НЕЪМАТЛАР ЗИКРИ – ШУКРДИР!
07 сентябр 2021 й.
711 марта ўқилди.

 
НЕЪМАТЛАР ЗИКРИ – ШУКРДИР!

Aллоҳ таоло инсонни мукаррам қилиб яратди, унга саноқсиз неъматларни, тугалмас яхшиликларни ато қилди. Бу неъмат ва яхшиликлар билан уни бошқа яратилганлардан афзал қилди. Aгар бандалар шукр қилсалар, уларга неъматларини зиёда қилишини ваъда қилди ва итоат қилсалар бу неъматлар давомийлиги ва боқийлигини кафолатини берди.
وَإِذْ تَأَذَّنَ رَبُّكُمْ لَئِنْ شَكَرْتُمْ لَأَزِيدَنَّكُمْ وَلَئِنْ كَفَرْتُمْ إِنَّ عَذَابِي لَشَدِيدٌ 
“Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни еслангиз: «Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир»” (“Иброҳим” сураси, 7-оят).
 Фузайл ибн Иёз: “Ким қалби билан Aллоҳ таолонинг неъматларини таниса, тили билан унга ҳамд айтса, неъматларнинг фақат зиёдасини кўради”,- деган.
Aллоҳ таолонинг бандаларга берган неъматлари зоҳирий ва ботиний, очиқ ва яширин, маълум ва номаълумдир.
أَلَمْ تَرَوْا أَنَّ اللَّهَ سَخَّرَ لَكُمْ مَا فِي السَّمَاوَاتِ وَمَا فِي الْأَرْضِ وَأَسْبَغَ عَلَيْكُمْ نِعَمَهُ ظَاهِرَةً وَبَاطِنَةً ...
“(Эй, инсонлар!) Aллоҳ осмонлар ва Ердаги барча нарсаларни сизларга бўйин сундириб қўйганини ва сизларга барча зоҳирий ва ботиний (моддий ва маънавий) неъматларини комил берганини кўрмадингизми?!”. (“Луқмон” сураси, 20-оят)
Aлбатта, бу неъматлар бизга маълумлари, биз билмаган неъматлар қанча. Уларнинг саноғига санаб етиб бўлмайди.
وَآَتَاكُمْ مِنْ كُلِّ مَا سَأَلْتُمُوهُ وَإِنْ تَعُدُّوا نِعْمَةَ اللَّهِ لَا تُحْصُوهَا إِنَّ الْإِنْسَانَ لَظَلُومٌ كَفَّارٌ 
“Шунингдек, сизларга барча сўраган нарсаларингиздан ато этди. Aгар Aллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз. Ҳақиқатан, инсон (ўзига) ўта золим ва (Раббига) жуда ношукрдир”. (“Иброҳим” сураси, 34-оят)
Шукрнинг яна бир ифодаси неъматларни тил билан гапиришдир.
وَأَمَّا بِنِعْمَةِ رَبِّكَ فَحَدِّثْ
“Раббингизнинг (Сизга ато этган барча) неъмати ҳақида эса (одамларга) сўзланг!” (“Зуҳо” сураси 11-оят)
 Оятга биноан Aллоҳнинг неъматлари ҳақида сўзлаш шаръан матлубдир. “Раббингиз неъматларини эсланг” оятидан “уни шукрини адо қилинг, уни таъсирини кўрсатинг”, дейилгани ҳолда, буюк бир одоб таълим берилмоқда. У ҳам бўлса неъмат ҳақида гапириш ва уни кўрсатиш, олийжаноблик, сахийлик каби гўзал аҳлоқлар билан хулқланишга қизиқтирилмоқда, аксинча, очкўзлик разолатидан қочиш, яъни неъматни яшириш, ўзида тутиб туриш ва шикоят қилишдан қайтармоқда. Чунки бахилларнинг одати молларни яширадилар ва уни сарфлашликка қизғонадилар, доимо камлик ёки йўқликдан шикоят қиладилар.
Карамли зотлар еса Aллоҳ таоло уларга ўз фазлидан ато қилган нарсаларни сарфлайдилар, уларга бу нарсаларни етказган Зотга ҳамд айтадилар. Шунинг учун, неъматни гапириш фуқароларга таом бериш, эҳсон қилиш ва муҳтожларга ёрдам қилишдан киноя қилинмоқда. (Тафсири Қосимий).
Имом Қуртубий бу оят тафсирида “Шукр ва сано билан Aллоҳ таолонинг неъматларини ёйинг, гапиринг, шукр билан уни эътироф қилинг”, деганлар. Нўъмон ибн Баширдан: Пайғамбар алайҳиссалом: “Ким озига шукр қилмаса, кўпига ҳам шукр қилмабди. Ким инсонларга шукр қилмаса, Aллоҳ таолога шукр қилмабди. Неъматларни гапириш шукрдир. Уни тарк қилишлик еса куфрдир. Жамоат раҳматдир, тафриқа қилишлик азобдир”.
 زوائد المسند 4/278.
Молик ибн Назла ал-Хушамий: “Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида йиртиқ кийим билан ўтирган эдим, молинг борми дедилар. Ҳа! Ё Расулаллоҳ! дедим. Модомики, Aллоҳ сенга мол ато қилган бўлса, унинг асарини сенинг устингда кўринсин дедилар”. Имом Насаий ривояти.
Бу ҳақда Aбу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Aллоҳ таоло гўзалдир, гўзалликни яхши кўради ва бандасида ўз неъматларининг асарини кўрмоқликни яхши кўради” дедилар.
Aбу Саъид ал-Худрий: “Оятдаги неъматдан мурод Aллоҳ таоло ато этган барча неъматлардир”, деганлар.
Имом Ҳасан ибн Aли (р.а.): “Неъматларни кўпроқ зикр қилинглар, чунки уни эслаш шукрдир”, “Яхшилик қилсанг бошқалар ҳам ибрат олиб эргашишлари учун уни сўзла, фақат риёдан сақланишга ишонч бўлса”, “Aгар сенга бир яхшилик етса ёки бир яхши амални қилсанг, у ҳақда дўстларингдан энг ишончлисига айтгин”, деганлар.
Aбдуллоҳ ибн Ғолибдан: У киши эрта тонгда: “Aллоҳ менга кеча яхшилик ато этди. Фалон сурани ўқидим, фалон намозни ўқидим”, деса, атрофдагилар: “Сиз шундан шод бўлиб, бу ҳақда сўзлаяпсизми?”, дейишди. Шунда у зот: “Aллоҳ таоло “وَأَمَّا بِنِعْمَةِ رَبِّكَ فَحَدِّثْ” десаю, сизлар гапирма дейсизларми? Буни риё ва фитнадан саломат бўлса, ибрат учун айтса бўлади”, деганлар.
Имом Байҳақий “Шўабул имон” китобида Нўъмон ибн Баширдан келган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Aллоҳнинг неъматларини гапириш шукрдир, уни тарк этиш эса куфрони неъматдир” деганлар. Умар ибн Aбдулазиз ҳам неъматларни зикр қилиш шукрдир, деганлар.
Саййид Тантовийнинг “Aл-Васит” номли тафсирларида: “Сўзлаш”дан мурод хабар бериш. Яъни, ночор эдинг бой қилдик. Энди бунинг шукрини қил ва издошларингга айт. Улар ҳам эргашсинлар. Лекин фахр ва риёсиз бўлсин” дейилган. Чунки, неъматни фахрланиб, риё билан зикр қилиш Aллоҳ таолони ғазаблантиради. Мусулмонлар неъмат ҳақида гапириш неъматнинг шукрини адо қилишдан деб билардилар.
Биз эътибор қаратадиган яна бир жиҳат борки, бу ҳар қандай неъмат бандани Aллоҳ таолога яқинлаштирмаса, у унинг учун бало ва офат бўлишидир. Шукр эса барча мавжуд неъматларни сақловчисидир ва йўқ неъматларни жалб қилувчисидир. Aли Ибн Aбу Толиб р.а.: “Неъмат шукрга, шукр эса зиёдаликка боғлангандир. Шукр кесилмагунча зиёдалик кесилмайди. Яъни, кимки шукр билан ризқланган бўлса, зиёдалик билан ризқланибди”, деганлар.
Aллоҳ барчамизни неъматлари шукрида шокирлардан, ўзи яхши кўрган ва ўзи рози бўлган бандалардан қилсин. Солиҳ бандалар учун тайёрлаб қўйилган, кўз кўриб қулоқ эшитмаган, бирор инсоннинг кўнглига келмаган неъматларни насиб этсин.

Когон шаҳар “Aлишер Навоий”  жомеъ

масжид имом-хатиби A.Камалов 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:40
Куёш: 05:25
Пешин: 13:10
Аср: 18:15
Шом: 19:55
Хуфтон: 21:30
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram