НИҚОҲ ТЎЙИ - МОҲИЯТИ
25 феврал 2016 й.
«орқага
2769 марта ўқилди.
Никоҳ тўйи - моҳияти
Аввалдан таъкидланиб келаётганидек никоҳ поклик ва ҳалоллик рамзи ҳамда шиоридир. Авваллари бирга ёлғиз қолишлари ҳаром бўлган икки жинсдаги шахсларнинг эр-хотин бўлиб яшашлари, никоҳ орқали ҳалолга айланади. Никоҳ тўйи ҳам ҳалоллик, поклик, яхши-ният, бахт-саодат шодиёнасига айланиши керак. Тўйларда иштирок этаётган кишилар шу тўйнинг сабабчиси бўлган келин-куёвнинг қураётган оилалари ва ўзларига бахт-саодат тилаб дуо қилишлари лозим. Абу Хурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон инсонни уйланган пайтида табрикласалар, “Аллоҳ сенга муборак қилсин, барака берсин ва иккингизни орангизни ҳайр ила жам қилсин” дер эдилар.
Келин-куёвни тўй билан табриклаш, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган суннатдир. Тўй туфайли кишилар орасида ижтимоий алоқалар ривожланади, уларнинг орасида меҳр-оқибат, ўзаро ишонч пайдо бўлиб, меҳр ва мурувват зиёда бўлади. Тўйларда кўнгил хушлик қилишда меъёр даражасида рухсат қилинади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Никоҳда, ҳаром билан ҳалолнинг орасини ажралиши чилдирма ва овоздир” дедилар. Бу ўринда яширин никоҳдан сақланиб, ошкора никоҳга тарғиб бордир.
Аммо, тўйларда бевақт ва ноўрин шовқин-сурон кўтариб, тўй иштирокчиларига ҳам, атрофда яшовчиларга ҳам, озор берадиган даражага бормаслик керак. Мисол учун, никоҳ тўйларига ёшларга келин-куёвларнинг дўсту-дугоналарига кўнгил-хушлик қилишга рухсат берилган. Айниқса, шундай тўйларда қатнашаётган қарияларнинг қулоқларини қоматга келтирмаслик керак. Овоз кучайтиргичларни борича кўтариб, маҳалладаги беморлар, гўдаклар ва кексаларни тинчини бузиб уларга озор етказмаслик керак.
Никоҳ тўйлари маст-аластлик, бақир-чақир, уруш-жанжал ва кўнгилсизлик билан эмас, балки, хурсандчилик ва яхши тилак истаклар билан тугаши лозим. Тўйлардаги қўшиқлар инсонни эзгуликка чорлайдиган бўлиши керак.
Никоҳ тўйини қилишдан олдин, аввало, келин-куёвни тиббий кўрикдан ўтказиб, никоҳ хатининг қайдномасини қўлига олгандан кейин тўйни белгилаб зиёфат уюштирмоғи лозим бўлади. Шунда ҳам тўйни кўз-кўз қилиб, ким ўзарга эмас, балки, келин-куёвни бахтини тилаб, ўрта меъёрда бўлмоғи керак. Никоҳ тўйи қилиб, ихчам ва кам харажатли бўлшидан мақсад, халқни янги оила ва келин-куёв ҳақида таништириб, дуолардан умидвор бўлишликдир.
Луқмон Исоев – Шофиркон тумани
“Сайид Ато” жоме масжиди имом-хатиби.