ОНА СУТИ-БЕБАХО НЕЪМАТ
27 март 2024 й.
462 марта ўқилди.

ОНА СУТИ-БЕБАХО НЕЪМАТ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Дунё мўъжизаларга бой бўлиб, улардан бири она сутининг мўъжизаси энг ҳайратланарлисидир. Гўдак туғилиб чинқириб йиғлайди, она кўкрагини боланинг оғзига солиши билан эма бошлайди. Онанинг меҳр-муҳаббати жўшиб, кўксидаги сут томчилайди. Аллоҳ таолонинг мўъжизасини қарангки, сутнинг харорати билан гўдакнинг харорати бир хилда, на иссик ва на совук, бу илиқ сут на ачийди ва на совиб қолади. Кундузи-ю кечаси бир хилда камайиб, кўпайиб бораверади. Аёлнинг яратувчан қилиб яратилиши Қуръони Карим оятларида батафсил ёритилган. Ҳатто ундаги суралардан бирига «Нисо» — аёл номи берилган.
Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида «Жаннат — оналар оёғи остидадир» деганларида ҳам она гўдагини дунёга келтириб, уни бағрига босиб эмизганлигини назарда тутганлар. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай мархамат қилади:
«...Онаси унга қийналиб ҳомиладор бўлди ва уни қийналиб туғди. Ва унинг ҳомиласи ва кўкракдан ажратиши ўттиз ойдир...». (Аҳқоф сураси, 15 оят) 
Ҳомиладорлик катта машаққатдир. Ҳомила пайдо бўлиши билан онанинг машаққатлари бошланади. Кўнгли айнийди, заифлашади ва бошқа турли қийинчиликларни бошидан ўтказади. Вақт ўтиб, ҳомила катталашиб борган сари онанинг машаққати ҳам катталашиб боради. Бу машаққатларни фақат Аллоҳ берган оналик меҳригина енгиллаштириши мумкин.
Кейингиси энг қийин жараёнлардан бири туғиш пайтидир. Ҳар бир она ўз фарзандини катта қийинчилик билан дунёга келтиради. Тўлғоқ, туғиш – булар ҳаммаси фақат Аллоҳнинг инояти билан амалга ошади. Ҳар бир инсон ана шу қийноқларни бошидан кечириб туққан ўз онасини ҳар қанча эҳтиром қилса, шунча оз. Сўнгра туғилган болани эмизиб, ювиб-тараб, тарбиялаб, катта қилиш керак бўлади. Болага ҳомиладор бўлгандан тортиб, уни сутдан ажратгунгача бўлган даврда қанчадан-қанча машаққатлар ўтади. Инсон боласи энг ожиз бўлиб туғиладиган жонзотдир. Барча ҳайвонларнинг боласи туғилганидан бир оз вақт ўтганидан сўнг, ўзининг кунини ўзи кўриб кетаверади. Аммо инсон боласи узоқ муддатли парваришга муҳтождир. Бу меҳнатни ҳам асосан она бажаради. Шунинг учун онани ҳурмат-эҳтиром қилиш алоҳида таъкидланади.
Аёл қалбида меҳр товланса, кўкрагидаги меҳр булоғи чашма каби отилиб чиқади. Гўдакнинг очиққанини у йиғламасидан беш ўн дақиқа олдинроқ она ҳис қилади гарчи у йироқда бўлса ҳам.
Она сутининг фойдали хусусияти ҳеч бир жонзот сутининг калориясига тенглаштирилмайди. Она сути болага куч-қувват бериши билан бирга ақлий мўъжиза яратиш имконини беради.
Дарҳақиқат, кўзи ёриган она дарҳол ўзини эмас боласини ўйлайди, унинг соғ-саломат туғилганини билмокчи бўлиб дояга мурожаат қилади. Илиқ гап эшитгач кўнгли таскин топади. Шу аснода гўдак ила онанинг меҳр - муҳаббат риштаси томирларида жўш уради. Кўксини тутиб боласини эмизиш тараддудини кўради. Бола тамшанади. Эндигина дунёга келган гўдак бу ҳолатни қаердан, кимдан ўрганди экан? Аллохнинг мўъжизаси бу, юқорида айтиб ўтганимиз бу икки ёшгача эмизиш она сутининг болага фойдалари хақида эди. Тиббиётнинг исботлашича, боласини кўп эмизган онада кўкрак саратони хасталиги учрамайди. Олимлар болани она сути билан боқишнинг яна бир фойдали томонини кашф қилишди. Маълум бўлишича, она сути янги туғилган гўдаклар миясининг ривожланишида катта роль ўйнайди, бу эса уларнинг кейинги ҳаётига ҳам таъсир кўрсатади. Она сути билан боқилган болалар юқори IQ (ақлий салоҳияти) натижаларини кўрсатишган, бундан ташқари, уларнинг хотираси, ҳаракатлари ва бирор нарсани ўрганиши яхшироқ ривожланган бўлади. Америкалик олимларнинг тадқиқот натижалари The Journal of Pediatrics нашрида чоп этилган. 
АҚШлик тадқиқотчилар жамоаси камида 28 кун давомида она сути билан боқилган 180 нафар  боладан  иборат гуруҳни тўплашди. Олимлар 7 ёшдаги болаларни ўрганиб чиқиб, уларнинг мия ҳажми, шунингдек ўқиш, математик билим, нутқ, хотира каби ақлий салоҳияти бўйича тест натижалари турли хил аралашмалар билан боқилган тенгдошларига нисбатан кўп жиҳатдан устун эканлигини аниқлашди. 
Олимлар бир овоздан болани туғилиши биланоқ она сути билан боқишни тавсия қилишмоқда. Улар боланинг ривожланишига кўплаб ташқи омилларнинг таъсир кўрсатишини ҳамда она сути – улардан биригина эканлигини яхши билишади. Бироқ тадқиқотларнинг кўрсатишича, бу омил жуда муҳим, шу боис жиддий сабаб бўлмаса, болани бундан маҳрум қилиш керак эмас.
Она сутида углеводлар кўп. Улар таркибига сутни нормал ҳазм бўлишига ёрдам берувчи алоҳида моддалар (В-лактоза) киради. Унинг таркибидаги витаминлар ва минерал тузлар ўсувчи организм талабини тўлиқ қондиради. Унда кальций ва фосфор яхши нисбатда бўлади, шунинг учун кўкрак сути эмган болалар рахит хасталиги билан кам касалланади. Аёл сутида тузлар, темир моддаси, мис, рух, кобальт ва қон ишлаб чиқариш жараёнига таъсир қилувчи бошқа микроэлементлар етарли миқдорда бўлади. Бунинг натижасида кўкрак сути эмган болаларда сунъий овқатлантириладиган болаларга қараганда камқонлик касали кам учрайди»
Кўкрак сути гўдак учун энг енгил ҳазм бўладиган, фойдали ва тўйимлигина бўлиб қолмай, балки у бой биологик хусусиятларга ҳам эга. Чунончи, у болага ҳаётининг хатарли даври, яъни туғилгандан сўнг биринчи ҳафта ва ойларнинг яхши кечишига ёрдам беради. Она сутидаги T-лимфоцитлар ошқозон-ичак трактида тезроқ иммунитет шаклланишини таъминлайди.
Она сути бола соғлиғини таъминлашнинг энг яхши воситаси бўлиб, унинг таркибидаги антижисмлар болалар касалликларидан гўдакни ҳимоя қилишга ёрдам беради. Болаликда кўкрак сутидан озиқланган инсон кейинчалик ортиқча вазн тўплаши ёки семириш эҳтимоли паст, организмда диабет ривожланиш қалтислиги кам, интеллектуал даражаси баланд бўлади.
Илмий тадқиқотларга кўра, кўкрак сути билан озиқланиш даражаси 100 фоизга кўтарилса, ҳар йили дунёда 5 ёшгача бўлган 820 минг бола ва 20 минг аёлнинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин экан. Ҳар бир бола ҳеч бўлмаганда ҳаётининг биринчи олти ойи давомида кўкрак сутини эмганида, ақлий қобилияти ошиши ҳисобидан глобал иқтисодиётга қўшимча 300 миллиард доллар даромад келтирган бўлар эди.
Кўкрак сути ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш саноати қудратли тармоққа айланиб, ҳозирда унинг ҳажми йилига 45 миллиард долларни ташкил қилади. 2019 йилга бориб соҳа бозори 70 миллиард долларга етиши кутилмоқда.
Фарзанд ота- онага Аллоҳ томонидан берилган омонатдир. Боланинг қандай униб ўсиши ота-онага боғлиқ. Шу сабабдан ҳам улар қиёматда бу вазифадан сўраладилар. Шундай экан бу ишда масъулиятли бўлмоғи зарур. Фарзарднинг комил инсон бўлишида онанинг ўрни беназирдир. Бола она вужудида ривожланар экан у ҳис этган барча нарсани сезади. Туғилгандан кейин ҳам у онаси билан ўзини боғлаб турувчи она сути билан ўзини тинч ва ҳотиржам сезади." Халқимизда сут билан кирган жон билан чиқади "деган нақл бор, бу ҳам бежиз эмас.Она эмизиш даврида болани ҳаётга тайёрлайди. Бу пайтда она ўзини эҳтиёт қилиши, тақво йўлини янада маҳкам тутиши, зикр, тасбеҳ ва дуода бўлиши зарур. Бу давр бола учун жуда аҳамиятли давр, чунки бола руҳан ва жисмонан шаклланади. Қурони каримда ҳам янги туғилган фарзанднинг онадаги ҳаққи бундай баён этилган:" Оналар болаларини тўла 2 йил эмизадилар".(Бақара сураси. 233) Бундан кўриниб турибдики болани эмизиш жуда зарур. Яна бир ҳадисда" бола учун она сутидан зарурроқ озуқа йўқ"-дейилган. Ҳозирги кунда замонавий тиббийётда ҳам она сутини она ва бола учун зарур эканлиги ўз исботини топган. Аввало болани эмизиш она учун ҳам жуда фойдали.
—Эмизиш билан руҳий хотиржамликка эришилади.
—Она организми туғриқдан олдинги ҳолатига тез қайтади.
—Эмизиш туфайли саҳрни олди олинади.
—Кўкрак без саратони ҳавфи камаяди ва бошқа кўп касалликлар олди олинади.
Она сутининг бола учун фойдали ҳусусиятларига келсак у енгил ҳазм бўлади, тўйимли ва микроблардан ҳоли. Муҳими ҳамиша бир хил ҳароратда бўлади. Таркибида 100 дан ортиқ керакли моддалар бор. Оқсил, ёғ, углеводлар 1:3:6 нисбатда бўлади. Бу бола эҳтиёжини тўла қоплайди. Сут таркибида калций, фосфор тузлари бўлади. Бу эса бола скилет сестемасининг ривожланиши учун зарур. Она сути таркибида витамин ва минераллар кўплиги бола иммунитетини мустаҳкамлайди. Касалликлардан ҳимоя қилади, рак касаллигини олдини олади. Она сути эндигина туғилган фарзандларимиз учун энг керакли ва тўйимли озуқадир. Оналар иложи борича болаларни кўкрак сути билан катта қилишга ҳаракат қилишлари зарур.

Ризвоной Бахромова,
Бухоро вилояти бош имом-хатибининг
Хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдачиси
 

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:45
Куёш: 07:40
Пешин: 13:10
Аср: 16:40
Шом: 18:20
Хуфтон: 19:55
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram