.

 

               МУСУЛМОН КИШИ ЗИММАСИДАГИ ЙЎЛНИНГ ҲАҚЛАРИ
Мўъмин киши қўлидан келганича инсонларга манфаат етказиб, бировларни оғирини енгил  қилиб яшаши ажрга сазовар бўлиши учун ниҳоятда муҳимдир. Чунки асосий диний манбаларимизда инсоннинг қадри юқори баҳоланади. Аллоҳ таоло инсонларни бир бирларига нисбаттан яхши муомала қилишлари эвазага уларни дунё ва охират саодатини ваъда қилади. У зотнинг охирги элчиси саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу муносабатда умматларига юксак намуна бўлиб, инсонларга турли хил зарарларни етказишдан мусулмонларни қайтарганлар. Шу билан бирга ҳар бир мўъминнинг бўйнида бир қанча ҳақлар борлигини, уларни холис ва самимият билан адо этиш инсонийлик бурчи эканлигини таъкидлаб ўтганлар.  Аллоҳга ишонган ва охиратдан умиди бўлган кишилар бу ҳақларни адо этса, батаҳқиқ нажот топиб, саодатли ҳаётга эришади. Бу масъулиятга бефарқ бўлганлар эса ҳаётида ҳам охиратда ҳам аянчли аҳволга тушиши муқаррар. Кўпчилик  мусулмонлар бу ҳақларни билиб унга риоя қилиб, буларнинг барчасини мусулмонлик вазифаларидан деб биладилар.  Мана шундай муҳим  ҳақлардан бири йўлардаги мусулмонларнинг ҳақлари. Бу сўзни эшитган баъзи кишилар ҳайратланиши мумкин. Наҳотки динимизда шу майда нарса ҳам эътиборли  бўлса , дейдиган кишилар ҳам топилади. Лекин аслида биз учун кичик санаган баъзи нарсалар барчамиз учун катта аҳамиятга эга бўлиши мумкин. Хохлаймизми йўқми ҳар куни ўз юмушларимиз билан уйимиздан чиқамиз. Бизга ўхшаган дунё ташвишлари билан юрган қанчадан қанча одамларни ҳам  кўрамиз.  Бу табиий ҳол. Дунёда ҳаёт бор экан бу ҳолат давом этаверади. Кўчада тез тез кишилар билан юзма юз бўлишимизга тўғри келади. Ёки шунчаки  зерикканимизда уйимиздан чиқиб ўзимизнинг маҳалламизда маҳалладошлар билан суҳбатлашиб қолишимиз мумкин.  Қандай сабаблар билан чиқишимиздан қатъий назар,  йўлда бўламизми унинг ҳақларини адо этишимиз  зарурат экан. Чунки бу гўзал исломий одоблардан саналади. Йўл эса  фақат биз учун эмас,  балки омманики хисобланади. 
 Йўл устида турганлар энг аввал кўзларини номаҳрамларга қарашдан асрашлари,  йўлнинг ҳақларидан бири саналади.   Чунки бир нотаниш кишига узоқ тикилганингизни   сезиб қолса, ўзини ноқулай ҳис қилиши мумкин.  Аёл киши эркакларга нисбаттан табиятан уятчан ҳисобланади.  Уни ноқулай ҳолатдан асраш учун  Аллоҳ таоло айтади: 
  قل الله تعالي:  قُلْ لِلْمُؤْمِنِينَ يَغُضُّوا مِنْ أَبْصَارِهِمْ وَيَحْفَظُوا فُرُوجَهُمْ ذَلِكَ أَزْكَى لَهُمْ إِنَّ اللَّهَ خَبِيرٌ بِمَا يَصْنَعُونَ
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёлларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан) сақласинлар!» (Нур: 3-оят)  Турли хил хунук оқибатларга олиб келмаслиги сабабидан ҳам,  Аллоҳ таоло аёлларни ҳам нотаниш эркакларга карашдан қайтарди. Бир машҳур ҳадисда йўлнинг ҳақлари батафсил ёритилган, Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кўчаларда ўтирманглар» дедилар. Саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, баъзан гаплашиб ўтиришга мажбур бўлиб қоламиз» дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайи ва саллам: «Агар ўтиришга мажбур бўлиб қолсангиз, йўлнинг ҳаққини ўтаб қўйинглар» дедилар. «Йўлнинг ҳаққи нима, ё Расулуллоҳ?» дейишди. «(Ўтган-кетганга) кўзни тикмаслик, озор бермаслик, салом берганга алик олиш ва маъруф-яхши ишларга буюриб, мункар-ёмон ишлардан қайтариш», дедилар (Муттафақун алайҳ).Бу саҳиҳ ҳадисда Пайғамбар алайҳис салом бир неча ҳақларни очиқ ва равшан баён этиб бердилар. Демек кўзни тишийлик билан бирга, кишиларга зарар етказмаслик, саломга алик олиш ва энг асосийси бир ёмон ишни кўрганда бефарқ бўлмаслиги керак.  Ўша амал эгасини бу ёмон амалидан қутулиши учун уни қўлдан келганчи ислоҳ қилишга ҳаракат қилиш гўзал амал экан.
Яна бир ҳадис  Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Йўлларда ўтиришдан сақланинглар! Агар ўтирмасликнинг иложи бўлмаса, йўлнинг ҳаққини ўтаб қўйинглар!». «Унинг ҳаққи нима?» деб сўралди. «Кўзни (ҳаромдан) тийиш, саломга алик олиш ва адашганни йўллаб қўйиш», дедилар (  Баззор «Муснад»ида келтирган,  ). Бу ҳадис аввалгисини тўлдириб келади. Яъни, йўлдан адайганга йўл кўрсатиш ҳам йўл ҳақларидан саналар экан.
Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ансорлар ўтирган жойдан ўтиб қолдилар ва: «Ўтирмасликнинг иложи бўлмаса, (адашганни) йўллаб қўйинглар, саломга алик олинглар ва мазлумга ёрдам беринглар», дедилар (Аҳмад ва бошқалар ривояти ). Демак мўъмин киши йўлда бўлганида  мазлумга йўлиқса, ёрдам бериши йўл ҳақлари жумласига кирар экан.  
Энди, ҳадисларда  келган яна бир муҳим,  йўл ҳаққини эсламоқчимиз. Бу  йўлдан кишиларга озор берадиган нарсаларни олиб ташлаш.   
Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Умматимнинг яхши амаллари ҳам, ёмонлари ҳам менга кўрсатилди. Йўлдан озор берадиган нарсани олиб ташлашни яхши амаллари ичида кўрдим, масжид ичида бўлган, кўмиб қўйилмаган балғам (тупурги)ни ёмон амаллари ичида кўрдим» (Муслим ривояти )
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Йўлдан озор берувчи нарсани четлатасиз, (шу ҳам) садақа» (Муттафақун алайҳ).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ҳар бир инсон уч юз олтмиш бўғим билан яратилган. Ким Аллоҳга такбир айтса, ҳамд айтса, таҳлил айтса, тасбеҳ айтса, истиғфор айтса, одамларнинг йўлидан битта тошни четлатса ёки битта тикан ё суякни олиб ташласа ёки амри маъруф қилса ё наҳий мункар қилса ва бу амалларнинг сони уч юз олтмиш бўғим ададича бўлса, ўша куни у ўзини дўзахдан узоқлатган ҳолда юради» (Муслим ривояти).
Абу Барза ал-Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен: «Ё Расулуллоҳ, мени бирон ишга буюринг, шуни қилиб юрай», дедим. «Йўлдан озорни четлатинг, шу сиз учун садақа бўлади», дедилар (Бухорий «Ал-адабул-муфрад» ).
Абу Барза ал-Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен: «Ё Расулуллоҳ, мени ўзим учун фойдали бўлган бирон ишга йўлланг», дедим. «Мусулмонларнинг йўлидан озорни четлатинг», дедилар (Абу Бакр ибн Аби Шайба «Ал-адаб»да ривоят қилган ).
Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Биродаринг юзига табассум билан боқишинг садақа, амри маъруф ва наҳий мункар қилишинг садақа, адашиб қолган кишини йўлга солиб қўйишинг сен учун садақа, кўзи яхши кўрмайдиган одамга кўз бўлишинг[2] сен учун садақа, йўлдан ахлат, тикан ва суякни олиб ташлашинг сен учун садақа, челагингдан биродаринг челагига сув қуйиб беришинг сен учун садақа» (Бухорий «Ал-адабул-муфрад»да ).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Йўл устидаги мусулмонларга озор берадиган бир дарахт (бута)ни кесиб ташлагани сабабли жаннатда кезиб юрган бир кишини кўрдим» (Муслим ривояти).
Бир ривоятда: «Бир киши йўл устида ётган бир дарахт шохи ёнидан ўтиб қолди ва: «Аллоҳга қасамки, шуни мусулмонлардан четлатиб қўяман, уларга озори тегмасин», деди, сўнг шу иши сабабли жаннатга киритилди».
Бир ривоятда: «Бир киши йўлда бораётиб, йўл устида ётган бир тиканли бутага кўзи тушди ва уни йўлдан четлатиб қўйди. Аллоҳ ундан мамнун бўлиб, гуноҳини мағфират қилди» (Муслим ривояти).
Расулуллоҳ соллоҳу алайҳи васалламнинг юқоридаги гўзал ҳадислари бир бирини тўлдириб келган ва маъноларини шарҳлашга ҳам эҳтиёж йўқ.  Демек мусулмон киши инсонларнинг йўлидан бир озор берадинган тошчани олиб ташласа ҳам савоб олади. Унга садақанинг савоби ёзилади.  Катта катта шохаларни инсонлар ўтишини тўсиб тургани , уларга бундан озор етгани учун йўлни тозаласа Аллоҳ мағфират қилар экан. Бу ҳадисларга ўхшаш яна кўплаб ривоятларни келтириш мумкин.  Бу маънодаги ҳадисларнинг  кўплиги ўзи ҳам яна бир бор,  бизга Ислом доимо инсон манфаатлари тарафдори эканлигини англатади. Парвардигор барчамизни инсонларга фойдаси тегадиганлардан айласин. Доимо тўғри йўлга бошласин.
 
 
Орифжон Тўқсанов, Бухоро шаҳар

 

Абу Бакр сиддиқ жомеъ

 

масжиди имом хатиби
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:36
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram