Олимларга эҳтиром
15 сентябр 2018 й.
1956 марта ўқилди.

 Бимиллаҳир роҳманир роҳим

Олимларга эҳтиром
“... Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир...”
(Ҳадис)
Олимлар барча замонларда ақлий меҳнат соҳиблари бўлганлар. Халқимиз азалдан илм аҳлига ўзгача меҳр ва ҳурмат билан қарашган. Аллоҳ таолонинг ўз пайғамбарига бўлган илк амри ҳам ўқишга буюриш эди. Мусулмонларнинг илк муаллими ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам зиммаларига юклатилган вазифани мукаммал адо этдилар, яъни умматларига шариат илми ва аҳкомларини комил ўргатдилар. Пайғамбаримизнинг вафотларидан сўнг бу шарафли вазифани У кишининг издошлари – саҳобаи  киромлар амалга оширдилар. 
Олимлар жамият биносининг бинокорлари, онгу тафаккур муҳандислари ва маърифат боғининг боғбонларидир. Улар маънавият осмонида зиё таратиб турувчи йўлчи юлдуздирларки, улар туфайли одамлар тўғри йўлни топадилар, уларнинг шарофати билан жаҳолат зулматларидан омонлик қирғоғига етадилар. Бинобарин, олимларни рисоладагидек ҳурматламай туриб, ҳақларини муносиб равишда адо этмай туриб, фарзандларимиз эл-юрт, жамият, қолаверса, бутундунё учун фойдали ва керакли инсон бўлолмайдилар. 
Ҳурмат ибодатдан яхши, деган сўз бор. Аллоҳ муқаддас қилган нарсаларнинг ҳурматини жойига қўйиш,ибодат, аксинча, Аллоҳ наздида қадрли бўлган нарсаларга беписандлик қилиш, уларнинг ҳурматларини оёқости қилиш динимиз мезонида оғир гуноҳ саналади. Аллоҳ ҳурматлаган ва даражасини баланд қилган нарсаларни эъзозлаш ва улуғлаш қалбдаги тақводан далолат эканлиги муқаддас китобимизда ҳам эслатиб ўтилган. Олимлар айнан Аллоҳ ҳурматларини баланд қилган тоифага мансубдирлар. Ҳаж сурасининг 30-оятида шундай марҳамат қилинади: “(Иш) шудир!Ким Аллоҳнинг ҳурумотларини ҳурмат қилса, билсинким, бу иш парвардигор наздида ўзи учун яхши бўлган ишдир”. Убода ибн Сомит (р.а.) дан ривоят бўлган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам шундай дейдилар: “Катталаримизни ҳурмат қилмаган, кичикларимизга меҳр кўрсатмаган ва олимларимизнинг ҳаққини билмаган кимса умматимдан эмас. ” (Имом Аҳмад ривояти) Демак, олимнинг ҳаққини билиш унинг илмининг ҳаққини билмоқдир. Зеро, Аллоҳ таоло илмнинг қадрини баланд қилди ва унинг орқасидан илм ато этилган инсонларнинг ҳам қадрини юксак қилиб қўйди. Мазкур ҳадиси шариф  олимлар каби Аллоҳ улуғ қилган ҳамда шаръан ҳам, ақлан ҳам эҳтиромга лойиқ бўлган кишиларга ҳурматсизлик қилиш, уларнинг орқаларидан ношойиста сўзларни айтиш нақадар ёмон иш эканлигига далолат қилади. Ўтган улуғларимиз, салаф солиҳларимиз олимларнинг ҳаққини жуда яхши билганлар, уларнинг қадри нечоғли баланд эканлигини яхши ҳис этганлар. Имом Ғаззолий ўзларининг “Иҳёу улумид-дин” асарларида шундай дейдилар: “Олимлар замона чироқларидир. Ҳар бир олим замонасининг чироғи бўлиб, ўша замондаги кишилар уларнинг нуридан фойдаланадилар”.
                                                                                                                   А. Иноятов
                                                                                                   Жўйбори Калон ўрта-махсус 
                                                                                                   ислом билим юрти мудири                                    
 
 
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:36
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram