Нега дуолар қабул бўлмайди?
31 июл 2019 й.
1315 марта ўқилди.

 

Нега дуолар қабул бўлмайди?

    Халқимиз ичида Аллоҳга муқарраб инсонлар кўп бўлган. Бутун вужуди, қалби покиза, муттақий зотларнинг дуолари боис эл-юрт осойишта яшаган, дастурхонлари неъматларга тўлган. Халқимизнинг: “Дуолар билан эл кўкарар, ёмғир билан ер кўкарар”, деган ҳикматларида ҳам бир олам маъно бор.
    Бугунги ҳолатимизга назар солиб, гоҳ ўзимизга, баъзан қўшнимизга қараб ҳайратга тушамиз. Чунки, қўллар дуога очилади, бироқ кўзлар олазарак кезинади. Тил бир хил дуоларни такрорлайди, хаёлимиз аллақаерларда сарсон. Аслида, дуолар қабул бўлишининг энг муҳим шартларидан бири Аллоҳдан чин дилдан сўраш. Ўй-хаёл турли-турли жойларда юрса-ю, тил қуруқ ғулдираса, бундай ҳолатда дуоларимиз қабул бўлармикин?
Инсон зоти борки, ҳар доим, ҳар дақиқада Аллоҳ мададига муҳтождир. Гоҳо қалблар эриган, дилдан Парвардигорга илтижо этилган бир камёб ҳолатлар содир бўлади, айнан шундай вазиятларда дуо ижобатидан умид бор.
    Бизнинг жамиятимизда турли эътиқодий мезонлар асосида яшаётган одамлар кўп. Ибодатли-ибодатсиз, тақволи-тақвосиз, иймонли-иймонсиз... Ибодатсиз, иймонсиз кимса қандай қилиб, қайси юз билан Аллоҳга илтижо этади? Тўғри, бошига мусибат ёғилса, ишлари юришмаса, тижорати касодга учраса ва шунга ўхшаш ҳолатларда ибодатсиз кимсалар ҳам беихтиёр Яратувчини эслаб қоладилар. Дуо талабида бўладилар. Фақат ва фақат ўз манфаатлари, моддий эҳтиёжлари, бу дунёдаги шоҳона маишатлари учун дуо сўраб кимларгадир мурожаат ҳам қиладилар. Бу тоифа одамлар фарз нелигини, дунёнинг ўткинчилигини, имонсизларнинг дўзахга тушишини, имонли-эътиқодли инсонлар учун жаннатлар ҳозирлаб қўйилганини билмайдими? Бирор даврда шу мавзуда сўз очилса, куч-қуввати, ёшлигини ёки кексайганида ибодатга ўтишини ичидан айтиб ўтиради. Айримлар эса бундай гапларни эшитмасликка олади, эшитган тақдирда ҳам уларга чўпчак деб қарайди.
    Аллоҳни танимаган, ғафлат уйқусида ётган қалб эгаларининг дуолари қабул бўлмайди.
    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ким дуосининг қабул бўлишини ва ғамлардан фориғ бўлишини истаса, муҳтож кимсаларга ёрдам берсин”.
    Аллоҳдан умидвор банда дуоларининг қабул бўлиш шартлари бор:
1. Луқмаи ҳалол дуолар қабул бўлишининг энг муҳим шартларидан бири саналади. Ҳалол луқма билан вужуди озиқланган мўмин кишининг қалби ёруғ, юзи нурли бўлади. Ҳаром луқма қалбни қорайтиради, фикрни чалғитади, Аллоҳдан узоқлаштиради, ҳатто Аллоҳни унуттиради. Ҳалол луқма инсоннинг ичкарисини гўзаллаштиради, поклайди.
2. Айни чоқда, дуогўйнинг устидаги кийим-кечаги ҳам покиза бўлиши керак. Бу ҳам муҳим шарт.
3. Мўмин киши Аллоҳдан нимани сўраган бўлса, унинг қалби айнан шу нарса билан машғул бўлиши ва дуогўйда шу дуосининг ижобатига тўла-тўкис ишонч бўлиши лозим.
Биз инсонлар ожизмиз, хатокормиз. Дуо қилиб, умид этамиз. Тавба-тазарруъ қиламиз. “Энди бу дуоларим қабул бўлмаяпти, шекилли”, деган шубҳадан умидворлик доимо устун келиши керак. Чунки, қабул бўлиш ёки бўлмаслик сири ёлғиз Аллоҳга аёндир. Эҳтимол, уларнинг ижобати қиёмат куни учун заҳирага қолдирилгандир.
Дуолар ижобати бойликка, куч-қувватга, насабу мансабга ва ҳатто баъзан илмга ҳам асло боғлиқ бўлмаслигини англаш керак.
    Дуоларнинг ижобат бўлиши хусусида Абу Лайс ас-Самарқандийнинг “Танбеҳул-Қофилин” китобида қуйидаги танбеҳлар келади:
Бир ҳакимдан сўраган экан: "Биз дуо қиламиз, лекин дуоларимиз ижобат бўлмайди. Аллоҳ таоло: “Менга илтижо — дуо қилинглар, Мен сизларни қилган дуоларингизни мустажоб қилурман”, деб айтган-ку?" Ҳаким айтибди: “Сиздаги етти хислат дуоларингизнинг ижобатини манъ қилади”. “Қайси хислатлар?” Ҳаким жавоб берибди: “Сизлар Раббингизни ғазаблантирасизлар, аммо Унинг ризосини талаб қилмайсизлар, яъни, Аллоҳнинг ғазаби вожиб бўладиган ишларинг учун пушаймон қилмайсизлар. Бизлар Аллоҳнинг бандаларимиз, дейсизлар, аммо банданинг ишини қилмайсизлар, яъни, банда хўжаси буюрганни бажаради ва Унинг амридан чиқмайди. Сизлар Қуръонни ўқийсизлар, лекин унга эргашмайсизлар, яъни, тафаккур ва таъзим билан ўқимайсизлар, буйруқларига амал қилмайсизлар.
Биз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматимиз, дейсизлар-у, у зотнинг суннатига амал қилмайсизлар, яъни, сизлар одатларга ва расм-русумларга амал қилиб, суннатга эргашмайсизлар. Сизлар дунёни яланғоч деб айтасизлар, аммо унга ишониб қолгансизлар. Сизлар ҳаром ва шубҳали луқма ейсизлар. У икковидан қайтмайсизлар. Охират дунёдан яхшироқ, дейсизлар, лекин охират талабида ҳаракат қилмайсизлар ва охиратдан кўра дунёни кўпроқ хоҳлайсизлар”.
    Бошқа бир ривоятда келишича, Саъд ибн Абу Ваққоснинг дуолари ижобат бўлмаётгани хусусидаги саволига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Эй Саъд, ҳаромдан сақлан, чунки қоринга бир луқма ҳаром кирса, банданинг дуоси қирқ кунгача қабул бўлмайди”, дея жавоб берган эканлар.

Каримов Олимжон
Пешку туман "Хўжа Пешку" 
жомеъ масжиди имом хатиби.
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:30
Куёш: 05:16
Пешин: 13:10
Аср: 18:35
Шом: 20:20
Хуфтон: 21:50
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram