Нажот илмда
19 декабр 2022 й.
374 марта ўқилди.

  Нажот илмда (1-қисм)

Ислом дини инсон манфаатлари ва жамият тараққиётига хизмат қилувчи ҳар қандай кашфиёт ва янгиликларни юксак қадрлаб, қўллаб-қувватлаган. Тараққиёт илм ва амал устида барпо бўлар экан, ислом ҳам илм олишга ва уламолар қадрини кўтаришга ундайди. Ислом таълимотида илмнинг юксак қадрланишини ҳадислар ҳам тасдиқлайди. Албатта, ислом илм маърифатга асосланган диндир. 
Сир эмаски, Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларнинг зоҳирига қараб туриб ҳукм олиш салбий оқибатларга олиб келиши ёки ислом дини ҳақида нотўғри тасаввурларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлиб қолмоқда. Жумладан, ҳозирда энг кўп баҳсларга сабаб бўлаётган масалалардан бири «бидъат» тушунчасидир. “Ҳадид” сураси 27-оятда шундай дейилади: “... Роҳибликни эса улар ўзлари чиқариб олдилар. Биз уларга уни (роҳибликни) ёзганимиз йўқ, лекин улар ўзлари Аллоҳнинг розилигини истаб (роҳиблик) қилдилар-у, сўнгра унга тўла риоя қила олмадилар...” (Ҳадид, 27). Ушбу оятда бидъат сўзидан ясалган ибтада’ууҳа – “ўзлари чиқариб олдилар” сўзи ишлатилган. Эътиборли жиҳати шундаки, ушбу оятда насронийларнинг бу қилмиши учун азоб ҳақида сўз юритилмайди.
Ҳадис тўпламларида шундай матнларни учратиш мумкинки, уларда юзаки қараганда Қуръон ва суннатда бўлмаган ҳар қандай нарсани пайдо қилишдан қайтарилгандек кўринади. Жумладан, Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда: «Ким бизнинг ишимизда унда бўлмаган янгиликни пайдо қилса, у рад этилади», дейилган. Имом Муслим ривоят қилган бошқа бир ҳадисда эса: «Дарҳақиқат, энг яхши сўз Аллоҳнинг Китоби, энг яхши йўл Муҳаммад (алайҳис-салом)нинг йўлидир. Ишларнинг энг ёмони эса уларнинг янги пайдо бўлганларидир ва ҳар бир янгилик залолатдир». Имом Аҳмад ривоят қилади: «Мендан кейин ким тирик бўлса кўп ихтилофларни кўради. Ўша пайтда менинг суннатимни ва тўғри йўлда бўлган халифаларнинг йўлини озиқ тишларингиз билан маҳкам тутингиз. Мен сизларни янги пайдо бўлган ишлардан қайтараман, чунки (диндаги) ҳар бир янгилик залолатдир». Юқорида келтирилган ҳадисларни тўғридан-тўғри тушуниш исломни тараққиёт билан ҳамнафас эмаслиги ва у ўзи нозил бўлган замонгагина яроқли бўлган эски дин сифатида қораланишига олиб келади. Шу билан бирга таъкидлаш лозимки, саҳобий Билол (р.а.) бомдод намозига азон айтаётганида “ас-солату хойрун минан-навм” жумласини қўшиб айтдилар. Пайғамбар (алайҳис-салом) буни қўллаб-қувватлаб, ҳатто доимо айтишни жорий қилганлари “бидъат” тушунчаси ҳақида кенгроқ тасаввур ҳосил қилишга кўмак беради. 
Уламолар юқоридаги ҳадисларда келган «бидъат» сўзини ўрганиб, унинг луғавий ва истилоҳий маъноларини қуйидагича талқин қилиб берганлар. «Бидъат» луғатда олдин бўлмаган бирор нарсани пайдо қилишдир. Бунга Пайғамбар (алайҳис-салом) ва халифалардан кейин пайдо қилинган нарсалар ҳам киради. Шунингдек, у яхши ва ёмон бўлган, ибодат ёки ибодат бўлмаган нарсаларнинг барчасини ўз ичига олади. Ибн Таймия бу борада ўта тор йўл тутиб ҳар қандай турлардаги янгиликларни бидъат ва залолат деб баҳо берган. Аммо бошқа машҳур ислом уламолари бу борада кенгроқ мушоҳада юритишади.
Бу борада Имом Шофеий шундай деганлар: «Янги пайдо қилинган ишлар икки хил бўлади. Биринчиси – Қуръон, сунна, асар (саҳобий ва салафи солиҳлар сўзи) ёки ижмога хилоф бўлган янгиликлар бўлиб, бу «бидъат саййиа», яъни ёмон бидъат ҳисобланади. Иккинчиси эса, яхши нарсалар учун пайдо қилинган ишлар бўлиб, «бидъат ҳасана», яъни яхши бидъат ҳисобланади». Бидъат ҳасанага тарихдан кўплаб мисолларни келтириш мумкин. Масалан, Умар ибн Хаттоб (р.а.) мусулмонларни Убай ибн Каъб (р.а.)нинг орқасидан жамоат бўлиб таровиҳ намозини адо этаётганларини кўриб: «Бу қандай ҳам яхши бидъат», деб айтганлар. Маълумки, бу вақтга қадар мусулмонлар рамазон ойида таровиҳ намозини ёлғиз ёки кичик жамоалар бўлиб адо этганлар. Шунингдек, Абу Бакр (р.а.)нинг Қуръони каримни ягона китоб ҳолига келтириб, жамлаганларини кўриш мумкин. Дастлаб, Умар (р.а.) бу ишни амалга ошириш таклифи билан чиққанларида Абу Бакр (р.а.): «Расулуллоҳ (алайҳиссалом) қилмаган ишларини мен қандай қиламан», деб рози бўлмайдилар. Бу иш Зайд ибн Собит (р.а.)га топширилганда, у киши ҳам рози бўлмайди. Бироқ, Умар (р.а.)нинг уринишлари натижасида бу ишда яхшилик борлигини кўрдилар ва рози бўлдилар.
Замонамиз уламоларидан Имом Ноблусий бу борада шундай ёзади: «Бугунги кунда дунё каттадан катта ўзгаришлар, тараққиётни бошидан кечирмоқда. Инсон ақлини шошириб қўядиган янги ихтиролар дунё юзини кўрмоқда. Хўш, Расулуллоҳ (алайҳис-салом) «ҳар қандай бидъат залолатдир» деган ҳадисларида айтилган «янгилик»да айнан шуларни назарда тутганмилар?! Йўқ, албатта. Расулуллоҳ (алайҳис-салом) назарда тутган бидъат бу – ақоид, шариат ёки ибодат масаласида унда бўлмаган бирор нарсани қўшишдир».
“Илмдан бошқа нажот йўқ” китоби асосида тайёланди.
“Пойи Остона” жомеъ масжиди имом-хатиби Асадов Нодир 
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:35
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram