Интернет воситаларидан тўғри фойдаланиш
11 сентябр 2023 й.
449 марта ўқилди.
Интернет воситаларидан тўғри фойдаланиш
Ҳозирги кунда жадал ривожланиб бораётган техника технологиялар шу жумладан интернет алоқа воситалари кундалик юмуш ва эҳтиёжларни осон бажаришга катта ёрдам бермоқда.
Албатта бу қулайликларни эътироф этиш билан бирга, унинг турли зараларини ҳам кўра билишимиз ва муносиб ечим топиб, чора қўллашимиз лозим бўлади.
Интернет саҳифаларини кузатар эканмиз, фуқаролар ишончига кириб уларнинг ҳисоб рақамларидаги маблағларни талон тарож қилаётган фирибгарлар, айрим шахсларнинг хос фото ва видеоларини оммага тарқатишлик билан таҳдид қилиб, улардан катта миқдорда ҳақ талаб қилаётган нобакорлар ҳақида нохуш ҳолатларни ўқиб қоламиз.
Бугинги кунда интернет ва мобил алоқа воситалари кириб бормаган хонадон қолмади жамиятда. Айниқса ёш болалар ва ўсмирларнинг ҳам қўлида бу воситаларнинг борлиги, биздан хушёрликни талаб қилади.
Бунинг учун ўзимиз кундалик юмушларимиздан ортиб, ҳар куни вақт ажратиб, фарзандларимизга эътибор қаратишимиз, доимо улар ҳаққига салоҳият ва тавфиқ сўраб кўплаб дуолар қилишимиз, фарзандларимиз билан хотиржам, дўстона суҳбатлашиб туришимиз, улар билан оила маслаҳатларида ҳамфикр бўлиб, эркинлигини таминлаб ишонч билдиришимиз, саломатликларига эътиборли бўлиб, уларнинг бизга керакликларини меҳримиз билан изҳор қилиб туришимиз, ёшликларидан Аллоҳга муҳаббатларини ошириб, унга яқинлаштирувчи амаллар бажаришга ўргатишимиз керак бўлади.
Инсоннинг ҳаётида то қиёматга қадар, ҳар қандай усулда уни тўғри йўлдан оздиришга қасам ичган лаънатланган шайтон бор экан, биз берган тарбиямизга ишониб бефарқ бўлиб қолмаслигимиз керакки, “Боланинг бўш вақти, шайтоннинг иш вақти” га айланмасин.
Биз тарбия жараёнида кўзларининг ҳар бир хиёнатию, қалблар тубида яширинган ҳар қандай ишдан бохабар Аллоҳ борлигини. Қуръони каримдаги: “Қаерда бўлсалар ҳам, албатта, Аллоҳ улар биландир” (Мужодала сураси) дейилган ояти каримани уқтириб, У зотнинг назар солиб турганини, шундай экан улар ҳар қандай маъсиятлардан ўзларини тийишларини таъкидлаб туришимиз керак.
Шунинг билан бирга ҳар куни фарзандингиз мобил воситаларини назорат қилиб туринг. Улар интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқлардан нотўғри фойдаланмасинлар. Сайтлардаги турли ботил ғоялар ва хато фикрларни тарқатмасинлар.
Шубҳали, номаҳрам кишилар билан танишиб, ношаръий алоқалар ўрнатмасинлар.
Хатога йўл қўйиб, ўзлари ва оила аъзолари шаънига путур етказиб, иснодга қолмасинлар.
Бўш вақтларини манфаатли сарфлаб, илм ўрганиб, ҳунар эгаллаб, спорт билан шуғулланиб ўтказсинлар.
Агарда фарзандингиз томонидан жиддий хатоликлар ўтиб қолса. Шошқалоқлик қилиб қаттиқ жазо қўллашликдан ва дарҳол воз кечиб, оқ қилишликдан ўзингизни сақланг. Бу синовни Аллоҳдан билиб, қилинган гуноҳларга биргаликда тавба қилиб, вазбинлик билан ечим топишга киришинг. Фарзандингизнинг ушбу ношаръий ишини тарк қилишига ёрдам беринг.
Миржон Эгамбердиев
Шофиркон туман “Хожа Ориф Моҳитобон” масжиди имоми
«орқага