Олимлар – пайғамбарлар меросхўридир
20 сентябр 2018 й.
2805 марта ўқилди.

 Олимлар – пайғамбарлар меросхўридир

Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда уламолар энг олий мақомга кўтарилган. Уларнинг фазилатлари ҳақида кўплаб маълумотлар келтирилган.
Жумладан, Аллоҳ таоло марҳамат шундай қилади: “Аллоҳдан бандалари ичида фақат олимларгина қўрқарлар. Албатта, Аллоҳ азиз ва ўта мағфиратли зотдир” (Фотир сураси, 28-оят).
Машҳур тобеъин Ҳасан Басрий ҳазратлари бу оят тафсирида: «Олим Аллоҳдан ғойибона қўрққан одамдир. Аллоҳ қизиқтирган нарсага қизиққан, Аллоҳ ёмон кўрган нарсадан қочган одамдир», деганлар.
Дарҳақиқат, олимлар кимга ибодат қилишни, нима учун ибодат қилишни ва унинг самараси нима бўлишини билиб туради. Аксинча бўлганда қандай оқибатлар рўй беришини ҳам бошқалардан кўра яхшироқ тушунади. 
Аллоҳ таоло олимларнинг мартабалари ҳақида шундай дейди: «Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (юқори) даража – мартабаларга кўтарур» (Мужодала сураси, 11-оят). 
Муфассирлар бу оятнинг тафсирида олимларнинг ҳам бу дунёда халқ олдида, ҳам эрта қиёмат куни Ҳақ олдида мартабалари ниҳоятда улуғ бўлишини алоҳида такидлаб ўтишган. Бу ҳам бўлса Аллоҳнинг ўзи яхши кўрган бандаларига бўлган лутфи-иноятидир. 
Муъовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди», дедилар» (Термизий ривояти).
Дин илми оддий илм бўлмагани каби, уни ҳар ким ҳам эгаллай олавермайди. Унинг ҳам ўзига яраша машаққати бўлади. Кези келганда ушбу машаққатларни енгиб ўтган, қийинчиликларга сабр қилган, ўрни келганда тунни кунга улаган кишиларгина бу олий мақомга эришадилар. Шундай экан, олимларга нисбатан оддий кўз билан қарамайлик. Улар уммат тўғри йўлни топиши учун бор имкониятларини сарфламоқдалар. Бизлар ширин уйқуда бўлган чоғимизда улар китоб битмоқда, бизлар айрим ишлар билан овора бўлган пайтимизда улар маърифат зиёсини тарқатиш борасида бош қотирмоқда. Қолаверса, бундай кимсаларни Аллоҳ ва ҳатто бошқа жонзотлар ҳам яхши кўриши борасида ҳадис ворид бўлган.
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, олимга осмондаги зотлар, ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади. Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Албатта, олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Албатта, пайғамбарлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди», дедилар» (Абу Довуд ва Термизий ривояти).
Демак, уламоларимиз оддий кишилар эмас, пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Улар одамларни ҳидоятга чақиргани учун Аллоҳ таоло уни яхши кўради. Аллоҳ яхши кўрганни эса фаришталар ва бошқа барча махлуқотлар яхши кўради. Олимларнинг олимнинг ҳаққига дуо қилади, истиғфор айтади, уларга доимо яхшилик етиши тарафдори бўлади. Бу ҳам бўлса олим бўлиш нақадар фазл эканини кўрсатади.
Уламолар ана ўша муқаддас меросни қабул қилиб олган улуғ зотлардир. Улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ишларининг давомчиларидир. Улар кишиларга Қуръони карим, суннати шариф ва шариати Ислом таълимотларини баён қилувчи ҳидоят юлдузларидир. Улар кишиларни ҳидоят йўлига чақириб, залолат йўлидан қайтаришади. 
Олимлар шариат аҳкомларини умматга етказиш орқали кўп яхшиликларни қўлга киритади, ажр-мукофотларга эга бўлади. 
Шундан бўлса керакки, қадим-қадимдан ота-боболаримиз оят ва ҳадисларга амал қилган ҳолда олимларга нисбатан ўзгача муносабатда бўлиб келишган. Улар ўз уламоларини ғоятда ҳурмат қилганлар, эъзозлаганлар. Ҳар бир ишни улардан сўраб, амалларини шариатимизга мослаб бажаришга ҳаракат қилганлар. Дуоларини олганлар, фарзандларига муносиб исм танлаб бериш борасида ҳам улардан маслаҳат олганлар. Уларнинг сўзларига қулоқ тутиб, астойдил бажаришга интилганлар.  
Биз ҳам уламоларимизнинг ҳурматларини жойига қўйишимиз лозим ва лобуддир. Акс ҳолда ҳадисда зикр қилинганлар қаторидан чиқиб қоламиз.
Шунинг учун ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисда «Ким кичигимизни иззат қилмаса, каттамизни улуғламаса ва уламоларимизни эҳтиром қилмаса, биздан эмасдир», деганлар.
Уламолар қиёмат куни анбиёлар қатори умматни шафоат қилиш ҳуқуқига эга бўладилар. 
 Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Қиёмат куни уч тоифа шафоат қилади: «Анбиёлар, уламолар ва шаҳидлар», дедилар» (Ибн Можа ривояти).
Йўлчи юлдуз карвон аҳлига қандай ёрдам берса, уламолар ҳам фикрлари, дуолари, маслаҳатлари билан умматга шундай асқотишади.  
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ер юзида уламолар худди еру сувнинг қоронғулигида йўл топишга ёрдам берувчи йўлчи юлдузга ўхшайди. Юлдузлар ғойиб бўлганда йўловчилар адаша бошлайдилар», деганлар (Аҳмад ибн Ҳанбал ривояти).
Уламоларимизни ҳурмат қилган киши пайғамбарларнинг меросхўрларини ҳурмат қилган бўлади. Шундай экан, ҳар биримиз имкон қадар пайғамбарларнинг меросхўрлари тўғрисида бўлмағур гапларни гапириб, миш-мишларни тарқатиб, фитналарга учиб гуноҳ орттиргандан кўра, уларни эъзозлаб, ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб, дуоларини олиб ажр-савобни қўлга киритишга астойдил ҳаракат қилайлик.

Жобиржон Элов,
ЎМИ Бухоро вилояти вакили,
Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мудири,
“Болои ҳовуз” жомеъ масжиди имом-хатиби
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:35
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram