НАМОЗ ИБОДАТЛАРНИНГ ОНАСИДИР
20 апрел 2025 й.
33 марта ўқилди.

НАМОЗ ИБОДАТЛАРНИНГ ОНАСИДИР

Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ер юзидаги бандаларига энг олий неъмат қилиб нозил қилган амали бу- бир кунда беш вақт намозни адо этишдир.
Намознинг Аллоҳ таоло наздида улуғ мавқеи ва аҳамияти борки, барча ибодатлар ерда фарз қилинган ва фақатгина намоз жаннатда фарз қилинган бўлиб,оламлар Роббисининг набийлар ва пайғамбарлар имомига тўғридан- тўғри сўзи ила, Исро ва Меърож сафарида фарз бўлди.
Намоз мўмининг ҳар куни беш марта Роббиси ҳузурида кириши, уни қалб билан кўриши, у билан гаплашиши, у Зотга ҳамд айтиши, унга содиқлик ва итоаткорликни исботлаши ва дуо қилиши учун тақдим этилаётган гўзал амал, покловчи ва ҳимоя қилувчи неъматдир.
Намоз бу- тафаккур ва дуо, оламлар Робби ва қиёмат кунининг соҳиби Аллоҳ азза ва жаллага таслим бўлишни тақозо этувчи ибодатдир.
Мусулмон киши Роббиси ҳузурида туриб, руҳи ва жисми покланган ҳолатда Каъбага қараб туриб: “Аллоҳ улуғдир”, деб шижоат ва қатъийлик билан эълон қилади ва  унинг қалби ғурур ва ифтиҳорга тўлади, чунки у дуонинг биринчи устунида “Аллоҳ улуғдир” деб айтади.
Шунингдек, ибодатда Аллоҳ таолога ҳамд, тасбеҳ, Қуръон ўқиш, дуо қилиш, рукуъ ва сажда борки, бунда мусулмон банда Аллоҳ таолога бандалигини аъзолари ва руҳияти билан бирга тан олади.
Аллоҳ таоло Ўзининг мубин китобида айтади:
وَأَقِمِ الصَّلَاةَ إِنَّ الصَّلَاةَ تَنْهَى عَنِ الْفَحْشَاء وَالْمُنكَرِ
“Ва намозни тўкис адо этинг, албатта намоз фахш ва мункар ишлардан қайтаради”. Анкабут сураси, 45- оят
Шунинг учун намоз диннинг устуни, иймон ва нажотнинг шартидир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат куни банданинг биринчи ҳисоб- китоби намоздир. Агар у солиҳ бўлса, барча амаллари солиҳ , агар у бузуқ бўлса, барча амаллари бузуқ бўлади”, дедилар. Имом Термизий ривояти.
Намоз руҳ учун озуқадир, яъни беш вақт намоз, худди ошқозоннинг кунлик таоми бўлганидек, намоз руҳнинг кундалик таомидир.
Шунингдек мўъмин ўзини Роббиси билан чегаралаб қўйиши , ташвиш ва қайғулари ҳақида Унга шикоят қилиши ва раҳмат эшигини очиб, Ундан мадад ва мағфират сўраши учун катта имконият борки, банда намозини “Аллоҳу акбар” деб бошлайди ва бу дунёда уни даҳшатга соладиган барча нарсалардан Аллоҳ буюк эканини ҳис қилади.
Шунинг учун намоз битмас туганмас манба, қувватни янгиловчи  ва қалбни тирилтирувчи ризқдир.
Намоз мана шундай ибодат экан, қачонки Унга сажда қилиб, Унга таслим бўлсангиз, Аллоҳ таоло сизни дунёю охират хорлиги ва охират азобидан сақлайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маҳзун бўлсалар, намозга шошилар эдилар. Абу Давуд ривояти.
Агар сабаблар туфайли ғам ғуссада бўлсангиз, таҳорат олиб икки ракаат намоз ўқиб Аллоҳга мурожаат қилинг. Шунда Аллоҳ таоло ғамларингиздан ҳалос этади иншаАллоҳ.
Мана шундай илоҳий ибодатни тарк этиш мусулмон учун яхшилик келтирмайди.
فَخَلَفَ مِن بَعْدِهِمْ خَلْفٌ أَضَاعُوا الصَّلَاةَ وَاتَّبَعُوا الشَّهَوَاتِ فَسَوْفَ يَلْقَوْنَ غَيًّا {مريم/59}   
Бас, уларнинг ортидан бир ўринбосарлар қолдики, улар намозни зое қилиб, шаҳватларга эргашдилар. Бас, тезда улар ёмонликка йўлиқдилар. Марям сураси, 59- оят.
Намозни тарк этган киши омад ва муваффақиятдан маҳрум бўлади. Уни тарк этиш ҳар қандай бало ва мусибатларга сабаб бўлиб, ҳозирги неъматларни йўқ қилади ва давом этаётган неъматларни узиб қўяди. Чунки Аллоҳ таоло ҳузуридаги нарсага фақат Унга итоат этиш билангина эришилади. Аллоҳ таоло наздида махлуқотларнинг энг ҳурматлироғи тақводорлари ва Унга энг яқинларидир.
Намозни тарк этувчиларга юракдан маслаҳат:
Эй намозни тарк этувчи инсон! Кеч бўлмасидан туриб, ўзингни асрагин. Дунё ва охиратда ҳаётингга эришиш учун қалб ва ақл билан намоз ўқишга шошил!
Сени яратган ва сенга ризқ берган Зот билан алоқани узиб қўйишдан эҳтиёт бўл!!! Агар шайтон сенга намоз ҳақида васваса қилса, сокин бўл ва Аллоҳдан унинг ёмонлигидан паноҳ сўра!
Аллоҳ азза ва жалла барчаларимизни итоаткор ва тақводор бандаларидан қилсин!
Жасур Панжиев,
Бухоро шаҳар “Имом Ғаззолий” жоме масжиди имом-хатиби 
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:40
Куёш: 05:25
Пешин: 13:10
Аср: 18:15
Шом: 19:55
Хуфтон: 21:30
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram