Номусга узатилган қўл...
26 март 2016 й.
2604 марта ўқилди.

 Номусга узатилган қўл...
«Биз бошқа мамлакатга борганимиздан сўнг, алданганимизни билиб қолдик. Даромадли иш топиб берамиз, деганлар бизга ёлғон гапирганини, аслида эса фоҳишалик билан шуғулланишимиз учун сотилганимизни айтишди. Бизни бу жирканч ишга мажбурлашар, айтганларига кўнмасак, уч-тўрт эркак овозимиз чиқмай қолгунча тепкилашар, хўрлашарди...»
 
Бу гаплар бир ўзбек аёлига тегишли. У мўмай даромад топиш илинжида юрган кезлари «ишбилармонлар» қўлига тушиб қолади. Аёлнинг истакларидан воқиф бўлган фирибгарлар уни алдаб, хориждаги ҳамкорлари – қўшмачилар қўлига топширишади. Албатта, бекордан бекорга эмас, маълум манфаат эвазига. Манфаат деб энг манфур ишлардан ҳам қайтмайдиган, тубанликнинг минг бир кўчасига кириб чиққанларда эса на ор-номус ва на виждон бор эди. Йўқса, ўзбек бўла туриб, ўзбекистонлик бўла туриб, ўз миллатдошини, Аллоҳ таоло яратган нозик ҳилқат вакилларини сотармиди?
 
  Тарихдан маълумки, барча давр ва замонларда ҳам ахлоқсизлик қаттиқ қораланган. Ота-боболаримиз номуссиз, ҳаёсиз одамларни даврага қўшишмаган. Аёллар эркак кишининг юзига тик қарамаган, кўча-куйда уларнинг олдини кесиб ўтишмаган. Ўз ўрнида аёл шаъни миллат шаънидек асралган, ҳимояланган. Ўтмишга мурожаат қиладиган бўлсак, саркарда Жалолиддин Мангуберди Чингизхон тазйиқи кучаявергач, ўз яқинларини, айниқса, аёллар ва болаларни сувга чўктириб юборади. Зеро, жасур ҳукмдор душман қўлидаги хўрлик ва хорликдан кўра ўлимни афзал билган. Уят ўлимдан қаттиқ, деган нақл бежиз айтилмаган.
 
Минг афсуски, бугунги кунга келиб, бундай бебаҳо ҳикматларнинг қадри топталмоқда. Ер юзидаги қабиҳ ишлар камлик қилгандай, кейинги йилларда одам савдоси билан шуғулланувчи гуруҳлар пайдо бўлди. Бунинг оқибатидан жабр чекканлар, оила деган улуғ масканнинг гуноҳига ботаётганлар сони ортиб бормоқда. Негаки, одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар, айниқса, аёллар ва болалар савдоси муаммоси бугун дунё миқёсида долзарб масалалардан бирига айланди.
 
Маълумотларга кўра, жаҳон бозорида одам савдосидан кўрилаётган йиллик даромад 7 миллиард доллар миқдорида баҳоланмоқда. Бирлашган Миллатлар ташкилоти ва Қочоқлар бўйича халқаро ташкилотлар экспертларининг баҳосига кўра, сўнгги йилларда бу хилдаги жиноятчилик шиддат билан ўсиб бормоқда. Тахминларга кўра, ушбу қабиҳликдан жабрланганлар сони йилига ўртача 2,7 миллион кишига етмоқда. Одам савдоси бозори жуда катта даромад келтирадиган соҳа бўлиб, у наркотик савдоси ва қурол савдосидан кейин учинчи ўринни эгаллайди. Улар одамлар ишончини қозона оладиган, аёллар руҳиятини яхши ўзлаштирган, ҳаётидан норози қизларни осонлик билан илғайдиган тоифадир. Уларнинг макрига, найрангига илинганлар эса, афсуски, сизу биз билан ҳамнафас бўлиб келган хотин-қизлар, вояга етмаган ўспиринлардир. Улар гўёки хорижга борса, бир кунда бойиб қоладигандек, пул ерда сочилиб ётгандек тасаввур қилишган шекилли, иш таклиф қилаётганларни суриштириш хаёлларига ҳам келмаган.
 
Одам савдосини бир ёки икки давлатнинг муаммоси сифатида эмас, балки бутун дунё мамлакатларининг муаммоси сифатида қараш мақсадга мувофиқдир. Шу сабабдан ҳам мамлакатимизда мазкур муаммонинг олдини олишга қаратилган тегишли чоралар кўрилмоқда.
 
Халқимизда: «Саёқ юрган таёқ ер» деган нақл бор.
 
Хорижга пул топиш илинжида, ёлғон ваъдаларга ишониб кетган хотин-қизларнинг аксарияти фоҳишабозлик билан шуғулланишга мажбурланган. Бу ишдан бош тортганлар ўлгудек калтакланган, очликка маҳкум этилган. Уларнинг орасида қабиҳликка чидай олмай ўзини ўлдирганлар ҳам бор, шу билан бирга танасини сотиб, оиласини боқаётганлигини пеш қилиб, ҳаётини ҳаромга айланганидан асло чўчимайдиганлар ҳам учрайди. Зотан, танасини сотган дунёни сотадики, бундайларни аёл, одам боласи дейишга тил бормайди.
 
Одам савдоси давримизнинг ўткир муаммоларидан биридир. Ўзбекистон Республикасида одам савдоси ишлари бўйича 2003 йилда 79 та жиноят иши қўзғатилган бўлса, 2007 йилга келиб 273 та жиноят иши қўзғатилган. Унда 303 нафар айбланувчи, 1124 нафар жабрланганлар аниқланган.
 
Ўзини Илҳом Юсупов деб таништирган йигит ана шундай айбланувчилардан бири. У ўзига ўхшаган юзсиз шериклари билан қизларни алдаб қозоғистонлик ҳамтовоқларига сотгани хусусида айтар экан, гўёки қаҳрамонлик кўрсатгандай, бошини эгмасдан гапирганини кўриб, нафратингни яширолмайсан киши. Илҳомнинг кўрсатма беришича, улар ўз домига осонликча илинмаган хотин-қизларни турли найранглар билан четга олиб кетишади.
 
Тубанликнинг туби йўқ, деганларидек бу гуруҳнинг қилмишларида яна бир бор тасдиқланади. Ваҳоланки, қайтар дунё дейдилар, бугун кимнингдир қизини, хотинини алдаб сотаётган кимсалар, наҳотки эртага бу савдо ўзларининг бошига тушишидан қўрқишмаса, ҳайиқишмаса. Тўғри улар қонун олдида жавоб бериб, жазосини олди, аммо виждон, иймон сўроғи, қийноғи-чи?
 
Аллох барчамизга инсоф бериб, Ўзининг тўғри йулидан асло адаштирмасин...
 
 
Мадалиев Нодир
Пешку туман “Хўжа Рўшнои” масжили имом хатиби
 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:36
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram