Намоздаги “таъаввуз” ва “басмала” ҳақида
Инсон Яратганнинг ёрдамига ҳамиша муҳтождир. У зотдан кўзга кўринар кўринмас ёмонликлардан паноҳ сўраб яшайди. Парвардигорнинг ёрдамисиз заиф ва ожиз банда ўзидан зарарни даф эта олмайди. Шайтон инсонга адовати аниқ ва равшан бўлган ботиний душман ҳисобланади. Бу ҳақида Қуръони каримда Аллоҳ таоло тез-тез эслатиб туриб, бандаларини ундан доимо огоҳ бўлишликка чақиради. Шундай оятларнинг бирида Роббимиз марҳамат қилиб:
قال تعالى: إِنَّ الشَّيْطَانَ لَكُمْ عَدُوٌّ فَاتَّخِذُوهُ عَدُوًّا ۚ إِنَّمَا يَدْعُو حِزْبَهُ لِيَكُونُوا مِنْ أَصْحَابِ السَّعِيرِ (فاطر:6)
“Албатта, шайтон сизларга душмандир. Бас, уни душман тутинглар. У ўз гуруҳини фақат ўта қизиган дўзахга эга бўлишларига чақиради”, дейди.
Қуръони каримнинг оятлари шайтоннинг душман эканлигини мўъминларга ошкор этиб, барча ҳолатда мусулмонларни унинг ёмонлигидан паноҳ сўрашликка чақиради. Қуръон тиловати улуғ ибодат саналади. Унинг тиловати мўъминларга руҳий озуқа беради. Бу ибодатдан обидни тўсиш, уни тиловат давомида адаштириш шайтоннинг энг олий мақсадларидан биридир. Шунинг учун бу хайрли амалдан олдин Холиқдан бу маккор душманнинг ёмонлигидан паноҳ сўралади. Қуръон қаерда тиловат қилинса, шу ерда албатта банда ихлос билан Яратганга юзланиб У зотдан, ёрдам сўраса кўзланган мақсадга эришади.
Намоз ҳам Қуръон тиловати билан боғлиқ бўлган ибодатдир. Намозда имом бўлган киши ёки ўзи якка ҳолатда намоз ўқимоқчи бўлган киши, “таъввуз”ни қироатдан олдин айтади. “Таъаввуз” бу, “Аъузу биллаҳи минашшайтонир рожим” демоқлик. Бу ҳолатда намознинг қироатини бошлаш Аллоҳ таолонинг Қуръони каримдаги оятига мавофиқ.
قال لله تعالى: فاذا قرأت القرءان فاستعذ بالله من الشيطان الرجيم (النحل:98
“Қуръон ўқиган чоғингда, Аллоҳдан қувилган шайтон (ёмонлигидан) паноҳ сўрагин.”
Имом Абу Ҳанифа ва Имом Муҳаммад роҳимаҳумаллоҳ, имомга эргашувчи киши “таъввуз”ни айтмайди дейдилар. Чунки, оятда “Қуръон ўқиган чоғингда” дейилган. Бу амр тиловат қилувчига яъни имомга қаратилган. Имомга эргашувчи эса тиловат қилмайди. Эргашучининг қироат пайтида имомни эшитиб туришига далил Аллоҳ таолонинг:
قال لله تعالى : واذا قرىء القرءان فاستمعوا له وأنصتوا لعلكم ترحمون (الأعراف: 204
“Қуръон тиловат қилинганда уни тингланглар ва жим туринглар, шояд раҳматга эришсангиз”, ояти.
Имом Абу Юсуф роҳимаҳуллоҳ: “ Имомга эргашган киши ҳам “таъввуз”ни санони ўқиганидан кейин айтади”, дейдилар.
Сано бу, намозда қиёмда тик туриб, қўллар боғлангандан кейин Аллоҳ таолони мақтаб айтиладиган лафзлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига бу лафзларни намозда қандай айтиш кераклигини ўргатганлар. Бу ҳақида буюк саҳоба Абдуллоҳ Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ушбу ҳадисни ривоят қилганлар.
عن عبد لله ابن مسعود رضى لله عنه قال: كان النبى صلى لله عليه وسلم يعلمنا اذا استفتحنا الصلاة أن نقول: سبحنك اللهم و بحمدك و تبارك اسمك وتعالى جدك ولا اله غيرك. وكان عمربن الخطاب يفعل ذلك ، وكان عمر يعلمنا ويقول: كان رسول لله صلى لله عليه وسلم يقوله.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “ Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга агар намоз ўқишни бошламоқчи бўлсак, “субҳанака аллоҳумма ва биҳамдака ва табара касмука ва таъала жаддук ва ла илаҳа ғойрук”ни айтиб бошлашликни ўргатардилар. Умар ибн Хаттаб розияллоҳу анҳу ҳам шундай қилар эди. Умар розияллоҳу анҳу бизга (санони) ўргатиб: “Буни расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтар эдилар”, дер эди”.
Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ наздларида “таъввуз” намоз учун. Фақат қироатнинг ўзи учун эмас. Чунки, насс (кучли далил) ибодатда шайтоннинг васвасаси сабабидан тушадиган халалдан сақланиш учун. Намоз эса тиловат, зикрлар ва амалларни ўз ичига олади. Шунинг учун бу ҳолатни афзалроқ деб билганлар.
Абу Ҳанийфа ва Имом Муҳаммаднинг наздларида оят намоздаги қироатни бошлаш учун, эргашувчи эса қироат қилмайди, агар киши намозда кечикиб келса, имомсиз давом эттириши керак бўлган ракъатларда қироатга ҳожати борлиги сабабидан “таъввуз”ни айтади. Лекин Имом Абу Юсуф наздларида “таъаввуз”ни эргашувчи “сано” дан кейин айтади дейишлари сабабидан кечиккан киши имомсиз ўқийдиган ракъатларини “таъаввуз”сиз давом эттиради.
Ҳайит намозларида Имом Абу Юсуфнинг наздларида имом “таъввуз”ни уч такбири ташриқдан олдин айтади. Имом Абу Ҳанифа ва Имом Муҳаммад наздларида имом “таъаввуз”ни такбирлардан кейин айтади.
“Таъввуз” намозда махфий айтилади. Бу ҳам мазҳабимизда бошқа амаллар каби далилларга асосланади.
عن ابن مسعود رضى لله عنه قال: خمس يخفيهن الامام: التعوذ ، والتسمية ، وآمين ، وربنا لك الحمد ، والتشهد.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Имом беш нарсани (намозда) махфий (овоз чиқармай) айтади: Таъввузни, бисмиллоҳни, оминни, Роббана лакал ҳамдни ва ташаҳҳуд (аттаҳият)ни”, дедилар.
“Басмала”
Намозда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотиҳа сурасидан олдин “таъаввуз”дан кейин “басмала” (Бисмиллаҳир роҳманир роҳим)ни айтардилар.
عن ابن عبّاس رضى لله عنهما ، قال : أن رسول لله صلى لله عليه وسلم كان يفتتح الصلاة ببسم الله الرحمن الرحيم . الترمذى و أبو داود
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумадан ривоят қилинади: “ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам , намозни “бисмиллаҳир роҳманир роҳим”, билан бошлардилар.”
Имом Абу Ҳанифанинг наздларида “басмала” намозда махфий айтилади.
عن أنس رضى لله عنه قال: صليت خلف النبى صلى لله عليه وسلم ، وخلف أبى بكر، وعمر وعثمان فكنوا يفتتحون القراءة بالحمد لله رب العالمين ، وفي رواية : كانوا يخفون بسم لله الرحمن الرحيم.
Анас розияллоҳу анҳу: “ Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр, Умар ва Усмонларнинг ортларида намоз ўқиганимда улар намоздаги қироатни “Алҳамдулиллаҳи Роббил аламийн...” дан бошлар эдилар. Бир ривоятда:“ Бисмиллаҳир роҳманир роҳим” ни махфий айтардилар”, дедилар.
وعن عبد لله بن المغفل أنه سمع ابنه يجهربها فقال: يا بني اياك والحدث في الاسلام ، صليت خلف رسول لله وخلف
أبي بكروعمرفكانوا لايجهرون بالتسمية ، فاذا أرادت القراءة فقل: الحمد لله رب العالمين. رواه الترمزى وابن ماجه.
Абдуллоҳ ибн Муғаффал розияллоҳу анҳу ўғли (басмалани) баланд овозда ўқиганини эшитиб, деди: “Эй, ўғлим сен Исломда янгилик чиқаришдан сақлангин, мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумоларнинг ортида намоз ўқиганимда улар “басмала”ни баланд овозда айтмасдилар. Агар қироат қилсанг “алҳамдулиллаҳ” деб бошла”, дедилар.
Имом Шофеий “басмала”ни “фотиҳа” сурасининг ояти ва у намозда жаҳрий айтилади дейдилар. Аммо Абу Ҳанифа ва у кишининг соҳиблари уни “фотиҳа”нинг ҳам ёки бошқа бир суранинг ҳам ояти эмас деб билганлар.
Имом Бағавий “Шарҳи сунна”да: “Саҳобаларнинг аҳли илмлари ва улардан кейинги илм аҳллари, “басмала”ни баланд айтишдан қайтардилар. Балки, улар уни махфий айтардилар. Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али ва бошқалар шулар жумласидандир. Бу Иброҳим Нахаининг сўзларидир, бунга Молик , Саврий, Ибн ал-Муборак, Аҳмад, Исҳоқ ва асҳоби роьй ҳам қўшилган”, деб келтирганлар.
“Ал-мавсуъатул фиқҳия” асарида: “ Абу Ҳанифа мазҳабларида “Басмала”ни ҳар бир ракатда фотиҳадан олдин махфий айтиш суннат ҳисобланади. Абу Ҳанифанинг наздларида фотиҳадан кейин ўқиладиган, зам сурада “басмала” мутлақо ўқилмайди. Абу Юсуф айтадиларки, “басмала” фотиҳанинг оятларидан эмас. У (басмала) қироатнинг аввалида барака учун зикр қилинади”, дейилган.
Имом Абу Ҳанифа ва у кишининг шогирдлари ёки бошқа мазҳаббоши Имомлар ўртасида баъзан ихтилофли ҳолатларни гувоҳи бўламиз. Фақиҳларнинг ораларида бундай ихтилофларнинг бўлиб туриши табиий ҳолат. Шундай ҳолатларда улар муомала одобидан ташқарига чиқмаганлар. Аллоҳга тақво қилиб Ундан қўрқганлар, ҳавойи нафсга эрк бермаганлар. Бошқаларига нисбаттан ёмон гумон қилмай, фиқҳий масалаларда лутфли ва хилофда юмшоқликни афзал билганлар. Қарши тараф ҳақида ҳукм чиқаришдан олдин унинг фикрини, далилларини обдон ўрганганлар. Баъзан билмай қолган нарсалари ҳақида сўз кетса, “билмайман” дейишни илмнинг ярми деб билганлар. Мўътадилликни лозим тутиб, мутаассибликдан сақланганлар. Ўзларидаги камчилик ҳақида гапирилса уни тан олардилар. Уламоларнинг қоқилишини истаб амал қилиш, уларни обрўйсизлаштиришга уриниш пайида бўлишдан жуда эҳтиёт бўлганлар. Шунга ўхшаш яна бирқанча одобларга амал қилиб, улар бир бирларини ҳурматларини жойига қўйганлар. Уларнинг бундай олийжонобликлари динимизнинг ривожига катта хизмат қилган.
Абу Бакр ас-Сиддиқ имом
хатиби Орифжон Тўқсанов