ОЙНИНГ ЎН БЕШИ ҚОРОНҒУ ЎН БЕШИ ЁРУҒ...
06 сентябр 2021 й.
866 марта ўқилди.
ОЙНИНГ ЎН БЕШИ ҚОРОНҒУ ЎН БЕШИ ЁРУҒ...
Ойнинг ўн беши қоронғу ўн беши ёруғ... Ким шу ҳикматга биноан бахт омад келганда шукрона қилиб, ўзидан кетиб қолмай, қийинчилик ташвиш келганда эса сабр қилиб имконият қидирса, меҳрибон Парвардигор албатта нажот ато қилади.
Ҳаётдаги оддий, арзимас бир муаммо устида ўйланаверган киши ўзини, ўзлигини йўқотиб қўяди. Масалан, йўлда машинасининг шинаси тешилиб тўхтаб қолган киши, ғилдирагини бўшатиб, яқинроқ устахонага олиб бориб тузатиб, ўрнига қўяди-да, манзилига етиб олади. Муаммо ҳал бўлди, лекин ғилдирак тепасида нимага ҳамма машинасини ғиззиллатиб ҳайдаб юради-ю, мени машинам бузилаверади, деб ғамга ботиб ўтираверса, манзилига ҳам ета олмайди, асаби бузилиб, ҳатто касал бўлиб қолиши ҳеч гап эмас.
Бир ўқитувчи айтган воқеани тингланг: “Олдимда икки-уч ўсмир болалар кетаётган эди. Улардан бири зўр бериб ўз қайғусини ўртоқларига достон қиляпти: “Эҳ, бугун ҳам компютердаги фалон ўйиннинг учинчи босқичидан ўтолмадим, шу ҳеч ишим юришиб, бахтим чопмади-да”. Ота-онаси бор, оиласи бут, кийим кечаги барчаникидан кам эмас, ҳар томондан мукаммал. Фақат анови ўйиннинг бир-босқичидан кейингисига ўта олмагани бахтсизлик эмиш. Жаҳонда ҳар беш сонияда бир бола очликдан вафот қилмоқда, Ҳиндистонда ўз уйи бўлишини хаёлига ҳам келтира олмайдиган қанча аҳоли бор, бу йигитчамизнинг шикоятини кўринг.
Қуръони каримда: “Сизларни бироз хавф хатар, очлик (азоби) билан, молу-жон ва мевалар (ҳосилини) камайтириш билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй Муҳаммад)! Уларга мусибат етганда: “Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз унинг ҳузурига қайтувчилармиз”-дейдилар. Айнан ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот (мағфират) ва раҳмат бордир ва айнан улар, ҳидоят топувчилардир”. (Бақара сураси,155- оят)
Ҳа, Аллоҳ баъзан турли машаққатлар, йўқотишлар, моли, жони, экинларига офат етказиб инсонни синайди. Шунда у: “Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз унинг ҳузурига қайтувчилармиз”-деб сабр қилса, дунё ва охиратда муваффақият топади.
“Боламни кийимини, ейиш-ичишини таъминлаб қўйсам бўлди”- деб юрмасдан, унга ҳозир нима кераклигини, кўнглида нималар кечаётганини ҳам сўраб туриш лозим. Ўғил-қизимиз билан унинг муаммолари тўғрисида дилдан суҳбатлашиб турайлик, фарзандларга беэътибор бўлмайлик, оқибатли бўлайлик.
Тушкунликка тушиб қолган одамни юриш-туришида ўзгариш пайдо бўлади. Эҳтимол хато қилгандир, ким ёшлигида хато қилмаган, биз катталар қачон шундай ҳолатни бировдан сезиб қолсак, дарҳол дўқ-пўписа қилмай, кўнглига қўл солиб, меҳрибонлик билан ҳолини сўраб, астойдил ёрдам берадиган одамдек муомала қилсак, кўнглини кўтарсак анча ҳовуридан тушиб келажакда ўзича нотўғри қарор чиқариб қўйишдан қайтиши мумкин.
Пайғамбар алайҳиссалом кичкина қушчаси ўлиб, хафа бўлиб турган бир болага ҳам эътибор бериб, уни кўнглини кўтариш учун ҳол сўраб қушчангга нима бўлди деганлари ҳадиси шарифларда ривоят қилинган.
Аллоҳ таъоло одамзодга шунчалик марҳамат кўрсатиб саноқсиз неъматлар билан сарафроз қилганки, унинг саноғига ета олмайсиз. Биз кўпинча парво қилмайдиган оддий нафас кириб-чиқиб турганидан бошлаб, кўзни кўриб тургани, қулоқни эшитиб тургани, оёқ-қўлни ишлаб тургани, ички аъзоларнинг барчаси ўз вазифасини бажариб ишлаб тургани – саломатлик энг улуғ бахт, катта неъмат. Бунинг устига Ватанимиз тинч-осойишта эканлиги доимий шукрини адо қилиш лозим бўлган неъматлардан эмасми? Инсон бу неъматларнинг қадрига етмоғи, унинг шукрини адо этмоғи, қолаверса ўша неъматларни бериб, кузатиб турган зот Аллоҳи таъолони рози қилиш ниятида ҳаётни баланд-пастига сабр қилиб намунали яшамоғи лозим.
Зеро, Пайғамбар алайҳиссалом ҳадиси шарифларида: “... дунё ям-яшил ва гўзалдир Аллоҳ унга эга қилиб қўйиб, сўнг сизларни кузатувчи ва нима иш қилишларингни кўриб тургувчидир...” деб огоҳлантирганлар. Инсон хоҳ яхши, солиҳ бўлсин, хоҳ гуноҳкор, фосиқ бўлсин, умри узоқ бўлиши Аллоҳнинг унга берган фазлидир. Зеро, солиҳ инсон бўлса, кўпайиб, кўплар ундан манфаат топади. Гуноҳкор бўлса тавба қилиб тўғри йўлга тушиб кетиши умид қилинади.
Мумин кишига ўлимни орзу қилиш ўзига ўлим тилаш ман қилинган. Ўлимни орзу қиладиган ўта қийин аҳволга тушиб қолган тақдирда ҳам фақат: “Парвардигорим агар ҳаётим мен учун ўлимимдан хайрлик бўладиган бўлса, умримни узоқ қилгил, агар ўлимим мен учун ҳаётимдан яхшироқ бўлса, ўлишни насиб қилгил”-деб дуо қилади.
Лекин ўз жонига қасд қилиш оқибати ўта ёмон гуноҳлардандир. Имом Бухорий бобомиз ривоят қилган ҳадиси қудсийда Аллоҳи таоло бундай марҳамат қилади: “Бандам ўзини ўзи ўлдириб, Менинг унга берган умримга шукр қилмай шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим”.
Бошқа бир ҳадиси шарифда эса: “Ким ўзини бирор нарса билан ўлдирса, қиёматда ўша нарса билан азобланади”- деб марҳамат қилинган. Зеро, ўз жонига қасд қилган билан муаммо ечилиб қолмайди, балки ундан кейин бу бесабр инсон абадий азобга қолади.
Келинг азизлар, аввало сабрли бўлайлик, озгинагина ҳаётимизни мазмунли ўтказиб, атрофдагиларга эътиборли бўлиб, имкон борича моддий-маънавий ёрдам кўрсатайлик, ҳеч бўлмаса ширин сўз билан кўнглини кўтарайлик токи ҳеч ким Аллоҳ берган энг қимматли неъмат, ҳаётидан эрта айрилмасин. Узоқ ва бахтли ҳаёт кечириш ниятида сабр-қаноат билан ҳаётда учрайдиган муаммоларни мардонавор енгиб ўтишга ҳаракат қилиб яшашни барча юртдошларимизга насиб этсин.
Ромитан туман “Биби Cаида” жомеъ
масжид имом-хатиби А.Хамроев.
«орқага