Ота-онага яхшилик (Қуръон оятлари мисолида)
16 сентябр 2023 й.
624 марта ўқилди.

Ота-онага яхшилик (Қуръон оятлари мисолида)
Ислом манбалари, хусусан, Қуръони каримда илгари ўтган пайғамбарлар ҳақида сўз юритилганда ота-оналарига яхшилик, меҳрибонлик қилувчи бахтли кишилар бўлганлари алоҳида баён этилган. Бу ислом динининг ота-оналарга бўлган юксак ҳурмат ва эҳтиромининг намунасидир. Ислом таълимотларига кўра, кишининг бу дунё ва охиратдаги бахти ота-онаси ҳузуридадир. 
Ота-онага яхшилик қилиш инсоннинг табиий фитратида мавжуд хусусиятдир. Барча динларда бу фазилатли ишга ташвиқ қилинади, бинобарин, барча пайғамбарларнинг сийратида ҳам бу хулқ мавжуд. Қуръонда зикри келган бир қанча пайғамбарларнинг ўз ота-оналарига муносабатлари бизларга ибрат ва намуна учун баён этилган. Жумладан, Қуръонда Нуҳ (а.с.)нинг қуйидаги дуоси келган: «Эй, Раббим! Мени, ота-онамни, уйимга мўмин ҳолда кирган кишиларни ва барча мўмину мўминаларни мағфират этгин!» (Нуҳ, 28).
Пайғамбарлар отаси Иброҳим Халилуллоҳ эса отасининг залолатидан хавотирга тушиб, юмшоқлик ва мушфиқлик ила ҳидоятга чақиради: «Эй, ота! Дарҳақиқат, сизга келмаган илм менга келди. Бас, менга эргашинг! Сизни тўғри йўлга ҳидоят қилурман. Эй, ота! Шайтонга ибодат қилманг! Чунки шайтон Раҳмонга итоатсиз бўлган. Эй, ота! Ҳақиқатан, мен сизга Раҳмон (томони)дан азоб етиб, (дўзахда) шайтоннинг ёнида бўлиб қолишингиздан қўрқаман» деди (Марям, 43-45). Бошқа бир оятда эса Иброҳим (а.с.) оталарини дуо ҳам қилдилар: «Эй, Раббимиз! Ҳисоб-китоб қилинадиган (қиёмат) куни мени, ота-онамни ва (барча) мўминларни мағфират қилгин!» (Иброҳим, 41). 
Қуръони каримда келган Исмоил (а.с.) қиссасида ота-онани эъзозлашнинг энг юқори даражаси баён этилган. Иброҳим (а.с.) ўз ўғли Исмоилга: «Эй, ўғилчам! Мен тушимда сени (қурбонлик учун) сўяётганимни кўрмоқдаман. Энди сен ўзинг нима раъй (фикр) қилишингни бир (ўйлаб) кўргин!» (Соффот, 102) – деганда, Исмоил (а.с.) отаси Иброҳим (а.с.)га шундай жавоб қайтаради: «Эй, отажон! Сизга (тушингизда Аллоҳ томонидан) буюрилган ишни қилинг! Иншоаллоҳ, мени сабр қилувчилардан топурсиз» (Соффот, 102). 
Қадирли ўқувчи ота-онамизнинг розилигини топмоқлик шубҳасиз икки дунё саодатининг калити ҳисобланади. Шундай экан уларнинг розилигини топишда жидд-у жаҳд билан ёндашайлик. Зеро, улар тириклигида саодатга эришиш бахтли мўминнинг нишонасидир. 
Нодир Асадов,
“Пойи Остона” масжиди имом-хатиби 
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:50
Куёш: 06:40
Пешин: 13:10
Аср: 17:30
Шом: 19:10
Хуфтон: 20:30
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram