Намозда “Омийн”ни махфий айтиш
03 март 2016 й.
3013 марта ўқилди.

 Намозда “Омийн”ни махфий айтиш

Намознинг ҳар бир ракаатида Қуръони каримнинг  “Фотиҳа” сурасини ўқиш маълум ва машҳур амаллардан саналади.  Бу сурани намознинг ичида ўқишлик намознинг вожибларидан биридир. Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Фотиҳа” сурасини намозда  ўқишлик қанчалик даражада аҳамиятли эканлигини ўз ҳадисларида алоҳида таъкидлаб ўтганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:  
 
لاَ صَلاَةَ لِمَنْ لَمْ يَقْرَأْ بِفَاتِحَةِ الْكِتَابِ. رَوَاهُ الْخَمْسَة
 “Ким Китобнинг “Фотиҳа”сини қироат қилмаса, унинг намози бўлмас”, дедилар. Бешовлари ривоят қилган.
 Ҳанафий мазҳаби  уламолари, ким “Фотиҳа” сурасини намозда ўқимаса, унинг намози мукаммал бўлмайди , агар  унутиб қўйса, саждаи саҳв  билан тўлиқ қилади, деганлар. Бошқа уч аҳли сунна мазҳаби вакиллари бу ҳадисга биноан “Фотиҳа” сураси намознинг рукунларидан бири бўлиб, у ўқилмаса, намоз қайтадан ўқилади деганлар. Бундай қарашлардан бу суранинг намозда қанчалик  даражада муҳим ўринга эга эканлигини билиб олиш мумкин.  
  “Фотиҳа” сураси улуғ  фазилатларга эга. Шунинг учун намоз ўқиётган киши  ушбу сурасининг маъноларига эътибор бериб тадаббур билан  ўқиса,  Аллоҳ таолога мақтовлар айтган,   У зотнинг раҳматидан  умидвор эканлигини намоён этиб, дуо ҳам қилган бўлади.  “ Фотиҳа” сураси ибодат,  дуо, ихлос маъноларини ўз ичига олади.  Бу муборак сура намозда ўқилганидан кейин ортидан “омийн” лафзини айтиш суннат амал саналади.    
 Ҳадиси қудусийда Аллоҳ таоло айтади: «Намозни Ўзим билан бандам орасида иккига бўлганман, бандам нимани сўраса, бераман. Агар у (банда) : «Алҳамду лиллаҳи роббил аламин» деса, Аллоҳ: бандам менга ҳамд-шукр айтди», дейди. Банда: «ар-Роҳманир Роҳийм», деса, Аллоҳ: «Бандам менга сано–мақтов айтди», дейди. Банда: «Малики явмиддин», деса, Аллоҳ: «Бандам мени улуғлади», дейди. Банда: «Ийяка наъбуду ва ийяка настаъийн», деса, Аллоҳ: «Бу мен билан бандам орасидаги нарса, бандам нимани сўраса, бераман», дейди. Агар банда: «Иҳдинас сиротал мустақийм, сироталлазийна анъамта алайҳим ғойрил мағзуби алайҳим ва лаззоолийн», деса, Аллоҳ: «Бу бандамга хос, сўраганини бердим», дейди. Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Бу ҳадисдан “Фотиҳа” сураси дуо маъносида ҳам келишини англаш мумкин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган бошқа ҳадисларда эса, у зот намозда “Фотиҳа” сурасини ўқиганларидан кейин “омийн” лафзини айтганликлари ривоят қилинган. 
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ  عَنِ النَّبِيِّ  قَالَ: اْلإِمَامُ فَأَمِّنُوا فَإِنَّهُ إِذَا أَمَّنَ مَنْ وَافَقَ تَأْمِينُهُ تَأْمِينَ الْمَلاَئِكَةِ غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ. وَفِي رِوَايَةٍ: إِذَا قَالَ اْلإِمَامُ غَيْرِ الْمَغْضُوبِ عَلَيْهِمْ وَلاَ الضَّالِّينَ فَقُولُوا آمِينَ فَمَنْ وَافَقَ قَوْلُهُ قَوْلَ الْمَلاَئِكَةِ غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ. وَلِلْبُخَارِيِّ وَالنَّسَائِيِّ: إِذَا قَالَ أَحَدُكُمْ آمِينَ وَقَالَتِ الْمَلاَئِكَةُ فِي السَّمَاءِ آمِينَ فَوَافَقَتْ إِحْدَاهُمَا اْلأُخْرَى غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ.
 
 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон имом, омийн, деса, сизлар ҳам, омийн, денглар. Чунки кимнинг омийни фаришталарнинг омийнига мувофиқ келса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, дедилар”. (Бешовлари ривоят қилган.)
Бошқа бир ривоятда:  «Қачон имом: «ғойрил мағзуби алайҳим валаззоллийн» деса, омийн, денглар. Чунки кимнинг сўзи фаришталарнинг сўзига мувофиқ келса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», дейилган.
Бухорий ва Насаий ривоятларида эса: «Қачон бирингиз, омийн, деганда фаришталар ҳам осмонда, омийн, деса, бири-бирига мувофиқ келиб қолса, унинг олдин ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», дейилган.
Ушбу хабарларга мувофиқ аҳли суннанинг машҳур тўрт Имомлари намозда “Фотиҳа”дан кейин “омийн” айтишликни суннатлигига бир хил фикр билдирганлар.  Лекин “омийн”ни махфий ёки баланд овозда   айтиш борасида икки хил йўл тутганлар. Ҳанафий ва Моликий мазҳаблари уламолари “омийн”ни махфий айтишликни афзал билганлар.  Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳаби уламолари эса “омийн”ни жаҳрий намозларда овоз чиқариб айтиш афзал, деганлар. Ҳар икки тараф ҳам сўзларини тасдиқлайдиган далилларни келтирганлар. 
Бизнинг Ҳанафий мазҳабимизда, имом ва  унга эргашувчи  “фотиҳа”нинг  охиридаги “валаззолийн”  айтилганидан кейин  “омийн”ни овоз чиқармай  айтади. Чунки “омийн” “дуони қабул қил” маъносини билдиради. Дуони эса махфийси афзал эканлиги ҳақида Қуръони каримнинг “Аъроф” сурасида Аллоҳ таоло бандаларига қуйидагича марҳамат этган:
ادْعُوا رَبَّكُمْ تَضَرُّعًا وَخُفْيَةً إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُعْتَدِين                            :
“Роббингизга зорланиб ва хуфёна (овозсиз) дуо қилингиз! Зеро, У (дуода ва бошқада) ҳаддан ошувчиларни ёқтирмагай” (55-оят). Демак “омийн” махфий айтилса ушбу оятга амал қилинган бўлади. 
 Абу Воил розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда:
عن أبى وائل رضى لله عنه قال: كان على ، وابن مسعود  لايجهران ببسم لله الرحمن الرحيم ، ولا بالتعوذ ، ولا بآمين. رواه الطبران.           
“Али ва Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳумо)лар “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим”ни ҳам, “аъузу”ни ҳам, “омийн”ни ҳам жаҳрий айтмас эдилар”. Табароний ривояти
Бу ривоят бизга, ёшликларидан пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларида ўсган улуғ саҳоба Али ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Масъуд каби олим саҳобалар ҳам “омийн”ни махфий айтганлари маълум қилади.
Имом Аҳмад, Абу Довуд ат-Таёлусий, Абу Яъло ал-Мусилий, Имом Дорақутний ва Имом ал-Ҳоким келтирган бошқа бир ривоятда:
صلي بنا رسول لله صلى لله عليه وسلم فلمّا قرأ غَيْرِ  "الْمَغْضُوبِ عَلَيْهِمْ وَلاَ الضَّالِّينَ" قال: " أمين" وأخفى بها  صوته...
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биз билан бирга намоз ўқиганларида “ғойрил мағзуби алайҳим валаззолийн”ни айтиб, “омийн” дедилар.  Овозларини (“омийн”) айтганда пастлатардилар..”, дейилган.
“Омийн”ни баланд овоз билан айтиш афзал деганлар эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйдаги ҳадисларини ҳужжат қилиб келтирганлар:
عن وائل بن حجر الحضرميّ قال: رأيت رسول لله صلى لله عليه وسلم حين فرغ من الصلاة حتّى رأيت خدّه من هذا الجانب.
وقرأ "الْمَغْضُوبِ عَلَيْهِمْ وَلاَ الضَّالِّينَ"  فقال: "آمين"  يمدّ بها صوته ما أراه الاّ يعلمنا. رواه الحافظ أبوبشر الدواالبيّ.
Воил ибн Ҳужр Ҳазрамий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни намоздан фориғ бўлганларини кўрдим. Ҳаттоки, юзларини у тарафдан ҳам , бу тарафдан ҳам кўрдим. Ул зот: “ғойрил мағзуби алайҳим валаззолийн”, деб қироъат қилдилар ва овозларини чўзиб: “Омийн”, дедилар. Буни бизга таълим бериш учунгина қилдилар, деб ўйлайман”. 
 
Ҳадисда “овозларини чўзиб” дейилган, “овозларини баланд қилиб” дейилмаганлиги сабабидан ва саҳобий  Воил ибн Ҳужр: “буни бизга таълим бериш учунгина қилдилар,  деб ўйлайман” деганлари учун бизнинг мазҳабимиз уламолари буни “омийн”ни жаҳрий айтишликка етарли далил бўла олмаслигини билдирганлар. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисларда махфий намозларда оятларни у зотнинг орқаларида ўтирганлар эшитадиган даражада пичирлаб ўқиганлар. “Омийн”ни ҳам биринчи сафдагилар эшитадиган даражадаги овозда айтганлари хабарларда келган. У зот соллалоҳу алайҳи васалламнинг намоз ўқишлари минглаб саҳобийлар тамонидан синчиковлик билан кузатилган. Агар жаҳрий айтилганида эди бу ҳақидаги ривоятлар аниқ баён қилинар эди. Ҳанафий мазҳаби уламолари “омийн” ҳақидаги ҳадисларни батафсил таҳлил қилганлар. Ҳадис матнлари тенг кучга эга бўлиб қолган жойда, ҳадис ровийларнинг  кучли  эканлигига эътибор қаратганлар. Шунга биноан “омийн”ни махфий айтиш афзал деган хулосага келганлар. 
 
Фиқҳ китоблари асосида
О.Тўқсанов
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 07:00
Куёш: 07:47
Пешин: 13:10
Аср: 16:00
Шом: 17:25
Хуфтон: 19:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram