ОИЛА – АЛЛОҲ ИРОДАСИ
23 июн 2021 й.
995 марта ўқилди.
ОИЛА – АЛЛОҲ ИРОДАСИ
Инсон яралмасидан, Аллоҳ бутун мавжудотни яратди. Кейин махлуқот яъни Одам Атони яратди. Одам Атони чап қовурғаларидан Момо Ҳавво яралди. Оила биринчи Одам Ато ва Момо Ҳавво никоҳлари билан қурилган. Дунёда жамики инсонлар ана шу оиладан тарқаганлар. Эр ва хотин шаръий никоҳ асосида яшаб келмоқдалар.
Одамни тупроқдан яратган ва сокинлик топиши учун ундан ўз жуфтини яратган, ҳамда уларнинг никоҳ орқали оила қуриб яшашларини ирода қилган Қодир ва Ҳаким Аллоҳимга У Зотнинг Жалолига ҳамду санолар бўлсин! "Никоҳ менинг суннатимдир. Ким суннатимдан юз ўгирса, мендан эмасдир", деган Расулимиз Мухаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга битмас туганмас салавоту саломлар бўлсин!
Оила мустаҳкам, тинч ва пок бўлса, жамият ҳам осойишта, мустаҳкам, фаровон бўлади. "Агар икковларининг оралари бузилишидан қўрқсангиз, эрнинг аҳлидан бир ҳакам ва хотиннинг аҳлидан бир ҳакам ажратинг. Агар ислоҳни ирода қилсалар Аллоҳ эр-хотиннинг орасини мувофиқлаштирур. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор Зотдир" ( Нисо сураси, 35- оят).
Бу ояти каримада келишмовчилик ҳам эр ҳам хотин томонидан чиққан пайтда кўриладиган чора ҳақида гап кетмоқда. Бошқалар аралашиб бўлса ҳам оилани сақлаб қолишга уринилади. Оила муқаддас даргоҳ. Турли хил ташвиш қувончлардан иборат. Қуръони Азимда "Эр ва хотин бир-бирларига либосдирлар" - деб марҳамат қилинади. (Бақара сураси 187-оят)
Шундай экан икки жуфт бир-бирини камчилигини яшириб, йўғини тўлдириб яшаши керак. Бу ўткинчи имтиҳон дунёсида бахт кишига ҳадеб кулиб боқавермайди. Бировнинг оти бўлса, араваси йўқ, араваси борнинг оти йўқ. Оила бахти ҳам шундай. Бугун эр-хотин ўзини бағоят бахтиёр ҳис этади, эртага эса акси. Оила бахтини бир дарахтга қиёс этсак, уни икки ўқ илдизи бўлади. Бири эрнинг фазилатидан, иккинчиси хотиннинг хислатларидан сув ичади. Агар бу баробарлик йўқолса масъуллик дарахтининг умри қисқа бўлиб қолиши мумкин. (Одамийлик мулки китобидан).
Келинларимизни гап-сўзи остонадан чиқмасин. Ота-боболаримиз никоҳнинг муқаддаслигини ҳис қилиб яшаганлар. Ўтмишда ажрашиш жуда кам бўлган. Сабаби ҳаёт оғирликлари, синовлари инсонлар иродасини бука олмаган. Улар сабрли бўлганлар. Хотинлар эрларидан, эрлар хотинларидан ҳадеб камчилик қидирмасдан, уларнинг бор фазилатларини қадрласалар, ҳурматласалар, бугунги ажримлар кескин камаярди. Фарзандларимиз эртасини ўйлаб, аввало, оилада ўз ақлу одобимиз, сабру тоқатимиз, бир-биримизга чиройли муомала-муносабатларимиз билан ўрнак бўлайлик. Шунда ўз оилаларимизни, фарзандларимиз бахтини асраб авайлаган бўламиз.. Қуръони Каримнинг Зумар сураси 6-оятида марҳамат қилнади. "Аллоҳ сизларни бир жондан яратиб, ундан унинг жуфтини унга таскин топиши учун пайдо қилган Зотдир.
Яратган Зот фарзанду зурриётларимиз ила барчамизга бахтиёр саодатли оилавий ҳаёт бардавомлигини насиб этсин!
Шофиркон туман Дўрман МФЙ
отинойиси Ойнисо Йўлдошова
«орқага














