Никоҳ инсонлар жамиятидаги мустаҳкам битимдир
19 феврал 2016 й.
«орқага
2552 марта ўқилди.
Никоҳ инсонлар жамиятидаги мустаҳкам битимдир
Оила жамиятимизнинг бир бўлаги ҳисобланади. Оиланинг мустаҳкам ва бардавомлигини таъминлайдиган энг асосий омиллардан бири бу никоҳдир. Никоҳ билан қурилган оиладан соғлом ва солиҳ фарзандлар дунёга келади. Никоҳ оила қурган икки ёшни бир бирига мустаҳкам боғловчи риштадир. Никоҳ орқали инсон насли пок сақланади. Никоҳ орқали, эр-хотин бўлувчилар бир бирларининг ҳақ-ҳуқуқларини билиб, унга риоя этиш зарур эканлик масъулиятини ҳис этадилар.
Оила никоҳ билан қурилса, Аллоҳ бандаларидан рози бўлади. Оила қураётган икки ёшнинг ота оналари, қариндошларини ҳам орзу - умидлари амалга ошган бўлади. Уларга Аллоҳ таолонинг баракоти нозил бўлиб, ҳаётларига файз киради.
Аллоҳ таоло эр - хотин жуфтлигини яратишдан иродаси ҳам инсон наслини кўпайтириб, ер юзини обод қилиш. Бу ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Наҳл сураси 72- оятида:
قال الله تعالى : و الله جعل لكم من انفسكم أزواجا وجعل لكم من ازواجكم بنين وحفدة ورزقكم من الطيبات...
“Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун ўғиллар ва набиралар пайдо қилди ва сизларни пок нарсалардан ризқлантирди...”, деб марҳамат этди. Бошқа оятда эса:
قال الله تعالى : ومن آياته أن خلق لكم من انسفكم أزواجا لتسكنوا اليها وجعل بينكم مودة ورحمة ان فى ذلك لأيات لقوم يتفكرون.
“Унинг аломатларидан (яна бири)- сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизга иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир”, деди.
Никоҳ билан оила қуриш тўғрисида Пағамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар.
قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : النكاح سنتى فمن رغب عن سنتي فليس منى. متفق عليه
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Никоҳ билан оила қуриш менинг суннатимдир. Бас, кимки менинг суннатимдан воз кечса, у мендан эмас”, дедилар.
قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : عن أبي أيوب رضى لله عنه عن النبى صلي لله عليه وسلم قال: أربع من سنن المرسلين الحياء والتعطر والسواك والنكاح. رواه الترمذى
Абу Айюб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тўрт нарса Расулларнинг суннатларидан: ҳаё, хушбўй сепмоқлик, мисвок ва никоҳ”, дедилар”.
Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳу: “Ҳар қандай шаҳват қалбни қорайтиради, фақат оиласи билан бўлган жинсий муносабат қалбни соф қилади”, деганлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини никоҳга қизиқтириш билан бирга никоҳ қураётган келин куёв ҳаққига барака тилаб дуо ҳам қилганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари қуйидагича эди:
قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : بارك الله عليك وجمع بينكما فى الخير.
Яъни, “Аллоҳ сенга барака берсин ва ораларингизни яхшиликда жамласин”.
Мусулмонлар бу нозик масалада ҳам ўз Холиқлари, бутун олам тарбиячиси Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг амрига, Унинг Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига қатъий амал қиладилар. Шубҳа йўқки оилалар илоҳий кўрсатмалар, набавий таълимотлар, фозил ахлоқ асосида қурилганида мустаҳкам ва бахтли бўлади.
Ҳозирги кунда диёримизда ниқоҳ билан оила қурувчи келин куёвларга давлатимиз томонидан кенг имкониятлар яратилмоқда. Никоҳ қуришларидан олдин бепул тиббий кўрикдан ўтишнинг йўлга қўйилиши келажакда ота она бўлувчи ёшларга қилинаётган ғамхўрликларнинг биридир. Чунки соғлом ота - онадан соғлом фарзанд, соғлом фарзандлардан эса соғлом жамият вужудга келади.
Болои Ҳовуз жомеъ масжиди
имом хатиби
Жобиржон Элов