НАФС ТАРБИЯСИ
13 декабр 2022 й.
1186 марта ўқилди.

 НАФС  ТАРБИЯСИ

Аллоҳ таоло бундай буюради: "Эй имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва (ҳар бир) жон (эгаси) эртанги кун (қиёмат) учун нимани (қандай амални) тақдим этганига қарасин! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир". (Ҳашр сураси, 18-оят)
Эй инсон, билиб қўйки, доим ёмонликни хохлаб турувчи нафс сенга шайтондан ҳам хавфлироқ душмандир. Шайтон нафсинг хою хаваси сабабли бўйнингга миниб олиб, сени Аллоҳнинг йўлидан адаштиради. Нафсинг эса сени беҳуда амаллар ва қуруқ хаёллар билан алдаб қўяди! 
Агар нафсингдан мамнун бўлиб, унинг хохишларига юрсанг, манзилинг фалокат ва ўлимдир. Агар нафсни тийишга ожизлик қилсанг, у сени ёнғинга олиб боради. У ҳолда асло яхшиликка қайтиш умиди йўқдир.
Нафс тарбияси хусусида улуғларимизнинг сўзлари шундай. Сулаймон алайхиссалом: "Менинг наздимда, нафсини синдириб  тарбиялай олган киши ёлғиз ўзи бир шаҳарни босиб олган жангчидан ҳам кучлироқдир",-деди.
Ҳазрати Али: "Мен билан нафсим бир сурувнинг чўпонига ўхшаймиз. Чўпон, бир томондан, сурувни тўплайди, иккинчи тарафдан, сурув ёйилиб кетаверади. Ким нафсини ўлдириб, уни истакларидан тия олса, раҳмат кафанига ўралади ва каромат тупроғига дафн этилади. Кимки қалбидаги илоҳий ва инсоний туйғуларни қатл этса, лаънат кафанига тиқилади ва азоб  тупроғига дафн этилади",-деди.
Яхё ибн Маоз: "Аллоҳ буюрган ахлоқ асосларига мослашиш ва нафснинг завқу сафо орзусини синдириш учун нафсинг билан жиҳод қил! Оз ухла, оз сўйла. Беҳудага сўзламаслик, инсонларга ва бошқа жонзотларга озор етказмаслик ва кам емак нафсни ҳавойи истаклардан қайтаради. Оз ухлаган одам тўғри тушуниш малакасига эга бўлади. Камгап киши бир қатор офатлардан омон қолади. Инсонларга ва бошқа жонзотларга озор бермаган киши бир қатор мақсадларига етишади. Ейишни камайтирган киши нафснинг шахвоний истакларини қийналмай бартараф қила олади. Қорин тўйгунча ейиш қалбни сўқир қилади ва инсоний феъл-атворлар йўқолишига сабаб бўлади. Оз емак қалбга нур ато этади. Очкўзлик ва тўқлик эса кишини Аллоҳдан узоқлаштиради. Шунинг учун ҳам Расулуллох соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрадилар: "Қалбларингизни очлик билан нурлантиринг, нафсингизга қарши жиход килиб, уни тарбиялашда  очлик ва ташналикни қурол сифатида ишлатинг. Жаннат эшигини қоқишни очлик билан давом эттиринг".
Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ: "Мусулмон бўлганимдан бери ибодат завқини татиш учун тўйгунча овқат емадим. Яна Роббимга суюклироқ бўлиш иштиёқида қонгунча сув ичмадим. Чунки кўп еган одам кўп ибодат қилолмайди. Тўйгунча таом ейилса, бадан оғирлашади, кўзни уйқу босади. Аъзолари кўп ибодат қилишини ният этса ҳам, бунинг уддасидан чиқолмайди, серуйқуликка мубтало бўлади",-деганлар.
Пайғамбаримиз алайхиссалом буюрадилар: "Тўйгунча еб-ичиб, қалбларингизни ўлдирманг! Қалб нихолга ўхшайди. Нихолга кўп сув берилганда қандай сарғайиб сўлса ва ўсишдан тўхтаса, шунга ўхшаш қалб ҳам ортиқча сувдан ўлади, бундай одамда тоза фикр ва инсоний феъл-атворлар қолмайди".
Аллоҳ жонзотларни уч тоифадан яратган: бири фаришталар бўлиб, Аллоҳ уларга фақат ақл берган, лекин нафс бермаган. Демак, фаришталарда гуноҳ қилишга мойиллик йўқ. Иккинчиси, ҳайвонлардир, Аллоҳ уларга биз тушунган маънода ақл бермади, фақатгина нафс берди. Учинчиси, инсонлардирки, Аллоҳ уларга ҳам ақл, ҳам нафс ато этди. Шундай экан, кимнингки нафси ақлидан ғолиб келса ва шу нафсининг ҳавойи истакларига кўра ҳаёт кечирса, у ҳайвондан ҳам тубанроқ, яъни ҳайвонлар ундан яхшироқдир. Кимнингки ақли нафсидан ғолиб келса ва ҳаётини Аллоҳ буюрганидек яшаса, у фаришталар мартабасига кўтарилади. Нафснинг истак хохишига бўйсунган одам, агар ҳукмдор бўлса, қул холига тушади. Нафснинг ҳавойи ҳавасларига қарши бориб сабр қилган одам эса, қул бўлса ҳам ҳукмдордир.
Бир куни пайғамбаримиз марҳамат қилдилар: "Энг катта жиҳод нафс тарбияси учун қилинадиган жиҳоддир". Жиҳоддан қайтишган сахобалар:"Биз кичик жиходдан катта жиходга қайтдик", дейишарди. Улар шу пайтга қадар олиб борган барча курашларини кичик жиход, нафс тарбияси учун курашни, гўзал ахлоқни билиш бобида амалга оширган ишларини  катта жиход деб хисоблардилар. Нафс ҳар кандай инсонни тўғри йўлдан оздириши мумкин, шу боис у билан тинимсиз курашиш керак.
   
Абу Ҳомид Ғаззолий,
"Мукошафатул қулуб" китобидан

Жондор туман "Дарвеши" жомеъ масжид
имом-хатиби Х. Рўзиев.
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:40
Куёш: 07:20
Пешин: 13:10
Аср: 16:00
Шом: 17:35
Хуфтон: 19:15
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram