Оламларга раҳмат Пайғамбарнинг гўзал амаллари — бизга ўрнак!
21 сентябр 2026 й.
903 марта ўқилди.

Оламларга раҳмат Пайғамбарнинг гўзал амаллари — бизга ўрнак!
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм!
Кўзларимиздан ғафлат пардасини олиб, тўғри йўлни аниқ кўрсатиб берган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин! Ҳақ динга даъват этгувчи, йўлимизни ёритувчи Расулимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳамда у зотнинг аҳли байти ва саҳобаларига бардавом салавоту саломлар бўлсин!
Камина бутун инсониятнинг энг суюклиси — Сарвари олам Муҳаммад алайҳиссалом ҳақида ушбу мўжазгина мақоламни ёзишга киришар эканман, қалбимда ўзгача бир ҳаяжон ва масъулиятни ҳис этмоқдаман. Бу камтарона битик — қалбим тўридаги муҳаббат булоғидан отилиб чиқаётган, кўз ёшларимга сабаб бўлган Ҳабибимиз, Саййидимиз ва Оламларга раҳмат қилиб юборилган Буюк Пайғамбаримизга бўлган соғинч изҳоридир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари бутун башариятга юксак ибрат ва олий намунадир. Қуръони каримда Аллоҳ таоло Пайғамбаримизни мадҳ этиб: «Албатта, Сиз буюк хулқ устидадирсиз» (Қалам сураси, 4-оят), деб улуғлайди. Бу барча оламни яратган Зотнинг таърифи экани ва бизнинг шундай Пайғамбарнинг уммати бўлишимиз ҳар биримизда ўзгача фахр-ифтихор уйғотади. Яна бир ояти каримада: «Сизлар учун — Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар ҳамда Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бордир» (Аҳзоб сураси, 21-оят), деб марҳамат қилинган.
Аёллар ва ожизларга бўлган камтарона муносабат
Ислом келишидан олдин арабларда аёллар одам ўрнида кўрилмас, уларга бир буюм сифатида қаралиб, ҳатто қиз фарзандларини ор деб билиб, тириклайин кўмишар эди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом эса аёл кишининг қадр-қимматини юксакка кўтардилар.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга учраб, бир иши борлигини айтди. У зот: “Мадинанинг қайси йўлида ўтиришни хоҳласанг ўша ерда ўтир, мен ҳам сен билан ҳожатингни эшитгани ўтираман”, дедилар. Ўша аёл эҳтиёжини айтиб олгунича Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг олдида ўтирдилар. Атрофдаги кишилар аёлнинг шикоятини эшитмаслиги учун бироз узоқроқда тингладилар» (Имом Муслим ривояти).
Бу ҳадисдан Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг юксак тавозелари ва оддий инсонларга, хусусан, аёлларга бўлган чексиз эътиборлари ва ҳурматлари яққол кўринади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилавий ҳаётлари
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оилада жуда меҳрибон, эътиборли ва адолатли жуфти ҳалол ҳамда ота эдилар. У зот аҳли аёлларига кўнгиллик ва ширин сўз билан муомала қилишни умматга насиҳат қилиб: «Сизларнинг энг яхшингиз — ўз аҳли аёлига яхши муомалада бўлганингиздир. Мен эса аҳлимга энг яхши муомала қилувчингизман» (Имом Термизий ривояти), дер эдилар.
Аёлларига бўлган меҳр ва мулозамат: Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга сув ичардим, сўнг идишни у зотга узатардим. У зот оғизларини айнан мен лабимни қўйиб ичган жойга қўйиб ичар эдилар» (Имом Муслим ривояти). Шунингдек, У зот оилада аёлларининг кўнглини кўтариш учун Оиша онамиз билан мусобақалашиб югурганлари ҳақида ривоятлар келган.
Фарзанд ва набираларга муҳаббат: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қизлари Фотима розияллоҳу анҳо ҳузурларига кириб келганида, ўринларидан туриб кутиб олар, қўлидан ўпиб, ўз жойларига ўтқазар эдилар. Набиралари Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумони бағриларига босиб ўпардилар. Ақраъ ибн Ҳабис исмли саҳобий буни кўриб: «Мансабим, ўнта фарзандим бор, лекин бирортасини ўпганим йўқ», деганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Раҳм қилмаганга раҳм қилинмайди» (Имом Бухорий ривояти), деб марҳамат қилганлар.
Камтарлик ва камсуқумлик намунаси
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам султонлар каби инсонларни куч билан бўйсундирмадилар, балки қалбларни раҳмат ва камтарлик билан забт этдилар.
Ўтин терувчи Пайғамбар: Бир сафарда саҳобалар қўй сўйиб, таом тайёрламоқчи бўлишди. Бири терисини шилишни, бошқаси гўштини пиширишни ўз зиммасига олди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса: «Мен ўтин териб келаман», дедилар. Саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг Расули! Ҳаммасини ўзимиз қиламиз», дейишганида, У зот: «Ҳамма ишни ўзингиз қила олишингизни биламан, лекин сизлардан ажралиб туришни ёқтирмайман. Аллоҳ таоло бандасининг ўз дўстларидан ажралиб туришини ёқтирмайди», деб жавоб бердилар.
Турмушдаги соддалик: Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўйлакларини ямар, оёқ кийимини тикар, жонзотлар сутини ўзлари соғар ва эр киши уйда қиладиган барча ишларни бажарар эдилар» (Имом Аҳмад ривояти).
Олийжаноблик: Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат олишда сув қуйиб туриш ва садақа бериш ишларини ҳеч кимга буюрмас, фақат ўзлари бажарар эдилар» (Имом Ибн Можа ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қулнинг ҳам, ҳурнинг ҳам чақириғини бирдек қабул қилар, камбағаллар ва мискинлар билан бирга ўтириб таомланар эдилар.
Қўшничилик ва саҳобалар билан муаммолари
Сарвари олам инсонлар билан муносабатда саховат, кечиримлилик ва олийжанобликнинг энг юқори намунасини кўрсатдилар.
Қўшничилик ҳаққи: Жаброил алайҳиссалом Пайғамбаримизга қўшничилик ҳақида шу қадар кўп уқтирган эдики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаброил менга қўшнига яхшилик қилишни шунчалик кўп тайинладики, ҳатто қўшнини қўшнига меросхўр қилиб қўйса керак, деб ўйлаб қолдим» (Имом Бухорий ривояти), деганлар. У зот қўшниси оч ўтирганида ўзи тўқ ухлаган киши комил мўмин эмаслигини таъкидлар эдилар.
Кечиримлилик ва саховат: У зот ҳеч қачон шахсий адовати сабабли ўч олмаганлар. Макка фатҳ қилинган куни, йиллар давомида у зотга ва мусулмонларга азият берган, уйларидан ҳайдаб чиқарган маккаликларга қараб: «Бўлди, бугун сизларга ҳеч қандай айблов йўқ, боринглар, сизлар озодсиз!» — деб барчаларини кечирдилар.
Саҳобаларга эътибор: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор киши билан кўришсалар, ўша одам қўлини ажратмагунча муборак қўлларини тортиб олмас, суҳбатдоши юзини бургизиб кетмагунча ундан юз ўгирмас эдилар (Имом Термизий ривояти).
Ёшлар ва болалар тарбиясидаги ўрнаклари
Пайғамбаримиз алайҳиссалом болалар ва ёшлар тарбиясида ҳеч қачон дўқ-пўписа ёки дўппослаш усулини қўлламаганлар, балки меҳр, ишонч ва доно ўгитлар орқали уларнинг қалбига йўл топганлар.
Анас ибн Молик (р.а.)нинг гувоҳлиги: Анас розияллоҳу анҳу айтадилар: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўн йил хизмат қилдим. Менга биррор марта “Уф” демадилар. Қилган ишим ҳақида “Кераксиз иш қилдинг”, қилмаган ишим ҳақида “Нимага буни қилмадинг?”, деб дашном бермадилар» (Имом Бухорий ривояти).
Ибн Аббос (р.а.)га берилган ўгит: Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ёшлик чоғларида Пайғамбаримизнинг орқаларига мингашиб кетаётганларида, У зот шундай деганлар: «Эй болакай! Мен сенга бир неча калималарни ўргатаман: Аллоҳни ҳифз қил (амрларини бажар), У ҳам сени ҳифз қилади. Сўрасанг, фақат Аллоҳдан сўра! Билки, агар бутун уммат тўпланиб сенга фойда етказмоқчи бўлса ҳам, фақат Аллоҳ ёзган нарсадан ортиқ фойда етказа олмайди...» (Имом Термизий ривояти).
Намоз ва одобдаги юмшоқлик: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан намоз ўқиётганларида, набиралари орқаларига чиқиб олса, у азият чекмасин деб саждани узайтирар эдилар. Овқатланаётганда қўли таом идишининг ҳар томонига югураётган Умар ибн Абу Салама исмли болакайга қараб: «Эй болакай, Аллоҳнинг номини айт (Бисмиллоҳ де), ўнг қўлинг билан ва олдингдан егин!» — деб жуда ширинлик билан одоб ўргатганлар (Имом Бухорий ривояти).
Сарвари оламнинг бир кунлик ҳаёт тарзи
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир кунлик муборак ҳаётларига назар солсак, ҳар бир дақиқаси илоҳий ҳикмат ва тартибга тўла эканини кўрамиз:
Тунги ибодат ва тонги кутиш: Кўпинча туннинг охирги учинчи қисмида уйғониб, Аллоҳни зикр қилар, мисвок ишлатиб, таҳорат олар ва таҳажжуд намозини ўқир эдилар. Бомдод азони айтилгач, икки ракат суннатни ўқиб, масжидда жамоатга намоз ўтиб берардилар.
Кундузги юмушлар ва мўминлар ҳолидан хабар олиш: Бомдоддан сўнг то қуёш чиққунча зикр билан машғул бўлиб, сўнг икки ракат Ишроқ намозини адо этардилар. Саҳобалар билан суҳбатлашиб, уларнинг саволларига жавоб берар, таълим берардилар. Уйларига қайтганларида егулик бўлса тановул қилар, бўлмаса нафл рўзани ният қилардилар.
Қайлула ва муомала: Чошгоҳда Зуҳо намозини ўқиб, пешин олдидан ёки кейин бироз қайлула (қисқа уйқу) қилиб олардилар. Бозордаги аҳволни кузатар, беморлар зиёратига борар, меҳмон ва элчиларни масжидда кутиб олардилар.
Оила давраси ва оқшом: Асрдан сўнг аҳли оилалари ҳолидан хабар олиб, уларга дин аҳкомларини ўргатардилар. Хуфтон намозидан олдин ухлашни ва ундан кейин беҳуда суҳбатлашиб ўтиришни ёқтирмасдилар. Тўшакка ётганларида «Ихлос», «Фалақ», «Нас» сураларини ўқиб, кафтларига дам уриб, баданларига суртар эдилар.
Тарбия ва ахлоқ борасидаги ўгитлар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларига доимо гўзал ахлоқли бўлишни ва фарзанд тарбиясига эътибор қаратишни тайинлар эдилар.
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
«Фарзандларингизга уч ҳислат: Набийингизга, У зотнинг аҳли байтига ва Қуръони каримга муҳаббат асосида одоб беринглар» (Имом Табароний ривояти).
Яна бир муборак ҳадисларида эса:
«Мен гўзал ахлоқларни мукаммал қилиш учун юборилганман» (Имом Байҳақий ривояти), — деб таъкидлаганлар.
Якуний хулоса
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳар бир босган қадамлари, айтган сўзлари ва қилган амаллари биз — умматлари учун туганмас ҳикмат манбаи ва тўғри йўлчи юлдуздир. У зотнинг суннатларига эргашиш, хулқларидан ўрнак олиш ва муборак исмлари тилга олинганда салавот айтишни канда қилмаслик қалбимизни мунаввар этади.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
«Қиёмат кунида менга энг яқин бўладиган кишилар — менга энг кўп салавот айтганлардир» (Имом Термизий ривояти).
Илоҳо, Оламлар Робби Аллоҳ таоло барчаларимизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига мустаҳкам эргашишни, у зотнинг гўзал ахлоқларидан насибадор бўлишни ва қиёмат кунида у зотнинг шафоатларига эришишни насиб этсин!
Амин, я Роббал оламийн!
Н. Элова,
Жӯйбори Калон аёл-қизлар ӯрта махсус, 
ислом таълим муассасаси собиқ битирувчиси


 

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:40
Куёш: 07:21
Пешин: 13:10
Аср: 16:00
Шом: 17:35
Хуфтон: 19:15
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram