ОИЛА – МУҚАДДАС ДАРГОҲ
19 март 2020 й.
2887 марта ўқилди.

 

ОИЛА – МУҚАДДАС ДАРГОҲ

Оила инсон камолотининг бош бўғини, давлат тизимининг энг муҳим институти, жамиятимиз ўзаги, негизидир. Ҳар қайси миллатнинг ўзига хос маънавиятини шакллантириш ва юксалтиришда оиланинг ўрни ва таъсири беқиёсдир.
Аллоҳ талонинг иродаси билан дунёга келган ҳар бир инсон миллати, тили ва динидан қатъий назар, бу дунёда бахтли-саодатли яшагиси келади. Бундай юксак орзуга етишишнинг шарти ва гарови бўлган омиллар жуда кўп. Улар орасида ҳаётимизга маъно-мазмун берадиган, уни янада ёруғ ва фойдали қиладиган бир омил борки, у ҳам бўлса, инсоннинг ўз оиласидир. Оила жамиятнинг асоси ҳисобланади. Оила мустаҳкам бўлса, жамият, мамлакат ҳам мустаҳкам ва барқарор бўлади. Оила қўрғонининг пойдевори, унинг мустаҳкам қалъаси, эр-хотинни маҳкам боғловчи ришта - никоҳдир. Никоҳ инсонлар жамиятида энг муқаддас битим ҳисобланади. Чунки, оила қуриш, эр-хотиннинг ҳақ-ҳуқуқларига риоя этиш, инсон наслининг давомийлигини таъминлаш, ёш авлодни тарбиялаш ва ҳаётда ҳалол-ҳаромни ажратиш каби муҳим масалаларнинг ҳаммаси шаръий никоҳга боғлиқдир. Шунинг учун динимиз оилани никоҳ асосида қуришга алоҳида аҳамият беради.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бир ҳадисларида: Никоҳ менинг суннатимдир, ким суннатимдан юз ўгирса, у мендан эмас» (яъни умматимдан эмас)”, - деганлар. Демак, ҳар бир мусулмон кишининг оила қурмоқлиги Аллоҳ таолонинг буйруғи, Пайғамбаримизнинг суннатларидан экан. Аллоҳ таолонинг эр-хотин жуфтлигини яратишдан иродаси ҳам инсон наслини кўпайтириб, ер юзини обод қилиш эди. Бу ҳақда Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун ўғиллар ва набиралар пайдо қилди ва сизларни пок нарсалардан ризқлантирди” (Наҳл сураси, 72-оят).
Оила мустаҳкам, тинч, ҳалол ва пок бўлса, жамият ҳам осойишта, мустаҳкам, фаровон бўлади. Аксинча, оилаларда парокандалик, бузғунчилик бўлса, ўша жамият бузилади, тинчи йўқолади, у оқибатда чуқур таназзулга юз тутади. Бахтли оилалар туфайли бахтли жамият вужудга келади. Оиланинг тинч, фарзандларнинг бахтли бўлишлигида эр-хотиннинг ҳар иккиси ҳам оиладаги ўз бурчларини астойдил адо этишга интилишлари муҳимдир. Шунингдек, эрнинг ўз аёлидаги ҳақлари, аёлнинг ҳам ўз эридаги ҳақлари белгилаб қўйилган. Аллоҳ таоло эркак кишига оиладек муқаддас даргоҳга раҳбар бўлиш вазифасини юклаганлигини Қуръони Каримда шундай марҳамат этади: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари(эркаклар)ни айримлар(аёллар)идан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилишлари(учун)дир” (Нисо сураси, 34-оят). Эркак кишининг энг катта бурчи оиласини уй-жой, кийим-кечак ва озиқ-овқат билан таъминлашдир. У ўз қарамоғидагиларни ўзгаларга қарам бўлиб қолишига йўл қўймаслиги лозим. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, давлатимиз Раҳбарининг чуқур ўйланган истиқбол режаларини ўзида акс эттирган, мамлакатимизни яқин истиқболда ривожлантиришга доир стратегик йўналишлар бўйича нуқтаи назари баён қилинган мурожаатномасида рақамли иқтисодиётдан тортиб, ҳар бир оилани уй-жой билан таъминлашгача бўлган масалаларни кўтарилгани, халқ қайғуси, фуқаро манфаати бирламчи вазифа қилиб қўйилгани таҳсинга сазовордир.
Аёл кишининг энг муҳим вазифаларидан бири ўз оиласи ва фарзандлари борасида масъуллигидир. Фарзанд кўриш, унга тарбия бериш, уларга гўзал одоб-ахлоқ намуналарини ўргатиш, таълим олишга ундаш, уларни иймон-эътиқодли, қаноатли, ўз юртини ва тинчликни қадрига етувчи қилиб тарбиялаш аёлнинг муҳим вазифаларидандир. 
Ҳаёт жуда мураккаб жараён бўлиб, унда турли ҳолатлар учраб туради. Гоҳи шодлик, гоҳи ғам деганларидай оилада эр ва хотин ўртасида ҳам турли сабаблар ила келишмовчиликлар бўлиб туради. Шошқалоқлик, жаҳлнинг тез чиқиши, қаноатсизлик, манманлик, тирноқ остидан кир қидирмоқлик оилавий муносабатларга путур етказади. Шуни айтиб ўтиш жоизки, эр хотинининг бир ёмон хулқидан норози бўлса, унинг бошқа яхши томонлари ҳам бор эканлигини унутмасин. Аёл ҳам ўрни келганда ғазабини ютиши, гарчи ёқмасада, оилавий ҳурмат юзасидан баъзи нарсаларга чидашга одатланиши лозим. Маънавий жиҳатдан бир-бирига сабр қилиш лозим бўлганидай, моддий жиҳатдан ҳам қаноатли ва сабрли бўлиш жуда муҳимдир. Бунда оила аъзоларининг, айниқса, эр ва хотиннинг ўзаро муроса-мадорага бориши, ғазаби келганда уни енгиши ва ширин сўзли бўлиши, шу билан бирга, оилавий сирларни кўчага олиб чиқмаслиги сингари бир қатор омиллар жуда катта аҳамият касб этади. 
Ислом динида оилага катта эътибор берилиб, уни қандай ташкил қилиш, оила аъзоларининг ҳуқуқлари, фарзандлар тарбияси, оилада чиқадиган келишмовчиликларни муолажа қилиш, умуман оилавий ҳаётнинг барча масалаларига жавоб топиш мумкин. Инсоният тарихининг барча босқичларида Аллоҳ таоло ўзи юборган пайғамбарлари орқали оиланинг мустаҳкам бўлиши учун ҳар қайси даврга мувофиқ низом ва қонунлар жорий қилган. Аллоҳ таолонинг ягона холиқлигининг далили ва белгиларидан ҳамда неъматларидан бири оила асосида турмушимизни жорий қилиб қўйганидир. Оила инсоннинг бахт-саодатини таъминловчи қўрғондир. Оилада эркак кишининг масъулияти алоҳида қайд этилган. Шарқда қадим-қадимдан оила муқаддас гўша саналган. Агар оила соғлом ва мустаҳкам бўлса, маҳаллада тинчлик ва ҳамжиҳатликка эришилади. Бинобарин, маҳалла-юрт мустаҳкам бўлсагина, давлатда осойишталик ва барқарорлик ҳукм суради. Оила фаровонлиги – миллий фаровонлик асосидир. 
Халқимиз тарихига назар ташлайдиган бўлсак, энг қимматли анъаналар: ҳалоллик, ростгўйлик, ор-номус, шарм-у ҳаё, меҳр-у оқибат, меҳнатсеварлик каби барча инсоний фазилатлар, энг аввало, оилада шаклланган. 
Бугунги кунда ҳам ана шу анъаналарни давом эттириб, ўзбек оилалари оиланинг соғлом иқлими, ота-онанинг бир-бирига меҳри ва ҳурмати шароитида, оила бағрида фарзандларини эл-юртининг муносиб ўғил-қизлари, Ватанининг ҳақиқий содиқ фуқароси бўлиб вояга етишларида жон куйдирмоқдалар. Шунинг учун ҳам, ўзбек халқида “қуш ўз уясида кўрганини қилади” - деб, бежизга айтилмаган, бунда чуқур маъно-мазмун бор. 
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, оилада эр ва аёл ўз вазифаларига риоя қилиб, намунали, аҳил оила қурсалар ҳаётда бахтли, саодатли умр кечирадилар. Бинобарин, оиланинг муқаддас даргоҳ эканлигини ҳеч қачон унутмаслик лозим.
Аллоҳ таоло эл-юртларимизни ёмон кўздан асрасин, ёр-у биродарлар, қон-қариндошларимиздан айирмасин, қарияларимизга узоқ умр, ёшларимизга куч-қувват ва ғайрат, хонадонларимизга қут-барака берсин.

Бухоро туман “Чаҳор Бакр” жомеъ масжид
имом - хатиби Азизхўжа Иноятов
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:35
Куёш: 05:20
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:05
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram