Олтин тож соҳиблари
18 март 2016 й.
2470 марта ўқилди.

 Олтин тож соҳиблари

 
Аллоҳ таоло баъзиларни илм билан юксак мақомларга кўтаради. Уларни уммат учун яхшиликда пешқадам йўлбошчилардан қилади. Уммат уларнинг сўзларига амал қилиб ҳаётда тўғри йўлни топади. 
Олимлар маҳшар майдонида мушки анбар бўйи таралиб турган тепаликда тўпланишади. Вакил қилинган фаришталар уларнинг қўлларидан тутиб, оёқлари тагига дунёдаги каби қанотларини ёйиб, турли зийнатлар тақиб қарши олишади. Уламолар фаришталар қаноти устида атрофни сайр этадилар, мухлисларининг шафоатига ошиқадилар. Уларнинг юзи чақнаган қуёшдек порлаб, нурлари бутун атрофни чароғон қилиб туради. Уларнинг нуридан кўзлар қамашади. Ҳар бир олимнинг олдида беш юз йиллик масофани ёритадиган жаннат нурларидан иборат байроқ бўлади. Бунинг атрофига олимнинг илмига эргашган ва унга муҳаббат қўйган мухлислари тўпланиб, муборак нурдан баҳраманд бўлишади. 
“Илм ўрганувчи ё уни ўргатувчи ёки тингловчи бўл” мазмунидаги ҳадиси шариф бежиз айтилмаган
Ким олимни Аллоҳ розилиги учун суйиб ардоқласа, ушбу бахтга муяссар бўлиши табиий. Шунда бутун халойиқ улар томонга боқиб: “Бу нур юзли уммат ким экан?” деб ҳайрон қолиб турганида, фаришталардан бири: “Булар Аллоҳнинг севган бандалари, пайғамбарнинг меросхўрлари, издошлари, умрини ибодат, дуо, зикр ва кишиларга манфаат йўлида ўтказган, шариат чегарасини сақлаган, умматга йўлчи юлдуз бўлиб порлаган Аллоҳнинг дўстлари”, деб нидо қилар экан. Ҳар бирининг бошига жаннат нуридан, дуру марварид, ёқуту маржонлардан ясалган тож кийдирилади. У етти қават ернинг тагигача нурини таратиб туради. Уларга жаннат зийнатлари билан безалган либослар кийдирилади. Унинг нури қаршисида ой ва қуёш хижолатда қолади. Бутун уммат буларни кўришга ошиқади. Улардан таралган ҳиддан ён атроф хушбўйланиб туради. 
Бу юксак мақомга етмоқни ирода қилган банда билим манбаи бўлмиш китобга муҳаббат қўйсин. Олимларни эъзозлаб, ҳурматласин. Қулфланган қалбини маърифат калитлари билан очсин, белига ғайрат камарини боғлаб, машаққатли дамларда сабр ҳассасини тутсин. Жаҳолат майдонидан узоқлашиб, руҳиятига шижоат кўчатини ўтқазсин. Шундагина асрлар оша дунёга донг таратган Бухорий, Термизий, Самарқандий, Хоразмий, Шоший, Марғиноний ва Насафийлардек ҳидоят юлдузи бўлиб порлайди. 
Илм туфайли уларнинг қалбига собитлик, тақво, қўрқинч ва умид жойланган. Чунки Аллоҳ таоло илмсиз ибодатни қабул қилмайди. 
Илмсизлар асло тақводор бўлолмайди. Нимадан сақланишни, унинг сабабини билмаганлар қандай ҳам тақводор бўлсин?!. Банданинг илми кўпайиб боргани сайин Раббисидан қўрқинчи ошиб бораверади. Илм ўрганиш ибодат, уни такрорлаб туриш тасбеҳ, унинг устида баҳс юритиш мароқ, билмайдиганларга ўргатиш садақа саналади. Ўзини танийдиган кишигина Раббисини танийди, унга бўйсунади, ҳамд айтади, уни ягона деб билади. 
Албатта, ўқиган илмига амал қилганларга хавф-хатар бўлмайди. Аксинча, улар илм аҳлига тортиқ қилинаётган фазлу марҳаматнинг улуғлигини кўриб, қанийди янада кўпроқ илмга ошно бўлганимизда эди, деб орзу қилишади. 
Ўрганган илмга амал қилинмаса, уни нафс йўлида зое этилса, фахр ва риё аралашса, ҳақиқат беркитилса, насиҳатдан йироқлашилса, илмсиз фатволар берилса, нур таратишга ҳақдор юзлар кўмирдан-да қорайиб, қувонч ёшлари ўрнини қонли ёшлар эгаллайди. 
 Шундай экан, илм эгаллашда ёшликнинг қадрига етиб, тинчликни ғанимат билиб, Яратганнинг розилигини талаб қилиш барчамизга насиб айласин.
 
Эркин ҚУДРАТОВ
Мир Араб ўрта махсус ислом 
билим юрти мударриси
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:35
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram