ОРИФ КИМ? ОРИФЛИК НИМА?
07 апрел 2016 й.
6450 марта ўқилди.

 ОРИФ КИМ? ОРИФЛИК НИМА?

 
Тасаввуф аҳли одамларни ибодатлари, каромат даражасига кўра уч гуруҳга ажратадилар. Биринчи гуруҳ - обидлар. Улар шариат қавмидан бўлиб, Аллоҳ-таълонинг буюрганини бажариб  қайтарганидан сақланадилар. Шариат белгилаб берган ҳалол ва ҳаром, пок ва нопок барчасига амал қиладилар. Обидларнинг ибодатлари: намоз ўқимоқ, рўза тутмоқ, закот бермоқ, ҳажга бормоқ, нафс орзуларини енгиб охиратни севмоқдир.
Иккинчи гуруҳ-зоҳидлар. Зоҳидлар тариқат аҳлига мансуб бўлиб, тоат ибодатларида дунёдан юз ўгиришларида ва ҳар кандай зоҳидона турмуш тарзларида  Аллоҳнинг розилигини топиб, жаннатга кириш ва жаҳаннам азобидан қутилиш ғоясига эга бўлишларидир. Уларнинг ибодатлари кечаю-кундуз тангрини зикр айлаш, қўрқув ва умид ичида нафас олмоқ, орзулари эса бу дунёда охират учун яроқли ишларни амалга оширмоқдир.
Учинчи тоифа - орифлар. Улар маърифат аҳлидан бўлиб, ақлу-донишда етук маърифат нури билан қалби лиммо-лим пок ният, покиза ахлоқли закий одамлардир.
Орифлар ҳамма вақт эзгуликни ўйлаб ўзига эргашган одамларни қалб саховати билан тарбияланганлар, уларнинг иродасини чиниқтириб, кўнгил чашмаси кўзини очиб ҳақ йўлини ҳимоя қилишга ўргатганлар.
Ориф Аллоҳ-таълонинг тавҳидида, Аллоҳ-таълога ишонган, Аллоҳ-таълога таваккул килишда ва ишларни Аллоҳ-таълога топширишда иродаси Аллоҳ-таълонинг иродасига фоний бўлиш, даражасига етган шахсдир.
Орифларнинг ибодати, тафаккур ила дунёни ва охиратни тарк қилмок ҳиммат назари ила валоятни кутмок ва Ҳаққ таоъло васлига етишмоқ орзусидир.
Азизидин Насафий “Зубтатул ҳақойиқ” китобида орифга шундай таъриф беради: “Нарса ва ҳодисаларнинг ботиний моҳиятини англаса, назаридан ҳеч нарса яширин қолмаса ва тақлид чегарасидан ирфон чегарасига қадам қўйган бўлса, уни донишманд-ориф” дейдилар.
Абдулкодир Жейлоний “Роббонийликни англаш” китобида зоҳид ва ориф даражалари хусусида сўз юритиб орифга шундай баҳо беради: “Сўнги (Зохидликдан кейинги) даражага кўтарилиб, имконияти қувваланади, Аллоҳ-таълони танийди. У қалбига охиратни эмас, балки мавлосига етишни карор килиб олади. Шу вақт дунё амалларининг мингтаси кўрилса ҳам, қалбига зарар бермайди. Бунда у Аллоҳнинг буйруғига бўйсунади, ҳукмига, тақдирига мувофик келади. Аллоҳ учун инсонлар хизматида уларга енгиллик етказишда қоим туради. Зулматни урнига нурни етказади”.
Ориф Аллоҳни таниган, билган ва илоҳий маърифатдан мукаммал хабардор солик. Ориф Аллоҳнинг ҳайй, илм, ирода, кудрат сингари сифатларини теран идрок этиш ёки ўзлаштириш билан чекланмайди. Балки бутун коинот-борлиқ оламнинг сир-асроридан хам чуқур огоҳликка эришади.
Ориф Роббининг иззати, азамати ва қудратини ўта аъло даражада билади. У охират орзуси билан эмас, тангри даргоҳига талпиниш билан яшайди.
Орифнинг зоҳиддан фарқини ҳазрат Махдуми Аъзам қуйидагича баён киладилар: “Ориф билан зоҳид орасидаги фарқ шуки, ориф бамисли қуёш, зоҳид бамисли ой, ой тунни равшан қилгай, қуёш эса кўп бузург бўлиб, кунни равшан айлар. Зоҳид Ҳаққ таълонинг сўзига, Ориф Ҳаққ таълонинг Ўзига машғул бўлгай. Зоҳид халкни илми зоҳир ила даъват қилгай, Ориф халкни илми ботин билан даъват килгай. Зоҳид ҳар не келса, халқдан кўргай, Ориф ҳар не кўрса Ҳаққдан кўргай, зоҳиднинг талаби беҳишт, орифнинг талаби дийдор бўлгай...”
Бугунги кунда Аллоҳ-таълонинг ориф бандалари ҳакидаги маълумотлар ўзига хос аҳамитя касб этади. Аввало улуғ аждодларимиз ичида орифлик даражасига етган буюк зотларнинг ўтганининг ўзи барчамиз учун фахрлидир. Орифлар ҳақидаги маълумотларни ўрганиш ва уларнинг таълимоти ахлок одобларидан хабардор бўлиш одамнинг ўзини ўзи баҳолашига ўзининг ким эканлигини билиб олишга, ўздунё қарашларини, ахлоқ одобларини камол топтиришига, хайрли амаллар йўлида хизмат килишига ёрдам беради.
Комил инсонлар - Орифларнинг ҳаёти сўзлари ва эзгу амаллари бизга ибрат сабоқдир. Уларнинг табаррук руҳларини шод этиш, маърифатини ўрганиш орқали биз ўз қалбимизни виждонимизни тозалаймиз, ҳаёт тарзимизни ростлик ва эзгулик сари йўналтирамиз. Комил инсонлар-орифларнинг сийрати ва суратида илоҳийлик ва инсонийлик  мужассамлигини топган. Улардаги қудрат, каромат, ҳамда маънавий етукликни англаш ҳам инсоннинг ўзини, ҳам Аллоҳ - таълони таниш ва билиш воситаси  бўлиб хизмат қилади.
Хожа Аҳрори валий хикоя киладилар: “Тошкентда экан вақтларим шаҳар aтрофида чиқиб орифона суҳбатлар уюштирардик. Бир йигитча бизнинг даврамизни узоқда термулиб кузатиб турар, ҳеч нари кетгуси йўқ эди. Бир куни таҳорат олишга чиққанимда дарров келиб, сув тутқазди. Шунда мен унинг аҳволини сўрадим. Кўзига ёш олиб дедики: “Мени бир кўринмас куч сизлар томон тортиб туради, сизларга яқинлашсам сўзларингизни эшитсам, ажиб бир ҳолат сезаман, қувонгандан яйрайман.” Хожа Аҳрор сўзларида давом этиб дейдиларки, йигит биз билан юриб, суҳбатларимизга қатнашиб улуғ мартабаларга эришди.
Бизнинг максадимиз ҳам юртдошларимизни улуғ аждодларимизнинг орифона суҳбатлари ва маърифатидан баҳраманд этиш оркали ҳаётда, илмда, хулқу-одобда улуғ  мартабаларга эришишга кўмаклашишдан иборатдир.
 
 
Бухоро шаҳар 
“Хожа Исмат” жомеъ 
масжиди имом хатиби С. Гадоев 
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:40
Куёш: 05:25
Пешин: 13:10
Аср: 18:15
Шом: 19:55
Хуфтон: 21:30
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram