ПОКЛИК ИЙМОНДAНДИР
06 июн 2020 й.
«орқага
1367 марта ўқилди.
ПОКЛИК ИЙМОНДAНДИР
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Aллоҳ зоти покдир. У покликни севади. Ҳар бир мусулмон эркак ва аёл шариат қоидаларига мувофиқ тозаликка эътибор бермоғи, жумладан унинг бутун вужуди пок бўлиши шу билан биргаликда, руҳан яъни қалбан софликни ўзида мужассам қилмоғи даркор. Бугун ана шундай фитрат амаллардан бўлмиш, поклик, тозалик, озодалик ҳақида фикр юритишни жоиз деб билдик.
Исломда поклик иймондан ҳисобланади. Ислом поклик ва покланиш ишларига жиддий қарайди. Дунёда Исломдан бошқа ҳеч бир дин, тозалик ва мусаффоликни иймонга тегишли даражада кўтармаган. Поклик бўлмаса, банданинг ибодати ҳам мукаммал бўлмайди. Барча ибодатларнинг қабул бўлиши учун, аввало банданинг қалби, нияти пок бўлиши керак. Ибодатларнинг қабул бўлиши учун инсоннинг бутун танаси, кийим-боши ва ҳатто ибодат жойи ҳам тоза бўлиши, пок бўлиши шарт. Пок бўлганда ҳам каттаю кичик, кўзга кўринадигану кўринмайдиган барча нопокликлардан холи бўлиши керак. Aна шундай покликка эга бўлмаган банданинг ибодатлари мукаммал ҳосил бўлмайди, намоз ҳам ўқий олмайди, Қуръонни ҳам ушлай олмайди.
Aллоҳ таоло марҳамат қилади: "...Унда покланишни хуш кўрадиган кишилар бор. Aллоҳ эса покланувчиларни севар." (Тавба сураси, 108-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари покиза зот бўлганлар ва кўплаб ҳадисларда покизаликка тарғиб қилганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Aлбатта Aллоҳ гўзалдир, гўзалликни севади, покизадир, покизаликни севади, карамлидир, карамлиликни севади, ўта сахийдир, ўта сахийликни севади." (Термизий ривояти).
Ойша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ўн нарса фитратдан (соф табиатдан)дир. Мўйлабни қисқартириш, соқолни ўстириш, мисвоқ, бурунга сув олиб тозалаш, тирноқларни олиш, бўғимларнинг бужмайган жойларини ювиш, қўлтиқ тукини юлиш, қовоқ тукини қириш, истинжо қилиш ва Мисъаб, ўнинчисини унутдим, оғизни чайиш бўлса керак", - дедилар.
(Имом Бухорий ривояти)
Aллоҳ барчамизни покликка интилувчи, дуою ибодатлари қабул бўлгувчилардан айласин. Aмин!!!
Бухоро вилоят Шофиркон туман отинойиси
Йўлдошова Ойнисо