Аёл улуғ зот.
Дарҳақиқат, “Аёл улуғ зот” аввало у меҳрибон она, вафодор ёр, мушфиқ опа-сингилдир. Бу зотлар зурриёдларимиз давомчиси, жажжи гўдакларнинг меҳрибон онаси.
Аллоҳ таоло Қуръон каримда марҳамт қилади:
“Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик” дейди.
Яна бир оятда: Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди.
Ҳадиси шарифда: Ота-она сенинг жаннатинг ёки дўзахингдир. Ҳар бир фарзанд ота-онасини хизматини қилиб, дуосини олиб уларни рози қилса жаннатийдир.
Демак, Аллоҳ таоло шарифда аввал ўзига итоат ва ибодат қилишга буюрса, иккинчи ўринда ота-онага яхшиликка буюради, ота-оналаримизнинг ҳолидан хабар олиш, гўдаклигимизда улар бизни едириб-ичириб, кийинтиргани каби биз ҳам уларнинг кексайгач бунданда зиёдроқ ишлар чиройли табассум билан кўнгиллар олишимиз, яхши едириб, кийинтиришимиз имкони бўлса “Умра”, “Ҳаж” сафарларига олиб боришимиз мақсадга мувофиқдир.
Биз мўмин-муслмонларнинг оналаримиз, аёлларимиз, опа-сингиллармиз нақадар шарм-ҳаёли, иболи, иффатли бўлгани билан бутун жаҳон қойил қолган. Тарихга бир назар соладиган бўлсак, бизнинг аждодларимиз Темурийлар даврида, Бобуршоҳлар даврида ор-номусли, шарм-ҳаёли мусулмон аёлларга қойил қолмай бўлмайди. Уларнинг заковати, илми вазбинлик билан сўзлаган сўзларига эътибор бериб кўрайлик. Айниқса, яқин ўтмишдаги А.Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романидаги Ўзбекойим, Офтобойим, Кумушбиби каби аёлларимизнинг сўзлаган сўзлари-ю, одоб-аҳлоқларига қойил қолмасдан иложимиз йўқ. Бугунги кунда ҳам қизларимизни шундай қилиб тарбия қилишимиз лозим.
Қадимда бир Олим зот шогирдларига турли илмларни ўргатар экан. Бир куни қуйидагича савол қилди: Эртанги дарсда менга жаннат тупроғидан бир ҳовучдан олиб келинглар, деди. Шогирдлар ҳайрону-лол бўлиб бу саволга жавоб тополмайди. Шогирдларнинг орасида илмли, зукко доноси, ибодатларга қоим бўлган, художўй, меҳрибон, онасининг оёғи изи босилган тупроқдан бир ҳовуч устозининг ҳузурига олиб келиб, шундай деган экан, сиз менга пайғамбаримиз (с.а.в.) айтган бир ҳадисни ўргатган эдингиз: “Жаннат оналар оёғи остидадир”. Шунинг учун, мен меҳрибон онам оёқ излари босилган тупроқдан сизга олиб келдим деб айтган.
Алишер Навоий рубоийси: Ушбу ҳадис оналар шарафига айтилган жамики фикр ва мулоҳазанинг энг яхшисидур.
Оналарнинг оёғи остидадур, Равзаи жаннату жинон боғи.
Равзаи боғин висолин истар эсанг, Бўл оналар оёғин туфроғи.
Ибн Аббос (р.а.) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в.) : “Қайси бир мусулмоннинг ота-онаси бўлса, уларга яхшилик қилиб унинг савобини кутган ҳолда тонг оттирган бўлса, Аллоҳ таоло унга жаннатнинг икки эшигини очади” деганлар. Яъни: “Она жаннат эшикларидан бир эшикдир”.
Дарвоқеъ онага ва отага бўлган иззат ва ҳурмат уларнинг тириклигидаёқ ўз ўрнига қўйилмоғи лозим. Ана шу дамда ҳаёт бўлиб, нурафшон кўзларини қадаб турган ота-онага хизмат қилиш жаннатга киришнинг асосий воситаларидан биридир. Ҳадиси шарифда : “Ота-онасини тириклик вақтида рози қилмаган фарзанд хор бўлсин, хор бўлсин”, дейилади. Шунинг учун ота-оналаримизнинг ҳаётлик чоғларида хизматларида бўлиб, дуоларини олишга муяссар бўлсаккина Аллоҳ таоло бизни икки дунё саодатига муяссар қилади. Шундай экан, ҳар бир фарзанд ўз бурчини билиши, ота-оналардан доимий ҳабар олиб туришлари, эрталаб ишга кетиш олдидан ва ишдан қайтган вақтда кириб дуоларини олиб юришлари лозим. Шундагина улар бахт-саодатли, омадли, йўллари равон бўлади.
Ибн Умар (р.а.) ривоят қилинади: “Бир киши Набий (с.а.в.) ҳузурларига келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, мен катта гуноҳ қилдим. Учун тавба борми?” деди. “Онанг борми? дедилар. Йўқ”, деди. “Холанг борми?” дедилар. “Ҳа”, деди. “Унга яхшилик қил”, дедилар”. Демак, хола ҳам она ўрнида бўларкан. Онаси вафот этиб кетган инсон холасига яхшилик қилса, бу ҳам гуноҳларига каффорат бўлар экан.
Бир сўз билан айтганда оналаримиз, аёлларимиз, мунис опа-сингилларимизни аёллар байрами билан самимий муборакбод этиб, уларнинг келажак авлодимиз бўлган фарзандларимизни Ватанпарварлик туйғуси билан тарбиялашда, камолга етказишда, уларни илмли, салоҳиятли қилиб вояга етказишдаги масъулиятли, аммо, шарафли меҳнатларига Аллоҳдан улкан ажрлар тилаб, ҳақларига дуолар қилиб қоламиз. Зеро шоиримиз айтган самимий сўзлар сиз азиз, мўътабар аёлларимизга бахшида бўлсин:
Дунёда улуғлар улуғин сўзи, чиндан ҳам улуғдир бул зотнинг ўзи.
Боласи қийналса намлидир кўзи, ул киши мўътабар онадир.
Боласига пок бериб едирган нон, гуноҳларин кечириб эркалар ҳамон.
Дерсиз ким у буюк инсон, табаррук ул зот онадир.
Инсонлар борки меҳр номидир, йўлига сочсангиз арзийди дур.
Меҳр тошган қалбини енгаолмас ғурур, муборак ул киши онадир.
Боласига вақти келса емай едирган, тарбия булоғидан қониб ичдирган.
Фарзанд камолин кўриш истагида юрган, Онадир у, онадир ул, онадир!
Оналар бор олам қўшиқ хонадир, Она сузин мақтасак дил қонадир.
Фарзанди учун ким қувониб ёнидир, Онадир ул онадир ул онадир.
Юрагидан янги юрак кўчирган, оқ сутига меҳрини қушиб ичирган.
Гуноҳ қилсак энг биринчи кечирган, Онадир ул онадир ул онадир!
Миржон Эгамбердиев – Бухоро вилояти
Шофиркон тумани бош имоми.
«орқага